Жаҳон | 10:47 / 02.01.2023
10607
3 дақиқада ўқилади

Мексика шимолидаги қамоқхонага ҳужум оқибатида 14 киши ҳалок бўлди

Сюдад-Хуаресдаги қамоқхонага қуролланган шахслар ҳужум қилди, 24 маҳбус қочиб кетди. Қўшма Штатлар билан чегарадош шаҳар хавфсизлик кучлари ва наркотик картеллар ўртасидаги қарама-қаршилик туфайли дунёдаги энг хавфли бешта шаҳардан бири ҳисобланади.

Фото: Christian Chavez/AP

1 январь, якшанба куни Мексиканинг Сюдад-Хуарес шаҳридаги қамоқхонага уюштирилган ҳужумда камида 14 киши – ўн нафар хавфсизлик хизмати ходими ва тўрт нафар маҳбус ҳалок бўлди. Яна 13 киши жароҳатланган, дея хабар беради маҳаллий прокуратура вакиллари.

Босқинда зирҳли транспорт воситаларидаги қуролланган одамлар иштирок этди ва ҳужум пайтида муштлашув келиб чиққан қамоқхонадаги вазият фақат беш соатдан кейин назоратга олинди. Тўқнашувлар вақтида 24 маҳбус жазони ўташ муассасасидан қочиб кетган.

Қамоқхонага ҳужумдан сал аввал яқин атрофдаги полиция бўлимига ҳужум қилингани маълум бўлди. Машинани таъқиб қилиш амалга оширилганидан сўнг тўрт киши қўлга олинди ва уларнинг йўлтанламаслари мусодара қилинди. Расмийларга кўра, яна икки қуролланган одам кейинроқ шаҳарнинг бошқа ҳудудида ҳуқуқ-тартибот ходимларига таҳдид қилгани туфайли машинада отиб ўлдирилган. Прокурорлар учта ҳодисанинг ўзаро алоқадорлигига аниқлик киритмади.

Мексика ва АҚШ чегараси яқинидаги Чихуаҳуа штатида жойлашган Сюдад-Хуарес ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ва ўзаро рақиб бўлган «Синалоа» ҳамда «Хуарес» наркокартеллари ўртасидаги тўқнашув жойига айланди. Дунёдаги энг кўп қотиллик содир бўлган шаҳарлар рўйхатида Сюдад-Хуарес, сўнгги маълумотларга кўра, йилига 100 000 аҳолига 85 та эпизод билан бешинчи ўринни эгаллайди. 2010-йилларнинг охирида у сайёрадаги энг хавфли шаҳар эди.

Қамоқхонанинг ўзида ҳам бир неча бор тўқнашувлар содир бўлган. Август ойида рақиб тўдалар ўртасидаги тўқнашувда у ерда бир неча маҳбус ҳалок бўлган. 

2022 йилнинг ёзида мамлакатнинг собиқ бош прокурори Хесус Мурильо Карам Мексикада ҳибсга олинди - у одамларнинг ғойиб бўлиши, қийноқлар ва одил судловга қарши жиноятларга алоқадорликда гумон қилинмоқда. Карам 2014 йилда 40 дан ортиқ мексикалик талабаларнинг ғойиб бўлиши бўйича биринчи терговни бошқарган. Кейинроқ мамлакат расмийлари жасадлар топилмаган бўлса-да, уларни ўлган деб эълон қилди. 

Бундан ташқари, Мексика ОАВ ходимлари учун дунёдаги энг хавфли давлатлардан бири ҳисобланади. Халқаро журналистлар федерацияси маълумотларига кўра, 2022 йилда Мексикада 11 нафар оммавий ахборот воситалари ходими ўлдирилган. 

Мавзуга оид