Жаҳон | 11:02 / 11.01.2023
2653
3 дақиқада ўқилади

Франция пенсия ёшини 64 ёшгача оширишни режалаштиряпти

Франция ҳукумати 2030 йилгача пенсия ёшини икки йилга ошириб, 64 ёшга етказиш режасини эълон қилди. Касаба уюшмалари оммавий норозилик намойишларига чақиришди.

Элизабет Борн / Фото: Bertrand Guay/POOL/EPA-EFE/Shutterstock

Франция ҳукумати мамлакатда пенсия ёшини икки йилга — 64 ёшгача ошириш ниятида. 10 январь, сешанба куни Парижда шунга ўхшаш режаларни эълон қилар экан, Франция бош вазири Элизабет Борн ислоҳотдан мақсад 2030 йилда мувозанатли пенсия тизимини таъминлаш эканлигини таъкидлади.

Мавжуд дефицитларнинг кенгайишига йўл қўйиш «масъулиятсизлик» бўларди, дея қўшимча қилди у. Ҳукумат прогнозларига кўра, Франция пенсия жамғармасидаги маблағлар тақчиллиги ўша вақтга келиб 20 миллиард еврони ташкил қилиши мумкин. Президент Эммануэл Макрон пенсия тизимини ислоҳ қилиш орқали сайловолди кампаниясидаги асосий ваъдаларидан бирини амалга оширмоқда.

Пенсия ёшини ошириш билан бир қаторда, ходимларнинг пенсия жамғармасига маблағ тўлашининг энг кам муддати 43 йилгача оширилиши керак. Бу ҳозиргача режалаштирилганидан тезроқ. Шу билан бирга, энг кам пенсия миқдори ойига 1200 еврогача ошади.

Ҳукуматнинг пенсия ёшини ошириш режаси касаба уюшмаларининг кескин танқидига учради. Бундай ҳаракат «барча ишлайдиган» французларга кучли зарба беради, дея огоҳлантирди улар. Касаба уюшмаларининг ҳисоб-китобларига кўра, режалаштирилган ўзгаришлар, айниқса, меҳнат фаолиятини эрта бошлаган ва умр кўриш давомийлиги ўртачадан паст бўлганлар учун оғриқли бўлади. «Бундай қаттиқ ислоҳотни ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди», - дейди касаба уюшмалари.

«Агар бу Эммануэл Макрон учун энг муҳим ислоҳот бўлса, биз учун бу ишчилар ҳуқуқлари учун энг муҳим кураш бўлади», деди Фредерик Суйо, Force ouvrière касаба уюшмаси вакили. Касаба уюшмалари томонидан уюштирилган оммавий норозилик намойишларининг биринчиси келаси ҳафтада, 16 январдан бошлаб Францияда бўлиб ўтиши кутилмоқда.

Айни пайтда Францияда ишлашда давом этаётган кексалар сони нисбатан кам.

Ўнг қанот популистик «Миллий иттифоқ» партияси тарафдорлари ҳам пенсия ислоҳотини «ортиқча» деб атади ва ҳозир пенсия жамғармаси мустаҳкам захирага эга эканлигини таъкидлади. Сўл сиёсатчилар ҳам ислоҳотни рад этиб, уни «ғайриижтимоий» деб атаяпти.

Агар пенсия ислоҳоти парламентда кўпчилик овозни қўлга кирита олмаса, бош вазир конституциянинг 49.3-бандидан фойдаланиши мумкин, бу агар ҳукуматга кейинчалик ишончсизлик вотуми чиқарилмаса, қонунни овоз беришсиз қабул қилиш имконини яратади.

Мавзуга оид