Россия Украинага қарши Су-57 самолётларидан эҳтиёткорлик билан фойдаланган. Бу қандай қурол?
Британия разведкаси Россия Украина билан урушда ўзининг энг илғор бешинчи авлод Су-57 қирувчи самолётларидан фойдаланаётганини маълум қилди. Бироқ бу самолётларнинг жанговар парвозлари катта эҳтимол билан фақатгина Россия ҳаво ҳудудида амалга оширилмоқда. Бунга россиялик ҳарбийларнинг Украина кучлари самолётни уриб туширган тақдирда махфий технологияларни душманга бериб қўйишдан қўрқиши сабаб бўлиши мумкин.
Британия разведкаси маълумотларига кўра, Су-57 Украинадаги жанговар ҳаракатларда ярим йилдан буён қатнашаётган бўлиши мумкин. Бу учоқ Россиянинг энг илғор бешинчи авлод, товушдан тез учувчи жанговар самолёти бўлиб, у яширин технология ва замонавий авионикага эга. Учоқ Сухово тажрибавий-конструкторлик бюроси томонидан ишлаб чиқилган.
Россиянинг бундай замонавий қуролни ишлаб чиқиши ҳақидаги гаплар 2000-йиллар бошларида бошланган бўлса ҳам, Су-57’нинг биринчи парвози 2010 йил январ ойида, Комсомолск-на-Амур шаҳрида амалга оширилган.
2017 йил декабрида қирувчи самолёт янги двигателлар билан осмонга кўтарилган, 2018 йил январ ойи охирида эса Су-57 қуролланган ҳолда уча бошлагани маълум бўлди.
Қирувчи самолёт узоқ ва яқин масофадаги жангларда барча турдаги ҳаво нишонларини йўқ қилиш, душманнинг ҳаво мудофаа тизимларини енгиб ўтган ҳолда ер ва ер усти нишонларини ўққа тутиш, шу билан бирга базадан туриб катта масофадаги ҳаво бўшлиғини кузатиш учун мўлжалланган, деб ёзади «Интерфакс» нашри.
Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу 2018 йилда янги Су-57 қирувчи самолётлари Сурияда синов дастуридан ўтганини айтганди. Бир неча ой ўтиб, Шойгунинг аниқлик киритишича, синовлар феврал ойида бўлиб ўтган ва синовлар давомида самолётлардан қанотли ракеталарнинг амалий учирилиши бажарилган.
Орадан бир йил ўтиб, президент Владимир Путин яқин келажакда 76 та Су-57 қирувчи самолётларини комплекс етказиб бериш бўйича шартнома имзоланишини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, 2028 йилга бориб аэро-космик кучларнинг учта авиация полки Су-57 билан тўлиқ қайта жиҳозланади.
Ҳозирда Россияда бундай қирувчилардан нечта борлиги номаълум. Британия разведкаси Ахтубинск авиабазасидаги бешта Су-57 самолётининг сунъий йўлдош тасвирларини эълон қилди.
«Бу самолётлар катта эҳтимол билан Украинага қарши операцияларда иштирок этган», дейди Британия ҳарбийлари.
(5/6) This is symptomatic of Russia’s continued risk-averse approach to employing its air force in the war.
— Ministry of Defence 🇬🇧 (@DefenceHQ) January 9, 2023
Британия разведкасига кўра, Россия Украинага қарши ҳаракатларда бу қирувчилардан жуда эҳтиёткорлик билан фойдаланади. Улардаги маълумотларга кўра, Су-57 билан операциялар Россия осмонида учиш ва Украина ҳудудига узоқ масофага учувчи «ҳаво-ер» ёки «ҳаво-ҳаво» ракеталарини отиш билан чекланган.
Украинага қарши урушда Су-57 қирувчиларидан фойдаланиш нимани англатади?
Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу Россия Украина билан урушда Су-57 қирувчи самолётларидан фойдаланаётгани ҳақида 2022 йил 21 август куни маълум қилганди. Аммо Британия Мудофаа вазирлиги ҳарбий разведкаси ўзининг кундалик ҳисоботида россияликлар бу самолётлардан камида июн ойидан бери фойдаланаётганини ёзган.
Разведка хабарига кўра, Россия Аэрокосмик кучлари Су-57 самолётларидан эҳтиёткорлик билан фойдаланмоқда. Самолётлар Украина авиацияси ёки ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари билан тўқнашишининг олдини олиш учун Россия учоқларни ўзи ҳудуди устида учирмоқда ва улардаги узоқ масофага ҳаракатланувчи ракеталарни учирмоқда.
Украина ва Россиянинг Европа қисмидаги ҳаво ҳолати НАТО давлатларининг ҳаво радарлари томонидан назорат қилинади. Шу сабабли, радарлардан қочиш технологиясидан фойдаланадиган энг янги рус самолётларининг Украина осмонида пайдо бўлиши Ғарб мамлакатлари учун жуда кўп муҳим маълумотларни тақдим этиши мумкин. Жумладан, қирувчининг имзоси, яъни унинг радар экранларида қандай кўринишини билиб олиш мумкин бўлади.
Тўғри, Ғарб бу самолётни 2018 йилда, Россия уни Сурияда ишлатганда ҳам ҳавода ўрганиши мумкин эди. Бироқ бу каби маълумотлар доим ҳам кўп бўлмайди.
Буюк Британия мудофаа вазирлиги ўз ҳисоботида ҳаво радарлари разведкаси маълумотларига эмас, балки ушбу қирувчи самолётлар жойлашган Ахтубинск аэродромининг сунъий йўлдошдан олинган суратларига ҳавола берган. Бироқ баёнотда бу самолётлар июн ойидан бери парвоз қилаётгани айтилган, демак самолётларнинг парвозлари ҳам кузатилган.
Самолётнинг осмонда «кўриниши» хавфини Россия, учоқни жанговар самолётлар ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларига эга душманга қарши синовдан ўтказиш имконияти орқали қоплаши мумкин.
Бундай синовлар қирувчи самолётнинг турли тизимларни синаб кўришга ёрдам беради. Масалан, радиолокация мажмуаси, радиоэлектрон кураш ускуналари, алоқа воситалари, қуролларни бошқариш тизими ҳамда унинг бошқа самолётлар билан ўзаро ҳамкорлиги қобилиятини ишлаб чиқиш каби. Су-57’нинг ҳозирда эҳтиёткорлик билан қўлланиши ва Россия ҳудудидан туриб зарбалар бериши, унинг келажакда янада дадилроқ вазифаларда қўлланмаслигини англатмайди.
Бундан ташқари, янги самолётни ҳақиқий урушда қўллаш орқали Россия унинг бозордаги мақомини ҳам оширади. Ҳақиқий жангларда ишлатилган қуроллар фақат полигон шароитида синовдан ўтказилган қуроллардан юқорироқ баҳоланади.
Россия бешинчи авлод қирувчи самолётларини ишлаб чиқиш дастурини оммавий ишлаб чиқаришга татбиқ қилган кам сонли давлатлардан бири. Гарчи, ҳисоб-китобларга кўра, ҳозиргача Россияда бундай қирувчи самолётларнинг атиги 15 таси қурилган бўлса-да (таққослаш учун, АҚШда 195 дона икки двигателли бешинчи авлод F-22 қирувчи самолётлари ишлаб чиқарилган).
Мавзуга оид
00:11
Зеленский: Трампнинг жамоаси билан уруш тезроқ тугайди
22:30 / 15.11.2024
Трамп жамоаси билан Украинадаги уруш тезроқ тугайди — Зеленский
19:41 / 15.11.2024
Россия колоннаси Купянскка ёриб кирган, аммо Украина уни яксон қилганини айтмоқда. Нималар маълум?
10:11 / 15.11.2024