XX асрда 70 йил яшаган СССР Ғарб давлатлари билан иқтисодий соҳаларда рақобат қила олмаган. Советлар улар билан асосан қуролланиш, космосни ўзлаштириш ва КГБ томонидан кенг қамровда ўтказилган махфий операциялар бўйича кескин рақобат олиб борган.

Ғарб махфий хизматлари совет жосусларини, КГБ эса ғарбликларни ўз томонига оғдиришга уринган. Агар тарихга назар ташланса кўпроқ КГБ ходимлари Ғарбга қочиб кетганини кўриш мумкин.

Айрим ҳолларда Ғарбга қочишни хоҳласа-да СССР тарқаб кетгунча бунинг имконини қила олмаган ходимлар ҳам учраган. КГБ майори Василий Митрохин ана шулардан бири эди.

Митрохин ҳеч қачон ўта махфий операцияларда, турли қўпорувчилик ҳаракатларида иштирок этмаган. Аммо унинг қўлида КГБнинг жуда кўп махфий маълумотлардан иборат архиви бор эди.

1970-йилларда Митрохин КГБ бош бошқармасининг архив бўлимини янги бинога кўчириш учун масъул бўлади. Ўшанда вазиятдан фойдаланган Митрохин махфий маълумотларни кўчиради, нусха олади ва биринчи бош бошқармадан яширинча олиб чиқади. СССР тарқагач уларни Британия махфий хизматларига беради. Натижада жуда катта сиёсий можаролар келиб чиқади.

Хрушчевнинг машҳур нутқидан кейин ўзгарган Митрохин

Василий Митрохин 1922 йилда Рязан вилоятида туғилади. Мактабни битиргач Қозоғистон давлат университетининг ҳуқуқшунослик факультетида таҳсил олади ва урушдан сўнг Харковда ҳарбий прокурор бўлиб ишлай бошлайди.

1948 йилда Алоқа қўмитасида (1947-1951 йиллар оралиғида совет ташқи разведка қўмитаси шундай номланган) иш бошлайди.

1953 йил 5 март куни Сталин вафот этади. Унинг ўрнига СССР раҳбари бўлган Хрушчев мамлакатда ислоҳотларни бошлайди. Сталин даврида ноҳақ жазоланганларнинг иши қайта кўриб чиқилади.

Қисқа вақтда миллионлаб инсонлар қамоқдан озод қилинади. НКВД ҳибсхоналарида ва қамоқхона лагерларида вафот этганлар оқланади. Шу билан бирга Сталин тузумининг қонхўр ижрочилари бўлган шахслар – Берия ва унинг қўл остидагилар жазоланади.

1956 йилда ўтказилган КПСС XX съездида СССР раҳбари Хрушчев «Шахсга сиғиниш ва унинг оқибатлари тўғрисида» нутқ сўзлайди ва шу ерда Сталинни «қонхўр ва ваҳший эди» дейди.

Хрушчевнинг Сталин қатағонлари ҳақидаги гаплари кўп инсонлар қатори КГБ ходими Василий Митрохинга ҳам қаттиқ таъсир қилади. Шундан сўнг у коммунистик тузумни ёмон кўриб қолади ва Ғарбга қочишни режалаштиради. Аммо бу иш осон эмасди.

Ўша машҳур съезддан бироз ўтиб Митрохинни Яқин Шарққа жўнатишади. 1960-йиллар бошида у советлар таъсир доираси остида бўлган Германия демократик республикасига юборилади.