Таниқли онколог шифокор, профессор Ғолиб Ҳакимов қарийб 2 йил олдин суд ажрими асосида соғлиқни сақлаш вазирининг буйруғи билан Республика ихтисослаштирилган онкология ва тиббий радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Тошкент шаҳар филиали бош шифокори лавозимидан четлатилган. Бунга профессор раҳбарлик қилаётган шифохонада бўлим бошлиғи бўлиб ишловчи Алишер Мингбоевнинг ижтимоий тармоқларга қилган чиқиши ортидан филиал мансабдор шахсларига жиноий иш қўзғатилгани сабаб бўлган. Ўшанда Алишер Мингбоев Ғолиб Ҳакимов бошчилигидаги бир гуруҳ шахсларни коррупцияда айблаган, қарши тараф эса бу туҳмат эканини айтганди.

Алишер Мингбоевнинг ижтимоий тармоқлардаги чиқиши ортидан Чилонзор тумани прокуратураси 2021 йил 12 феврал куни Тошкент шаҳар онкология маркази мансабдорларига жиноий иш қўзғатади. Дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилиб, 2021 йил 22 феврал куни филиал бош шифокори Ғолиб Ҳакимовга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 2-қисми “г” банди билан айблов эълон қилинган ҳамда суднинг ажрими билан у лавозимидан четлаштирилган.



Жиноят иши 2022 йил 1 феврал куни ҳаракатдан тугатилиб, профессорга қўйилган айблов ва эҳтиёт чоралари бекор қилинган.

Ғолиб Ҳакимовга қўлланган эҳтиёт чоралари, жумладан жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани судининг ажримига асосан лавозимидан четлаштирилиши бекор қилингач, у ўз ишига қайтиши керак эди. Аммо бундай бўлмади: профессор лавозимига қайтиш йўлида кўплаб тўсиқларга учради. Соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаев ишни чигаллаштиравергач, вазиятга Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги аралашган: вазир ўринбосари номидан Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари номига хат чиқарилиб, профессорни ўз лавозимига қайтариш сўралган. Лекин бундан ҳам натижа чиқмаган: профессорни ишга тиклаш ҳақидаги буйруқ вазир Бехзод Мусаевнинг иш столида имзо кутиб ётаверган.






















