Болгария Туркиянинг газ узатиш тармоғидан фойдаланиш ҳуқуқини қўлга киритди
Болгариянинг «Булгаргаз» ва Туркиянинг «Боташ» ширкати 13 йиллик шартнома имзолади. Битим Софияга Россиядан газ етказиб беришни алмаштиришга ёрдам беради.
Болгария узоқ муддатли шартнома асосида суюлтирилган табиий газ (СТГ) терминаллари ва Туркиянинг табиий газ узатиш тармоғига кириш ҳуқуқини қўлга киритди. Болгариянинг давлат газ ширкати "Булгаргаз" ва "Боташ" турк газ транспорт компанияси 3 январь, сешанба куни 13 йиллик муддатга шартнома имзолади.
Ҳужжат Софияда икки компания раҳбарияти, шунингдек, Болгария техник ҳукумати энергетика вазири Росен Христов ва Туркия энергетика ва табиий ресурслар вазири Фотиҳ Дўнмез иштирокида қабул қилинди.
Христовнинг сўзларига кўра, келишув Болгарияда СТГни тушириш учун етарли инфратузилма йўқлиги муаммосини ҳал қилади.
«Ушбу келишув туфайли биз бутун дунё бўйлаб ишлаб чиқарувчилардан газ сотиб олиш ва Туркия ҳудудига тушириш имкониятини яратамиз», деди у. Шундан сўнг Болгарияга хомашё "Боташ" тармоғи орқали етказиб берилади.
Россиянинг Украинадаги ҳарбий ҳаракатларидан олдин Болгария деярли бутунлай рус газига қарам эди. Амалдаги келишув Туркиядан Софияга йилига 1,5 миллиард куб метргача табиий газ етказиб беришни назарда тутади.
2022 йил апрель ойида Россия Софияга газ етказиб беришни тўхтатди. Болгария Европа Иттифоқи давлатларини рус гази учун рублда тўламасликка чақирган Европа комиссиясининг йўналишига эргашди, рублда тўловларни амалга оширишни эса Россия президенти Владимир Путин талаб қилди.
Болгария Озарбойжондан газ сотиб олган Европа Иттифоқининг учта давлатидан бири эди. «Интерфакс» 2022 йил августида хабар қилганидек, IGB (Interconnector Greece-Bulgaria) қувурининг ишга туширилиши Болгарияга Озарбойжондан газ олишни йилига 1 миллиард куб метргача ошириш имконини бериши керак эди. Софиянинг қолган йилига 3 миллиард куб метрдан кўпроқ эҳтиёжи Грециядан СТГ импорти ҳисобига қопланиши керак эди.
Россия Федерациясининг Украинада ҳарбий ҳаракатлар бошлаганидан сўнг, кўплаб Европа давлатлари Россиядан энергия манбаларидан фойдаланишдан бутунлай воз кечиш ва уларни бошқа минтақалардан етказиб бериш билан алмаштиришни мақсад қилиб қўйишди.
Мавзуга оид
10:20 / 30.10.2024
Зангиотада газдан ноқонуний фойдаланган шахслар ушланди
15:54 / 29.10.2024
Тошкент туманидаги қарийб 43 минг хонадонда номаълум муддатга газ ўчирилади
16:23 / 28.10.2024
Туркманистон Россияга газ етказиб беришни тўхтатди
12:50 / 28.10.2024