Байденнинг қароргоҳидан махфий ҳужжатлар топилди. У иккинчи муддатга сайланиш имкониятидан маҳрум бўлиши мумкинми?
9 январ куни АҚШ нашрлари «махфий» белгили ҳужжатлар дастлаб Вашингтондаги Penn Biden марказидан (бу ер 2018 йилда, ўша пайтдаги собиқ вице-президент Жо Байден шарафига очилган), сўнгра эса Делавэр штатининг Уилмингтон шаҳридаги президент қароргоҳидан топилгани ҳақида хабар берди. Бир неча кундан сўнг АҚШ Адлия вазирлиги Байден томонидан махфий ҳужжатларни сақлаш қоидаларининг мумкин бўлган бузилишини текшириш учун махсус прокурор тайинлади. 21 январ куни Федерал қидирув бюроси президентнинг уйида тинтув ўтказди. Ҳужжатлар билан боғлиқ можаро АҚШнинг 46-президенти фаолиятидаги энг йирик воқеага айланиб, унинг қайта сайланиш имкониятини чеклаб қўйиши мумкинми? Унинг бу иши собиқ президент Трампникидан қандай фарқ қилади?
- Байденнинг махфий ҳужжатлар можароси Доналд Трамп можаросидан биринчи навбатда ўз кўлами билан фарқ қилади. Трампдан ҳаммаси бўлиб 300 га яқин ҳужжат топилган бўлса, Байдендан ҳозиргача 20 га яқин ҳужжат топилган. Бироқ, амалдаги президент учун бу барибир ёқимсиз ҳолат. Бу Байден ва унинг оиласи билан боғлиқ навбатдаги можаро бўлиб, сўнгги икки йилдан бери бундай ҳолатлар тез-тез рўй бермоқда.
- Ушбу воқеа фонида Доналд Трамп томонидан худди шундай қоидабузарлик қайд қилингандаги тергов ишлари (хусусан, ФҚБ агентлари унинг Мара-Лагодаги мулкини юқори даражадаги тинтув қилган) ва ҳозирги тергов ишлари фарқи республикачилар томонидан иккиюзламачилик деб аталди.
- Байден томонидан тайинланган бош прокурор Мэррик Гарланд ноқулай аҳволга тушиб қолди, у энди ўз раҳбарига қарши тергов бошлаши керак.
Трамп ва Байденнинг потенциал хатти-ҳаракатлари «Президентлик ёзувлари тўғрисидаги қонун»ни бузиш ҳисобланади. Ушбу қонунда иш ҳужжатларини ваколат муддати тугагандан кейин Миллий архивга топширмаганлик учун жазо назарда тутилмаган, аммо одил судловга тўсқинлик қилишга уринилган тақдирда жавобгарлик белгиланиши қайд этилган.
Ўхшаш вазиятга тушиб қолган икки сиёсатчининг позицияси бир-биридан фарқ қилади. Байден тергов ва махсус прокурор Роберт Ҳур билан тўлиқ ҳамкорлик қилишга тайёрлигини айтди. У ўз қароргоҳи тинтув қилинишга ҳам эътироз билдирмади. Ва уйида махфий ҳужжатлар топилгач, уларни дарҳол Миллий архивга топширди.
Трамп эса ҳужжатларнинг фақат бир қисмини, кун тартибидагиларинигина қайтарган эди (у буни қилишга мажбур эмаслигини ҳам таъкидлаганди). Доналд унга нисбатан бошланган тергов ҳаракатларини «жодугар ови» деб атаганди.
Трампнинг ишида тинтув жосуслик тўғрисидаги қонун моддаларидан бирини бузиш (миллий хавфсизлик масалалари билан боғлиқ ҳужжатлар билан ишлашда қасддан ёки қўпол бепарволик билан қонунбузарлик йўл қўйиш), федерал терговга тўсқинлик қилиш ва ҳукумат ҳужжатларини била туриб яшириш ёки йўқ қилишда гумон қилиниб ўтказилган эди.
