13:19 / 12.01.2023
5743

Россия нефтга қарши санкциялар туфайли кунига 160 млн евро йўқотяпти

Россия нефтининг импортини тақиқлаш ва унинг нархининг юқори чегараси туфайли РФ бюджети кунига 160 миллион евро йўқотяпти, аммо кейинги чоралар оқибатларни сезиларли даражада ошириши мумкин.

Фото: Getty Images

Ҳелсинки Энергетика ва тоза ҳаво тадқиқотлари маркази (CREA) таҳлилчиларининг ҳисоб-китобларига кўра, Европа томонидан Россия нефтининг импортини тақиқлаш ва Ғарб давлатлари томонидан жорий қилинган нархларнинг юқори чегараси Россияга кунига 160 миллион еврога тушяпти. Бу ҳақда 11 январь, чоршанба куни чоп этилган ҳисоботда айтилади.

Россия нефтининг ташиш ҳажми ва нархининг пасайиши РФ экспорт даромадини кунига 180 миллион еврога қисқартирди. Шу билан бирга, Россия бошқа мамлакатларга экспортни кўпайтириш орқали кунига 20 миллион еврони тўлдиришга муваффақ бўлди, деб ёзади CREA. 5 февралдан, нефть маҳсулотларига чекловлар қўллангач, Россия кунига 280 миллион евро йўқотади, дейди таҳлилчилар.

«Европа Иттифоқининг нефть тақиқи ва нефть нархининг чегараси ниҳоят кучга кирди ҳамда уларнинг таъсири кутилганидек сезиларли бўлди», деди CREA етакчи таҳлилчиси Лаури Мюлливирта.

Декабрь ойида Россиянинг қазиб олинадиган ёнилғи экспортидан тушган даромади 17 фоизга камайди, бу - Украинага босқин бошланганидан бери энг паст даражага етди, деб ёзади CREA. Шу билан бирга, Россия қазиб олинадиган ёнилғи экспортидан кунига тахминан 640 миллион евро даромад олган бўлса, ўтган баҳорда бу кўрсаткич 1 миллиард еврони ташкил этди.

Европа Иттифоқи декабрь ойида Россиядан нефть ва нефть маҳсулотларининг энг йирик импортчиси бўлиб қолди, бироқ вазият ўзгаради, чунки Германия декабрь ойи охирида Россия нефтини импорт қилишни тўхтатди, Европа Иттифоқининг нефть маҳсулотларига қўйилган тақиқи эса февраль ойида кучга киради, дейди таҳлилчилар.

Япония Россиядан энг йирик СТГ импортчисига айланди, чунки Европа харидорлари харидларни қисқартирди. Хитой, Жанубий Корея, Туркия, Ҳиндистон ва Япония Россия кўмирининг энг йирик импортчилари эди.

Россия нефтини Европа Иттифоқи мамлакатларига денгиз орқали етказиб беришга қўйилган эмбарго 5 декабрдан бошлаб кучга кирди. Бунда Болгария учун истисно қилинган, "Дружба" қувури орқали етказиб беришга ҳам санкциялар қўлланмайди. Шу билан бирга, Европа Иттифоқи мамлакатлари, G7 ва Австралия томонидан Россиядан денгиздан нефть етказиб бериш учун киритилган нарх чегараси (баррелига 60 доллар) ишлай бошлади.

CREA ҳисоб-китобларига кўра, агар нарх чегараси бир баррель учун 60 доллардан 25-35 долларга туширилса, бу Россиянинг нефть даромадларини яна камида 100 миллион еврога қисқартиради. CREA ҳисоб-китобларига кўра, бошқа чоралар, масалан, талабларга риоя қилмаслик учун жазони кучайтириш ва қўшимча санкциялар Россия даромадини кунига яна 200 миллион еврога камайтириши мумкин.

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top