Ўзбекистон | 20:04 / 30.12.2022
8668
5 дақиқада ўқилади

Педагогика, чет тиллар, қишлоқ хўжалиги институтлари – 2022 йилда қандай янги ОТМлар очилди?

Тугаб бораётган йил давомида Ўзбекистонда 10дан ортиқ янги олий таълим муассасалари ташкил қилинди. Kun.uz уларни жамлади.

2022 йилда архитектура, педагогика, қишлоқ хўжалиги, ветеринария каби йўналишларда янги олийгоҳлар ташкил қилинди.

Aрхитектура

2022 йилда Тошкент архитектура-қурилиш институти Тошкент архитектура-қурилиш университети сифатида қайта ташкил этилиб, у муҳандислик, архитектура, қурилиш ва қурилиш материаллари технологиялари йўналишларига ихтисослаштирилди.

Мирзо Улуғбек номидаги Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти Мирзо Улуғбек номидаги Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университети сифатида қайта ташкил этилиб, маданий мерос объектларини тиклаш, дизайн, архитектура, қурилиш, урбанизация ва муҳандислик йўналишларига ихтисослаштирилди.

Уларга 2023 йил 1 январдан бошлаб академик, ташкилий ва молиявий мустақиллик берилади.

Педагогика

Ўтиб бораётган йилда педагогика йўналишида 10та ОТМ ташкил этилади. Тегишли қарорга кўра, ОТМ ва уларнинг бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари негизида Урганч, Наманган, Гулистон, Ўзбекистон-Финландия, Aндижон, Бухоро, Термиз, Шаҳрисабз, Чирчиқ, Жиззах давлат педагогика институтлари фаолият бошлади.

IT

“IT-Park University” рақамли университети ташкил қилинди. Университет масъулияти чекланган жамият шаклидаги нодавлат олий таълим ташкилоти ҳисобланади. Унда ахборот-коммуникация технологиялари, дастурий таъминотни ишлаб чиқиш, ахборот тизими ва компютер тармоқларини бошқариш соҳалари бўйича олий маълумотли кадрлар тайёрланади. Таълим фаолияти 2022/2023 ўқув йилидан бошланиб, талабаларни ўқитиш тўлов-контракт асосида амалга оширилади.

Қишлоқ хўжалиги

Бу йил Буюк Британия Қироллик қишлоқ хўжалиги университети (Royal Agriculture University) билан ҳамкорликда Тошкент шаҳрида Халқаро қишлоқ хўжалиги университети ташкил этилди. Университет Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Буюк Британия Қироллик қишлоқ хўжалиги университети томонидан таъсис этиладиган тўлиқ академик ва молиявий мустақил бўлган давлат иштирокидаги олий таълим муассасаси ҳисобланади. Университетда таълим грант ва тўлов-контракт асосида 2022/2023 йилдан қуйидаги йўналишларда олиб борилади.

–ақлли қишлоқ хўжалиги (Smart Agriculture);

–агрономия;

–биотехнология;

–агроиқтисодиёт;

–чорвачиликни ривожлантириш;

–озиқ-овқат хавфсизлиги:

–агрологистика.

Ветеринария

Самарқанд ветеринария медицинаси институти негизида Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети  очилган. Унда ветеринария, чорвачилик, биотехнология, агротехнология, агроиқтисодиёт тармоқлари учун олий маълумотли кадрлар тайёрланади.

Шунингдек, Қарши ирригация ва агротехнологиялар институтида 2022/2023  ўқув йилидан “Чорвачилик маҳсулотларини қайта ишлаш технологияси” таълим йўналишида кадрлар тайёрланади.

Кончилик

Навоий давлат кончилик институти Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети этиб қайта ташкил этилган. Университетда саноат, техника-технология, муҳандислик соҳалари учун олий маълумотли мутахассислар ва илмий-педагогик кадрлар тайёрланади.

Университет ҳузурида қуйидагилар ташкил этилди:

–Нукус кончилик институти;

–“Навоий” илмий-технология саноат парки;

–Кармана политехника техникуми;

–Ғозғон политехника техникуми.

Техникумларда саноат, кончилик, металлургия, машинасозлик, қурилиш, энергетика, электротехника, хизмат кўрсатиш йўналишларида кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилади.

Тўқимачилик

Бу йўналишда Наманган тўқимачилик саноати институти ташкил этилди. Институтда ўқув жараёни 2023/2024 ўқув йилидан бошланади ва кредит-модул тизими асосида ташкил этилади. 2024/2025 ўқув йилига қадар Институт ҳузурида тўқимачилик технопарки фаолияти йўлга қўйилади.

Чет тиллари бўйича

Чет тиллари бўйича Исҳоқхон Ибрат номидаги Наманган давлат чет тиллари институти ташкил этилди. Институт юридик шахс мақомига эга давлат ОТМ ҳисобланади. Ўқув жараёни 2022/2023 ўқув йилидан бошланди.

2023/2024 ўқув йилидан Институтнинг бакалавриат таълим йўналишларига кириш имтиҳонларида фанлар мажмуасидаги чет тили фанидан 4 та кўникмани (тинглаб тушуниш, ўқиш, ёзиш ва гапириш) баҳолашга қаратилган касбий (ижодий) имтиҳон ўтказилади. Бунда:

чет тили фанидан касбий (ижодий) имтиҳон ДТМ томонидан амалга оширилади;

– чет тили бўйича Б2 ва ундан юқори даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган халқаро тан олинган сертификатга эга абитуриентларга ушбу фандан ўқишга кириш синовларида касбий (ижодий) имтиҳонсиз максимал балл берилади.

Маълумот учун, Ўзбекистонда айни дамда давлат, хусусий ва хорижий ОТМларни қўшиб ҳисоблаганда 198 та олийгоҳ фаолият юритади.

 

Мавзуга оид