Жаҳон | 20:02 / 19.01.2023
39092
9 дақиқада ўқилади

«Агар у бўлмаганида, эҳтимол Киевни олишарди». Банкир Киреевнинг тушунарсиз ўлими ҳақида

The Wall Street Journal украиналик разведкачи ва Россия билан музокаралар иштирокчиси, босқин бошларида Украина хавфсизлик хизмати томонидан ўлдирилган Денис Киреев ҳақида ёзди.

2022 йил март ойи бошида Украина хавфсизлик хизмати ходимлари собиқ банкир ва Россия билан музокараларнинг биринчи раунди иштирокчиси Денис Киреевни ўлдиришади. Аввалига уни давлатга хиёнатда гумон қилиб қўлга олиш чоғида отиб ўлдиришгани хабар қилинади. Кейинроқ Киреев Украина разведка бош бошқармаси учун ишлагани ва «англашилмовчилик» туфайли ўлдирилгани маълум бўлади. Уни ҳарбий иззат-икром билан дафн этишади, президент Володимир Зеленский эса Киреевни вафотидан кейин «давлат суверенитети ва давлат хавфсизлигини ҳимоя қилишдаги алоҳида хизматлари учун» ордени билан тақдирлайди. Украина разведкаси бошлиғи Кирилл Буданов The Wall Street Journal нашрига Россия босқини арафасида Киреев томонидан етказилган маълумот Киевни сақлаб қолишга имкон бергани ҳақида гапирди.

Денис Киреев кўп йиллар давомида Россиядаги бизнесменлар билан яқин алоқаларда бўлган.

Денис Киреев — украиналик банкир. У ўз фаолиятини 2000-йилларда бошлаган Credit Lyonnais, Citibank ва ING каби ғарб банкларининг маҳаллий филиалларида ишлаган. The Wall Street Journal нашрининг ёзишича, Киреев 2003 йилда, унинг қариндошларидан бири Украина Хавфсизлик хизмати бошлиғи ўринбосарига айланганида жосусликка қизиқиб қолади.

Банклардаги бир неча йиллик фаолиятидан кейин Киреев Донецк областидан бўлган ака-ука бизнесменлар, кейинчалик Украина президентига айланган Виктор Януковичнинг яқин кишилари бўлган Андрей ва Сергей Клюев билан ҳамкорлик қила бошлайди. Андрей Клюев Януковичнинг президентлик йилларида Украинанинг биринчи вице-премьери (2010-2012 йиллар), Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби (2012-2014 йиллар) бўлади. Худди шу даврда Киреев «Укрэксимбанк»нинг кузатув кенгаши аъзоси ва Украина Давлат жамғарма банки бошқарув раисининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлайди.

2014 йилда Янукович ҳокимиятдан четлаштирилгач, ака-ука Клюевлар Украинани тарк этишади. The Wall Street Journal Киреевнинг ҳамкасбларига таяниб, у ўшанда Клюевларга ўз активларини мамлакатдан олиб чиқишга кўмаклашганини ёзади. Ўшанда банкирда Россия бизнеси ва махсус хизматлари билан алоқалар пайдо бўлган.

2021 йил баҳорида, Россия ўз қўшинларини Украина чегараси яқинига олиб кела бошлаганида Украина Бош разведка бошқармаси бошлиғи Кирилл Буданов Киреевни штабга чақиради. Шу ерда у банкирга Украина разведкаси учун ишлашни таклиф қилади. «Унда керакли танишлар доираси бор эди. Молиявий операциялар у орқали ўтган, шунинг учун у ҳамма билан, жумладан жуда нуфузли одамлар билан алоқада бўлган», — дея тушунтиради газета билан суҳбатда Буданов.

WSJ нашрининг ёзишича, жосусликка қизиққан Киреев разведка раҳбарининг таклифига рози бўлади. Шундан кейин банкир доимий равишда Россияга сафарлар уюштиради. «У ҳамма нарса ҳақида маълумотларни қўлга киритади. Махсус хизматлар дунёси ва молия дунёси доим ўзаро боғлиқдир», — дейди Киреевнинг иши ҳақида Буданов.

Будановнинг сўзларига кўра, Киреев Россиянинг босқин режаси ҳақида 2021 кузида хабар топган ва биринчи бўлиб тревога кўтарган. Феврал ойида, уруш муқаррар бўлиб қолганида Киреев оиласи билан ҳар йилгидек Альп тоғларига саёҳатга кетиши керак эди аммо 18 феврал куни у бу ғоядан воз кечади. «Агар мен таътилга кетсам, мен ортиқ ўзимга [ойнага] қарай олмайман», — деганди у ўшанда ўз рафиқасига.

Беш кун ўтиб, 23 феврал куни Киреев Будановга сўнгги хабарни етказади — Россия президенти Владимир Путин босқин бошлаш ҳақида буйруқ берганди. Ўшанда банкир Россия қўшинлари 24 феврал тонгида Киевдан 25 километр масофада жойлашган Антонов аэропорти ҳудудига (аввалги номи «Гостомель») десант туширишни режалаштираётгани ҳақида огоҳлантирганди, россиялик ҳарбийлар бу аэропортдан Украина пойтахтини эгаллаш учун плацдарм сифатида фойдаланишни кўзлаганди.

