Жаҳон | 00:11
746
2 дақиқада ўқилади

Зеленский: Трампнинг жамоаси билан уруш тезроқ тугайди

Украина президенти «Суспилне»га берган интервюсида Трамп телефон орқали мулоқотда Украина позициясини тинглаганини маълум қилди.

Фото: Суспилне

Украина президенти Володимир Зеленский «Суспилне»га берган интервюсида АҚШнинг янги сайланган президенти Доналд Трамп жамоаси билан Россия—Украина уруши тезроқ якунланишини айтди. Нашр Украина етакчиси билан бўлиб ўтган суҳбатдан парчалар эълон қилди.

«Биз учун адолатли тинчлик жуда муҳим… Уруш тугайди, аммо аниқ санаси йўқ. Шубҳасиз, энди Оқ уйга келадиган ушбу жамоа сиёсати билан уруш тезроқ якунланади. Бу уларнинг йўналиши, уларнинг ўз жамиятига берган ваъдаси ва бу улар учун жуда муҳим», — дейди Зеленский.

Унинг сўзларига кўра, Трамп Зеленский билан телефон орқали мулоқотда Украина позициясини тинглаган. «Бизнинг позициямизга қарши ҳеч нарса эшитмадим», — дея қўшимча қилади Украина етакчиси.

Шунингдек, Зеленский Трамп Украинадан Россия билан музокараларда иштирок этишни талаб қилган ёки қилмагани ҳақидаги саволга жавоб қайтарди: «Биз — мустақил давлатмиз. Ва биз ушбу уруш вақтида — халқимиз ҳам, шахсан мен ҳам АҚШ билан, Трамп билан, Байден билан ва Европа етакчилари билан музокараларда — «Ўтир ва тингла» риторикаси бизга нисбатан ишламаслигини исботладик».

Доналд Трамп сайловолди кампанияси давомида бир неча бор агар ғалаба қозонса, Россия—Украина урушини тезроқ якунлашга ваъда берганди. Сиёсатчининг жамоаси жанговар ҳаракатларни тўхтатиш режасини тайёрлаган. Унга кўра, Украина камида 20 йилга НАТОга қўшилиш ниятидан воз кечади.

Мавзуга оид