Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Мақсадимиз - туман салоҳиятини ошириш” – Ховосда янги лойиҳалар бошлаган “Замон текс”
Сирдарё вилояти Ховос туманидаги ташландиқ ерда барпо этилган пахта тозалаш заводи ва уни йўлга қўйган “Замон текс” пахта тўқимачилик кластери фаолияти билан танишдик.



Мазкур корхона Андижон вилояти Шаҳрихон туманида бундан беш йил муқаддам ўз фаолиятини бошлаган. Республиканинг чекка туманларини ривожлантириш, аҳолини иш билан таъминлаш мақсадида Ховосда пахта-тўқимачилик саноатида кенг қамровли ишларни амалга оширмоқда.
Туман 1996 йилда ташкил этилган бўлса, шу даврга қадар бу ерда пахта тозалаш заводи бўлмаган. 2021 йилда "Замон текс" пахта тўқимачилик кластери томонидан қурилиши бошланган пахта тозалаш заводи 5 ой давомида 25 млрд сўм маблағ эвазига барпо этилди. Айни пайтда заводда 3 сменали жадвал асосида иш қизғин олиб борилмоқда. Ҳар бир сменада 60 нафардан ортиқ ишчи-ходим фаолият юритади. Улар учун транспорт, 5 маҳал овқат ташкил қилинган. Қувонарлиси, завод ишчиларининг 65 фоизини хотин-қизлар ташкил этади.




“Уйимизгача автобусда олиб бориб, олиб келишади. Ойликларни ўз вақтида оламиз, ҳар ойда ишимизга қараб мукофот пули берилади. Иш жойимизда овқатланиш, махсус кийим билан таъминланганмиз”, – дейди Маҳфуза Саидвалиева.
Кластер раҳбари Ойбек Пўлатовнинг айтишича, ҳозир заводда 200 нафар ишчи-ходим фаолият юритади:
“Корхонамиз пахта-тўқимачилик кластери бўлиб, асосий фаолиятимиз пахтани қайта ишлаш. Ҳозирги кунда корхонамизда 200 нафар ишчи-ходим ишлайди. Уларнинг ўртача маошлари 2 млн 200 минг сўмдан бошланади. Мукофот пуллари билан 3,5-4 млнгача маош олишади.
2023 йилда 33 млн еврога Швейцариянинг “Ретер” корхонасидан янги дастгоҳлар сотиб олишни режалаштирганмиз. 2023-2024 йилларда ўз олдимизга дастур қўйганмиз. Шу дастур асосида 2023 йил калава ишлаб чиқариш корхонамизни ишга туширамиз. Бу билан яна 450 та иш ўрни яратилади ва экспорт учун йўл очилади. Бундан ташқари мато тўқиш, бўяш корхоналари очиш бўйича ҳам шартнома қилганмиз. Икки йил давомида шу корхоналарни қуриб, ишга тушириб 2000 тагача иш ўрни яратишни мақсад қилганмиз.


Бу корхоналарни ишга тушириш билан бирга туманда “Темир дафтар”да турган хотин-қизларни ва ишсиз аҳолини иш билан таъминлашни ҳамда туманнинг салоҳиятини оширишни кўзда тутганмиз”, – дейди кластер раҳбари.
"Замон текс" кластери Ховос туманидаги фермерлар фаолияти самарадорлигини ошириш ва улар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида янги йўналишни танлади. Йил давомида меҳнат қилган фермерларни рағбатлантириш учун мукофот тарзида пахта маҳсулдорлигини 30 центнердан оширган фермер хўжаликларига Ҳаж ва Умра сафарларига кластер ҳисобидан йўлланма тақдим этмоқда. Бу эса фермер хўжаликлари аъзоларининг ўз ишига янада иштиёқини оширади.


Корхона йилдан йилга ўз экспорт салоҳиятини ошириб боришни мақсад қилган. "Замон текс" кластери 2023 йилда 10 млн долларлик, 2024 йилда 30 млн долларлик экспортни амалга оширишни режалаштирган.
Реклама ҳуқуқи асосида