Байденнинг уйидаги тинтув нисбатан яқинда бўлгани (ва тергов органларидан судгача бўлган ҳуқуқбузарликни исботлаш учун ордер талаб қилинмагани) сабабли, ҳозирча амалдаги президентга ҳам собиқ президентга қўйилган айбловлар қўйилгани ёки йўқлиги номаълум.
Байденнинг ҳам, Трампнинг ҳам ҳимоячилари ҳуқуқий эмас, балки маиший важлар келтирган. АҚШда махфий ҳужжатларни таснифлашнинг анча-мунча тўлиқ тизими анча кеч, Иккинчи жаҳон урушидан сўнг пайдо бўлган. Бунгача президентлар ваколат муддати тугаганидан кейин турли иш ҳужжатларини мунтазам равишда ўзлари билан олиб кетган. Баъзилари уни уйида сақлаган, бошқалари котибларига қолдириб кетган, алоҳида ҳужжатларни ҳадя қилган ёки сотган ёхуд ўз архивлари асосида президент кутубхоналарини яратган.
Фақатгина Ричард Никсон президентлиги ва 1972-1974 йиллардаги Уотергейт можаросидан сўнг президентлик муддати тугагач, Президент маъмуриятининг барча расмий иш ҳужжатларини (айниқса, махфий) Миллий архивга топшириш мажбуриятини юклайдиган «Президент ёзувлари тўғрисидаги қонун» қабул қилинди. Унга кўра, Миллий архивга топширгандан кейингина ҳужжатларнинг бир қисми президент кутубхонасида сақланиши учун қайтариб берилиши мумкин.
Шундай бўлса-да, президентлар ва вице-президентлар (Байденнинг уйидан топилган баъзи ёзувлар унинг вице-президентлик даврига тўғри келади) баъзан Оқ уйни махфий материаллар билан тарк этиши ажабланарли эмас.
Бу бир қанча сабабларга боғлиқ. Эски маъмуриятнинг Оқ уйни тарк этиш жараёни анча тартибсиз кечади. Ҳужжатларнинг баъзилари махфийликдан чиқарилади, бироқ уларда «махфий» белгиси қолади. Ва баъзида бу шунчаки чалкашлик сабаб ҳам юзага келади. «Махфий» белгиси қўйилган ёзувларда аслида ҳеч қандай махфий маълумот бўлмайди.
АҚШда ҳар йили триллионлаб саҳифага эга ҳужжатлар турлича махфийлик белгисини олади (бу бўйича қарорлар икки мингга яқин ходим томонидан қабул қилинади). Улар ҳар куни беш миллионга яқин давлат хизматчилари ва федерал органлар ичидаги хусусий пудратчилар қўлида айланади. Бу айланманинг катта қисми Президент девони ҳиссасига тўғри келади – Оқ уйда ҳужжатларнинг жуда юқори айланмаси туфайли уларни сақлаш ва маълумотлар ошкор этилишининг олдини олиш тобора қийинлашиб бормоқда ва махфийликдан чиқариш жараёни кўпинча катта ресурсларни талаб қилади.
Давлат ҳужжатларини ҳаддан ташқари махфийлаштириш муаммоси АҚШ оммавий ахборот воситаларида доимий мавзуга айланган. Собиқ ва амалдаги амалдорларнинг ҳисоб-китобларига кўра, махфий ҳужжатларнинг 50 фоиздан 90 фоизгача қисми махфийликдан чиқарилса, бу мамлакатга ҳеч қандай зарар келтирмайди.
АҚШ қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги собиқ қўмондони генерал Тони Зинни интервьюларидан бирида айтишича, махфий ҳужжатларнинг 80 фоизини очиқ манбалардан топиш мумкин. Қолган 20 фоизининг 80 фоизини эса чуқур қидирув орқали топса бўлади. Яъни махфийлик белгиси қўйилган ҳужжатларнинг 4 фоиздагина ноёб маълумотлар мавжуд.
Эҳтимолий оқибатлар
Байден ишини тергов қилиш учун махсус прокурор тайинланди. Аммо Вакиллар палатаси устидан назоратни ўз қўлига олган республикачилар ҳам ўз суриштирувларини ўтказиши аниқ. Бу орқали улар ушбу можародан сиёсий очколар ишлаб олишга ҳаракат қилади.
