Ўзбекистон | 13:08 / 29.12.2022
11152
2 дақиқада ўқилади

Президент мактабдаги фанлар сонини қисқартиришни таклиф қилди

Таълим сифатида оширишга бағишланган учрашувда Шавкат Мирзиёев мактаблардаги ҳозирги фанларни қисқартириб, ўрнига замонавий фанларни кўпайтириш кераклиги ҳақида гапирди. “Негадир биз қисқартиришдан қўрқамиз”, – деди президент тадбир давомида.

Фото: Президент матбуот хизмати

Дастлаб Мирзиёев 10 мингдан кўпроқ мактабдан 842 тасининг битирувчиси ОТМ кирмагани ҳақида гапирди.

“Агар бирор фан замонавийликдан ортда қолса, уни сақлаб туришдан нима маъно бор? 10 мингдан ортиқ мактабдан 842 тасининг бирорта битирувчиси олий ўқув юртига кира олмаган. Буни қандай баҳолаш мумкин?

Биз “Болалар ёмон бўлиб кетди” деган фикрдан воз кечишимиз керак. Ўзимизга савол қўяйлик – уларни яхши қилиш учун нималар қилдик?! Барибир улар ўзимизнинг фарзандларимиз.

Сизлар билан бир тан-у бир жон бўлиб, жонажон Ўзбекистонимизнинг келажаги ҳақида ўйлашимиз шарт”, – деди Шавкат Мирзиёев.

Шунингдек, давлат раҳбари ота-оналарнинг таълимга бўлган муносабатини ўзгартириш ҳақида ҳам сўзлади.

“Уларнинг фарзандлар учун масъулиятини оширмагунимизча, ҳеч нарсага эриша олмаймиз.

Таълимга жиддий эътибор беришимиз, ҳар куни ўз устимизда ишлашимиз шарт.

Мана бир мисол – репетитор бир йилда болаларимизга тил ўргатади. Мактаб эса 10 йил ҳам ўргата олмаса, бу ҳолат бизни ўйлантириши керак”, — деди президент.

“Таҳликали замонда яшаяпмиз. Замон шуни талаб қиляптики, ҳар бир ҳаракатимиз, барча ислоҳотларимизнинг туб замирида таълим бўлиши керак.

Фарзандларимизнинг ўзлари талаб қиляпти, бизга кечаги таълим керак эмас, сифатли таълим керак дейишяпти. Сифатли таълим нима дегани? Бу — сифатли кадр дегани”, – деди президент.

Айни пайтда давлат раҳбарининг ўқитувчилар билан мулоқоти давом этмоқда.

Мавзуга оид