Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
БМТ Еленовкадаги портлашни тергов қилиш миссиясини тарқатиб юборди
Еленовкадаги колонияда украиналик ҳарбий асирларнинг ўлимини текшириш бўйича БМТ миссияси хавфсизлик кафолатлари йўқлиги сабабли тарқатиб юборилишига қарор қилинди.
Бирлашган миллатлар ташкилоти бош котиби Антониу Гутерриш Еленовкадаги колонияда украиналик ҳарбий асирларнинг ўлими ҳолатларини ўрганиш бўйича тузилган БМТ миссиясини тарқатиб юборишни буюрди, деб хабар беради Reuters 5 январь, пайшанба куни. Қарор миссия иштирокчилари хавфсизлиги учун зарур кафолатлар ва «миссияни жойида жойлаштириш учун зарур бўлган шарт-шароитлар» йўқлиги туфайли қабул қилинди, деб тушунтирди БМТ вакили Стефан Дюжаррик.
Фаол уруш зонасида бундай «қийин, нозик ва хавфли миссия ҳар икки томондан хавфсизлик ва у ерда бўлишнинг аниқ кафолатларини» талаб қилади», деди у. «Биз уларни олгандек ҳис қилмадик», деди Дюжаррик, қайси томон кафолатлари ҳақида гапираётганини аниқлаштирмай.
«Биз келажакда керакли шароитлар пайдо бўлишига умид қилишимиз мумкин ва албатта, тегишли хавфсизлик кафолатлари борлигини ҳис қилишимиз биланоқ, жамоани қайта йиғишга тайёрмиз», деди БМТ вакили.
Ўтган йилнинг июль ойи охирида ўзини «ДХР» деб атаган ҳудудда жойлашган Еленовка қишлоғидаги собиқ 120-сонли ахлоқ тузатиш колонияси казармаларидан бирида портлаш содир бўлган эди. Ўша пайтда колонияда украиналик ҳарбий асирлар сақланган. Портлаш оқибатида 53 киши ҳалок бўлди, 73 киши яраланди.
Россия ва Украина портлашда бир-бирини айблади. Москванинг даъво қилишича, маҳбуслар Украина томонидан Американинг HIMARS ялпи ўт очиш реактив тизимидан берилган ракета зарбаси натижасида ҳалок бўлган. Киев буни қатъиян рад этди ва портлаш колония ичида термобарик қурол – ҳавога аэрозоль пуркайдиган, сўнгра алангаланадиган ва портлатиладиган ўқ-дориларни қўллаш натижасида содир бўлган, деб ҳисоблади.
Американинг CNN телерадиокомпанияси август ойида ўз текшируви натижаларини эълон қилди. У билан суҳбатлашган экспертлар Еленовкадаги ҳужумдан олдин ва кейин мавжуд бўлган видео ва фотосуратларни таҳлил қилиб, воқеаларнинг русча версияси ўйлаб топилгани, бинонинг HIMARS ракетаси билан урилгани эҳтимоли деярли йўқ эканини айтишди.