Вакиллар палатасининг Назорат қўмитаси раиси, республикачи Жеймс Комер аллақачон Байден тергови билан боғлиқ ҳужжатлар олиш учун сўров юборишга тайёрлигини маълум қилди. Республикачилар Байденнинг Уилмингтондаги уйига ташриф буюрувчилар рўйхатига энг кўп қизиқиш билдирмоқда. Комер уларнинг рўйхатини Оқ уйдан сўраган. Катта эҳтимол билан республикачилар ушбу жанжални 2017 йилда, ажрашгандан сўнг, расман шу уйда яшаган Байденнинг ўғли Ҳантер Байденга боғламоқчи ва уни махфий ҳужжатларга ноқонуний киришда айбламоқчи. Бироқ, АҚШнинг биринчи шахсларини ҳимоя қилиш билан шуғулланадиган Махфий хизмат бу шахсий турар жой бўлгани сабабли, бундай рўйхатлар сақланмаганини аллақачон маълум қилди.
Эътиборлиси, ўз вақтида Трамп ҳам Мара-Лагодаги қароргоҳига ташриф буюрувчилар рўйхатини ошкор қилишдан бош тортган эди (ўшанда унинг бу ҳаракатини ҳозирда Бош прокурор лавозимини эгаллаб турган судья Меррик Гарленд қўллаб-қувватлаганди). Аммо Комер партиядоши Трамп иши бўйича шунга ўхшаш сўровлар юбормоқчи эмас.
«Агар Жо Байден учун можаронинг узоқ муддатли оқибатлари ҳақида гапирадиган бўлсак, унда, албатта, бу унинг АҚШ президентлиги учун потенциал кампаниясига таъсир қилмаслиги мумкин эмас. Байден иккинчи муддатга номзодини қўйишини ҳали оммавий равишда айтмади. Аммо у бу ҳақда 2023 йилнинг биринчи ярмида қарор қабул қилишига шама қилди», дейди Телеграмдаги One Big Union канали муаллифи Ян Веселов.
Бироқ, The Hill нашри президент маъмуриятидаги манбаларга таяниб, хабар беришича, президент жамоасида сайлов кампаниясига тайёргарлик қизғин давом этмоқда ва Байденнинг ўзи бу ҳақда Конгресснинг ҳар икки палатасига йиллик «State of Union» мурожаати (бу йил бу маросим 7 феврал куни бўлиб ўтади) ўқилиши арафасида эълон қилади. Ёки апрел ойида.
Можаро ва айниқса, терговнинг оммавий ахборот воситаларида ёритилиши амалдаги президент рейтингига таъсир қилиши муқаррар. Охирги ойларда Байденнинг рейтинги оша бошлаганди. Quinnipiac университети томонидан ўтказилган сўнгги ижтимоий сўровномада респондентларнинг 60 фоизи Байден махфий ҳужжатларга нотўғри муносабатда бўлганини айтган. Бироқ фақат 37 фоиз киши президентга нисбатан айблов эълон қилиниши керак деб ҳисоблайди.
«Агар Байден ҳақиқатан ҳам иккинчи муддатга ўз номзодини қўйишга қарор қилса ва Доналд Трамп партиянинг праймеризларида ғалаба қозониб, (бу ерда у Флорида штатининг республикачи губернатори Рон ДеСантис билан кучли рақобатга киришади) республикачилар партиясидан президентликка номзодга айланса, унда биз ажойиб президентлик пойгаси гувоҳи бўламиз — ҳар икки партиянинг номзодлари федерал тергов остида (ва эҳтимол ўша пайтга қадар жиноий ишга ҳам айланиши мумкин) ва тахминан бир хил қонунбузарлик билан.
Мавзуга оид
21:19 / 16.11.2024
Трамп Оқ уй тарихидаги энг ёш матбуот котибини тайинлади
11:22 / 16.11.2024
Трамп қайтди: бу дунё сиёсатида нималарни ўзгартиради?
22:56 / 15.11.2024
Ҳамас корпуси Қатардан кетадими? Қайси давлатга?
22:30 / 15.11.2024