Жаҳон | 12:57 / 02.01.2023
8521
3 дақиқада ўқилади

Европа Иттифоқи кенгашига раислик қилиш ҳуқуқи Швецияга ўтди

Ярим йиллик ротация жараёнида Европа Иттифоқи кенгаши раислигининг ваколатлари Чехиядан Швецияга ўтди. Швеция аллақачон Украинани қўллаб-қувватлашда давом этишини эълон қилди.

Фото: Shutterstock

1 январь, якшанба куни Европа Иттифоқи кенгашига раислик қилиш ҳуқуқи Швецияга ўтди - Скандинавия мамлакати бу лавозимда Чехияни ҳар олти ойда бир марта ўтказиладиган режалаштирилган ротация вақтида алмаштиради.

Октябрь ойидан бошлаб Швецияда янги ҳукумат иш бошлади, у мамлакатда миграция сиёсатини кучайтириш тарафдори бўлган маҳаллий демократлар томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Бу ушбу соҳада ва Европа Иттифоқи даражасида муроса топишни қийинлаштириши мумкин, дея қайд этади AFP.

Бундан ташқари, Швеция АҚШ президенти Жо Байден томонидан Қўшма Штатлар саноати учун тасдиқланган «экологик субсидиялар» билан боғлиқ ҳолда АҚШ билан муҳокамада ЕИ номидан иштирок этиши мумкин. Европа Иттифоқидаги танқидчилар америкалик рақобатчиларни қўллаб-қувватлаш шароитида маҳаллий фирмалар рақобатбардошлигини йўқотиб қўйишидан хавотирда, бунда зарар кўлами 400 миллиард еврони ташкил қилади.

Аввалроқ Стокҳолм ЕИ раислигининг устувор йўналишлари – хавфсизлик, барқарор ривожланиш, «яшил» энергетикага ўтиш ва демократик қадриятларни эълон қилган эди. «Швеция Европа Иттифоқи кенгашига аъзо давлатлар ва бутун иттифоқ учун тарихий муаммолар юзага келган бир пайтда раисликни ўз зиммасига олмоқда. Россиянинг Украинага ноқонуний, қабул қилиб бўлмайдиган ва асоссиз бостириб кириши Европа хавфсизлигига таҳдид бўлиб, у миграция, шунингдек, глобал озиқ-овқат таъминоти ва энергия ташувчилар учун даҳшатли оқибатларга олиб келади», деб маълум қилди Скандинавия мамлакати расмийлари.

Стокҳолм фикрича, Украинадаги уруш фонида ишончли шериклар, жумладан, кучли трансатлантик алоқалар билан доимий ҳамкорликни таъминлаш зарур. Швеция Киевга иқтисодий ва ҳарбий ёрдамни биринчи ўринга қўйишга, шунингдек, Украинани Европа Иттифоқига кириш йўлида қўллаб-қувватлашга ваъда берди.

2009 йилдаги муваффақиятсиз тажрибадан кейин илк бор Европа Иттифоқи кенгашига раислик қилган Чехия нафақат Украинани фаол қўллаб-қувватлади, балки россияликларга Шенген визаларини беришни чеклаш масаласини Европа Иттифоқи кенгаши муҳокамасига олиб чиқди. Кўп ўтмай, Шенген зонаси мамлакатлари Россия билан виза беришнинг соддалаштирилган тартиби тўғрисида тузилган шартномани бекор қилди.

Барқарор ривожланиш ҳақида гапирар экан, Швеция расмийлари Украинадаги уруш ва Россия томонидан энергия таъминотида давом этаётган манипуляция Европа иқтисодиётига жиддий таъсир кўрсатганини таъкидлади. Бироқ, бу Европа Иттифоқини янада экологик тоза иқтисодий ривожланиш вариантларига ўтиш йўлида тўхтатмаслиги керак, дея маълум қилди расмий Стокҳолм.

Мавзуга оид