Kun.uz олдинроқ Японияга ишчи юбориш соҳасида коррупцион тизим ташкиллаштирмоқчи бўлишаётгани, 2020 йилда Ўзбекистондан Японияга ишга кетиш, жўнатилиш механизми қандай ташкиллаштирилгани ҳақида мақола эълон қилганди. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги мазкур мақолага расмий муносабат билдирди.
Таъкидланишича, республикада ҳар йили меҳнат бозорига 600 мингдан ортиқ янги ишчи кучи кириб келади. Меҳнат миграцияси географиясини кенгайтириш мақсадида дунёнинг ривожланган давлатлари ваколатли ташкилотлари ва салоҳиятли иш берувчилари билан доимий музокаралар ўтказилиб, самарали лойиҳалар йўлга қўйилмоқда.
Вазирликка кўра, 2021 йил 1 май куни вазирлик, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги, Япониянинг “Nippon Educational Academy” ҳамда “Япон тили ва касбий малака тест маркази” нодавлат тижорат ташкилоти ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланган:
“Мазкур меморандумга асосан вазирлик тизимидаги “Ишга марҳамат” мономарказлари биноларида япон тили ва касбий малака йўналишлари бўйича дарслар ташкил этиш учун таъсисчиси ва раҳбари Дилафруз Икромова ҳисобланган “Nippon Educational Academy” ва академия таъсисчилигида ташкил этилган “Япон тили ва касбий малака тест маркази”га аудитория ва ўқув жиҳозлари бепул ажратилган. Бугунги кунда академиянинг барча мономарказлардаги ўқув хоналари ўз фаолиятини давом эттириб келмоқда.
Академия томонидан бир йилда ўртача 2500 нафар фуқарони ўқитиш имконияти мавжуд. Бу борада фуқаролар учун қўшимча имкониятлар яратиш мақсадида жорий йилнинг декабрь ойидан вазирлик тизимидаги касб-ҳунар ўқув марказларида параллел равишда вазирлик томонидан ишлаб чиқилган дастурга асосан япон тили ва касбларга ўқитиш курслари ташкил этилди ва ОАВда мазкур ўқув курслари ҳамда Японияга ишлаш учун кетиш тартиби тўғрисидаги маълумотлар бериб борилмоқда. Бугунги кунда ушбу ўқув курсларига 382 нафар фуқаро жалб этилган.
Шу ўринда баъзи рақамлар таҳлилини келтирсак: Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси хисобидан академияга жорий йил 1 декабрь ҳолатига 1 млрд 265 млн 228 минг сўм маблағ тўлаб берилган. Академия томонидан йўлланма асосида жами 1053 нафар (2021 йилда 302 нафар ва 2022 йил 9 ойи давомида 751 нафар) фуқаро япон тили ҳамда қишлоқ хўжалиги ишчиси ва қарияларни парваришловчи касбларига ўқитишга жалб қилинган. Шулардан 255 (2021 йилда 185 нафар ва 2022 йилнинг 9 ойи давомида 70 нафар) номзод япон тили ва касбий малака курсларини тамомлаб, уларга Япониянинг “Nippon Academy” таълим ташкилоти сертификати топширилган.















