Жаҳон | 14:29 / 07.01.2023
13874
2 дақиқада ўқилади

Россия давлат компанияларидан уруш учун фойданинг 50 фоизи олиб қўйилиши мумкин

Россия ҳукумати давлат компаниялари, кўмир қазиб олувчилар ва ўғит ишлаб чиқарувчилардан кўпроқ пул олишга, шунингдек, мудофаадан ташқари бюджет харажатларини қисқартиришга ҳаракат қилмоқда, деб хабар беради Bloomberg.

Михаил Мишустин / Фото: Reuters

Bloomberg агентлигининг 6 январь, жума куни хабар беришича, Украинага қарши урушга сарфланадиган харажатлар ортиб бораётгани сабабли Россия ҳукумати ўғит ишлаб чиқарувчи ва кўмир қазиб олувчи компаниялардан «бир марталик тўлов» олишга, шунингдек, мудофаадан ташқари харажатларни қисқартиришга қарор қилди. Унга кўра, бу ҳақда Россия бош вазири Михаил Мишустин томонидан декабрь ойи ўрталарида тайёрланган ҳужжатда айтилган. У ҳақида расман ҳеч нарса маълум эмас. 

Агентлик манбаларига кўра, Россия ҳукумати давлат компаниялари учун соф фойданинг 50 фоиздан ортиқ миқдорида дивидендлар белгилаш ниятида ва бу чора доимий эмас, бир марталик бўлиши керак. Манбаларга кўра, ҳукуматдаги компаниялардан дивидендлар ундириш миқдори бўйича қарор ҳали қабул қилинмаган, бу 2022 йил якуни бўйича бюджет тақчиллиги қандай бўлишига боғлиқ. Бундан ташқари, ҳужжат гўёки мудофаа ва хавфсизлик билан боғлиқ бўлмаган бюджет харажатларини қисқартиришга ишора қилади, бунинг натижасида камида 150 миллиард рубль тежаш режалаштирилган. Хусусан, ижтимоий соҳа – таълим ва тиббиётга харажатлар қисқартирилади. 

Олинган маблағлар уруш сабаб бўлган харажатларни қоплашга йўналтирилиши режалаштирилган. Шунингдек, агентлик маълумотларига кўра, ҳужжатда Херсон вилоятидан 100 минг кишини Россияга мажбурий кўчириш учун қўшимча 175 миллиард рубль ажратиш ҳақида сўз боради. Bloomberg таъкидлаганидек, бу Кремлнинг Россия қўшинлари ноқонуний аннексия қилинганидан бир неча ҳафта ўтиб кузда тарк этган Херсон вилоятининг бир қисмини қайтаришга умиди камлигини аниқ тан олишдир. 

Россия Федерацияси ҳукумати ва Молия вазирлиги Bloomberg сўровига жавоб бермади. Агентлик буни Россиядаги янги йил байрамлари билан боғлаяпти.

Мавзуга оид