Россиялик десантчилар Украинага босқиннинг илк кунида Киев яқинидаги Антонов аэропортига келишганди.
Фото: РФ мудофаа вазирлиги
Киев яқинидаги Антонов аэропорти, 2022 йил 4 апрел
Felipe Dana / AP / Scanpix / LETA

Будановнинг сўзларига кўра, айнан Киреевнинг хабари Киевни сақлаб қолишга имкон беради, чунки шу хабар туфайли украинларда қўшинларни аэропорт мудофаасига йўналтириш учун вақт бўлади. «Агар Киреев бўлмаганида, Киев, катта эҳтимол билан, босиб олинган бўларди», — дея хулоса қилади Буданов.

Россиянинг Украинани тез фурсатларда эгаллаб олиш режалари барбод бўлгач, музокаралар бошланади. Биринчи раунд 28 феврал куни ўтказилади. Киреевда можаронинг икки томони билан ҳам алоқаларга эгалиги ва Россия делегациясининг икки аъзоси билан шахсан таниш бўлган туфайли Буданов унга музокараларда қатнашишни таклиф этади. Банкир унда иштирок этишни истамайди, чунки бу унинг Украина махсус хизматлари билан алоқасини фош этиб қўйган бўларди, аммо барибир якунда разведка раҳбарининг таклифини қабул қилишга қарор қилади. «Жин урсин. Ватан талаб этаётган экан, борганим бўлсин», — дея Киреевнинг сўзларини эслайди унинг қўриқчиларидан бири.

Беларусдаги Россия-Украина музокаралари, 2022 йил 28 феврал. Денис Киреев юқори қаторда чапдан биринчи
Александр Кряжев / POOL / ТАСС

Музокаралардан сўнг Киреев Буданов билан узоқ суҳбатлашади. У банкирни энди унинг жосуслик фаолияти фош бўлганида хавф остида қолганини айтади. Шунга қарамай, Буданов Киреевдан 3 март кунига мўлжалланган музокараларнинг иккинчи раундида иштирок этишни таклиф қилади.

WSJ билан суҳбатда Украина разведкаси раҳбари музокаралар арафасида Киреевга Украина хавфсизлик хизмати аксилразведка бошлиғи Олександр Покланднинг офисидан қўнғироқ бўлгани ва бошлиқ у билан учрашишни истаётганини айтишганини эслаган. Бу учрашув нега рўй бермаганига газета аниқлик киритмаган. Аммо кейинги куни, Киреев Беларусдаги музокараларга отланиб, вокзалга келганида, ўз қўриқчиларини йўлда Украина хавфсизлик хизмати ходимлари уни қўлга олишга уриниши мумкинлиги ҳақида огоҳлантиради. «Аралашманглар», — дейди у ўшанда.

Киреевни шаҳар марказида, София собори атрофида қўлга олишади. Бир ярим соат ўтиб банкирнинг танаси Киевдаги кўчалардан бирида топилади. Украина нашрлари ўшанда банкир қўлга олиш вақтида отиб ўлдирилганини ёзишади, аммо унинг қўриқчилари газетага Украина хавфсизлик хизмати ходимларига ҳеч қандай қаршилик кўрсатиш бўлмаганини айтишади.

Кейинроқ «Агентство» нашри ўз манбасига таянган ҳолда бу ҳодиса Украина махсус хизматлари ўртасидаги «чалкашлик» туфайли рўй берган бўлиши мумкинлигини ёзади: Украина хавфсизлик хизмати Киреевни давлатга хиёнат қилишда гумон қилган, чунки у Россия разведкаси билан контакт қилиш ваколатига эгалигидан бехабар бўлишган. Шунга қарамай, Киреев қўлга олинганидан кейин нега ўлдирилгани номаълум бўлиб қолган.

5 март куни Украина бош разведка бошқармаси ўз пресс-релизида Киреев махсус топшириқ чоғида ҳалок бўлганини билдиради. Кейинроқ Украина президенти ўз фармони билан банкирни ўлимидан кейин III даражали Богдан Хмельницкий ордени билан мукофотлайди, бир неча кун ўтиб у Киевдаги Байкове қабристонида ҳарбий қаҳрамонлар каби дафн этилади.

Бугун, 19 январ куни WSJ мақоласидан кейин Украина президенти офиси маслаҳатчиси Михайло Подоляк изоҳ бериб, Киреев УХХ ва разведка бошқармаси ўртасида ҳаракатлар яхши мувофиқлаштирилмагани туфайли ҳалок бўлганини билдирди.

«У ГУР (Бош разведка бошқармаси) билан ишлаган, унинг ўлими эса кучишлатар тузилмалар ўртасида ягона координация бўлмагани билан боғлиқ. Бир томондан унга маълум эътирозлар бўлган, бошқа томондан бу эътирозларни мулоқот форматида ҳал қилишга улгурилмаган, бу делегация фаолияти ва музокаралар жараёни билан алоқадор эмасди. У РФ жосуси бўлмаган», — деди у.

2022     йил июл ойида Зеленский Украина хавфсизлик хизмати раҳбари, ўзининг болаликдаги дўсти Иван Бакановни ва бош прокурор Ирина Венедиктовани «хизмат вазифаларини лозим даражада бажармагани» учун ишдан бўшатади. Украина президенти уларнинг ишдан бўшатилишини прокуратура, дастлабки тергов ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимларига нисбатан давлатга хиёнат бўйича кўплаб ишлар очилгани билан изоҳлайди.

Мавзуга оид