14:14 / 10.01.2023
5503

Bloomberg: Россия нефти бозор нархидан икки баробар арзонга сотилган

Фото: ТАСС

Ғарб Россия нефтига нисбатан санкциялар киритганидан кейин Хитой, Ҳиндистон ва Туркия ушбу хомашёнинг ягона йирик харидорлари бўлиб қолди, деб ёзади Bloomberg.

Россиянинг Urals маркали нефти 6 январь куни бир баррель учун 38 доллардан пастроқ нархда сотилди, бу бозор нархидан икки баробар арзон дегани, деб ёзади Bloomberg 9 январь, душанба куни. Бу Москванинг Украинадаги урушни молиялаштириш қобилиятини камайтириш учун "катта еттилик" томонидан келишилган Россия нефти нархининг чегарасидан пастроқдир.

Хомашё нархлари ривожланишини таҳлил қилувчи Argus агентлиги маълумотларига кўра, Россия экспортининг асосий қисмини ташкил этувчи Urals маркали нефт 6 январь куни Приморск портида бир баррель учун 37,80 доллардан сотилган бўлса, Brent нефти бир баррели шу куни 78,57 доллардан сотилди.

«Европа Иттифоқи санкциялари Россиянинг Хитой ва Ҳиндистонга қарамлигини оширишга олиб келди», деб таъкидлайди Bloomberg нашри. Агентлик маълумотларига кўра, айни дамда ушбу икки давлат, шунингдек, Туркия Россия нефтининг ягона йирик харидори ҳисобланади. Агентлик кузатувларига кўра, Россия Яқин Шарқдаги етказиб берувчилар билан рақобатлашиш учун ўз нефтини арзонроқ нархда сотишга мажбур.

Европа Иттифоқининг Россия нефтини денгиз орқали етказиб беришга қўйган эмбаргоси   2022 йил 5 декабрда кучга кирди. Худди шу куни "катта еттилик" мамлакатлари, Европа Иттифоқи ва Австралия томонидан белгиланган Россия нефтига нарх чегараси ишлай бошлади. Ўз навбатида, Россия шартномаларида нарх чегараси қўлланилиши назарда тутилган мамлакатларга хомашё сотилмаслигини эълон қилди.

Top