Жаҳон | 14:54 / 26.12.2022
10731
3 дақиқада ўқилади

Украина ташқи ишлар вазири: РФни ядросизлантириш масаласи Ғарб учун ёпиқ мавзу бўлишдан тўхтади

Россиянинг БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзоси бўлиб қолишга ва умуман, Бирлашган миллатлар ташкилотида бўлишга ҳаққи йўқ, деди Украина ташқи ишлар вазири Кулеба.

Дмитрий Кулеба / Фото: Reuters

Украина 26 декабрь куни Россиянинг келажакда БМТ Хавфсизлик кенгашида иштирок этиши масаласини кўтаришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда кеча миллий телемарафон эфирида Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба маълум қилди. «Эртага биз расман бу позицияни кўтарамиз. Саволимиз жуда оддий: Россия БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзоси бўлиб қолиш ва умуман Бирлашган миллатлар ташкилотида бўлиш ҳуқуқига эгами? Бизда ишончли ва асосли жавоб бор – йўқ», деб таъкидлади Кулеба.

Украина вазирининг сўзларига кўра, Россия Украина билан урушда мағлубиятга учрагач, унинг тақдири нима бўлиши, унинг ядросизланиши масаласи Ғарб дипломатияси учун ёпиқ мавзу бўлишдан тўхтади. «Бу масалалар ҳозирча матбуот анжуманларида ва давлат ва ҳукумат раҳбарларининг оммавий баёнотларида муҳокама қилинмаяпти, лекин пастроқ даражада гапириляпти. Россия тинчлик ва хавфсизликка таҳдид солмаслиги учун қандай бўлиши кераклиги ҳақида фикр алмашилмоқда», деди Кулеба.

Украина президенти Володимир Зеленский аллақачон халқаро ҳамжамиятни Россияни БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзолигидан маҳрум қилишга ва уни барча халқаро ташкилотлардан чиқариб ташлашга чақирган. 27 сентябр куни БМТ Бош ассамблеяси йиғилишида сўзлаган нутқида у Москванинг халқаро ҳуқуқ ва тартибни бузиши мумкин бўлган бешта ҳаракатини келтирди, улар орасида, жумладан, ядровий шантаж ҳам бор. Зеленскийнинг сўзларига кўра, ядровий зарбалар билан таҳдид қилаётган давлат БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзоси бўлиб қола олмайди.

24 ноябрь куни Киев талаби билан чақирилган БМТ Хавфсизлик кенгашининг Украина бўйича фавқулодда йиғилишида Володимир Зеленский Россияни БМТ Хавфсизлик кенгашида овоз бериш ва Хавфсизлик кенгаши қарорларига вето қўйиш ҳуқуқидан маҳрум қилишга чақирди. Унинг таъкидлашича, «террорчи давлат» (бир кун олдин Европарламент Россияни терроризм ҳомийси сифатида тан олган эди) унинг «тажовузкорлиги ва террори» бўйича ҳеч қандай овоз беришда қатнашиш ҳуқуқига эга эмас.

Қўшма Штатлар Россияни БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзолигидан чиқариб юбормоқчи, аммо ҳозир бундай имкониятни кўрмаяпти, шунинг учун у халқаро платформаларда Москвани яккалаб қўйишга интилишда давом этади, деди Оқ уй матбуот котиби Карин Жан-Пьер 15 декабр куни.

Володимир Зеленскийнинг АҚШга ташрифидан олдин Вашингтон Украинага 1,85 миллиард доллар (1,74 миллиард евро) миқдоридаги янги ҳарбий ёрдам пакетини эълон қилди. Шунингдек, Киевга Американинг қуруқликдаги мобил зенит-ракета комплексининг ўрта масофага мўлжалланган ҳаво ва ракетага қарши мудофаа тизими батареяси тақдим этилгани тасдиқланди. Украина ҳарбийлари у билан ишлашга ўргатилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид