Мексикада савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги ходимларга иш жойида ўтириш ҳуқуқини берувчи янги қонун қабул қилинди, деб хабар беради Bild.

Қайд этилишича, энди кассирлар, сотувчилар ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги бошқа ходимлар суяниш мумкин бўлган стулдан фойдаланиши ёки смена вақтида мунтазам танаффусга чиқиши мумкин.

Қонун иш берувчига олти ой муддатда иш зоналарини стуллар билан жиҳозлаш мажбуриятини юклайди. Агар иш тури ходимга ўтириш имконини бермаса, компаниялар иш жадвалига мажбурий танаффусларни киритиши керак. 

Мазкур талабни бузганлар 13 минг еврогача жаримага тортилади, қонунбузарлик қайта такрорланса, инспекция томонидан қўшимча назорат ўтказилади. 

Янги қонунни илгари сурган депутатлардан бири Патрисия Меркадонинг таъкидлашича, «ҳеч ким бутун иш куни давомида тик оёқда турмаслиги керак». Статистикага кўра, мексикалик ишчиларининг деярли ярми ўз сменаларини тик оёқда ўтказади, айримларида эса танаффус олиш имконияти ҳам йўқ.