Жаҳон | 14:26 / 23.01.2023
10427
5 дақиқада ўқилади

Евроиттифоқ Киевга ёрдам учун Россия Марказий банки активларидан фойдаланишга чақирди

Европа кенгаши раҳбарининг сўзларига кўра, Россия Марказий банкининг 300 миллиард долларлик активларидан фойда олиш ва Украинани қўллаб-қувватлаш учун фойдаланиш масаласи «ҳуқуқий тамойилларга мувофиқ» ҳал қилиниши керак.

Фото: John Thys/AFP

Европа кенгаши раиси Шарл Мишел блок етакчиларини Россия Марказий банкининг музлатилган 300 миллиард долларлик (275 миллиард евро) активларини Украинани қайта тиклаш учун ишлатиш бўйича музокараларни давом эттиришга чақирди. Бу ҳақда Financial Times (FT) 23 январь, душанба куни хабар берди.

Унинг маълумотларига кўра, Мишел даромад олиш учун активлардан фойдаланиш ғоясини ўрганишни таклиф қилмоқда, кейинчалик улар Киевга юборилиши мумкин. Сиёсатчининг фикрича, бу «адолат ва ҳалоллик масаласи», уни «ҳуқуқий тамойиллар асосида» ҳал қилиш керак.

Шарл Мишел Европа Иттифоқи раҳбарларидан бу борадаги мунозарага «бироз туртки беришини» кутмоқда. Унинг қўшимча қилишича, активларни тўлиқ тасарруф этиш йўлидаги қонуний тўсиқларга қарамай, «бу масалада муваффақиятга эришиш ва белгиланган мақсадларга эришишдан кучли сиёсий манфаатдорлик» мавжуд.

2022 йил сентябрида Украинадаги реконструкция ишлари қиймати Киев, Брюссел ва Жаҳон банки томонидан 350 миллиард еврога баҳоланган. Россиянинг ракета ва дрон ҳужумлари муҳим фуқаролик инфратузилмасига зарар етказишда давом этаётганлиги сабабли, талаб қилинадиган маблағ миқдори ошди, деб ёзади FT.

«Украинада ҳар куни кўпроқ инфратузилма объектлари вайрон қилинмоқда. Биз Украинани тиклайдиган биринчилардан бўламиз ва қайта тиклаш харажатлари кундан-кунга ошиб бормоқда», деди Европанинг атроф-муҳит ва океанлар бўйича комиссари Виргиниюс Синкявичюс Давосда 18 январь куни бўлиб ўтган Жаҳон иқтисодий форумида.

«Масалан, музлатилган активлардан фойдалана олмаймиз, деган тахминлар мени қўрқитмоқда, чунки Россия тўлиқ жавобгарликни ўз зиммасига олиши керак, деб ўйлайман», - дея қўшимча қилди Синкявичюс. «Украинанинг тикланишини молиялаштириши керак бўлган давлат бу - Россия», - дейди Европа Иттифоқи комиссари.

2022 йил охирида Европа комиссияси музлатилган активларни Украинанинг тикланишига ёрдам бериш учун фойда олиш мақсадида бошқарилиши мумкин бўлган фондга ўтказиш ғоясини илгари сурганди.

ЕИ Россия Федерациясининг Украинадаги уруши муносабати билан Россия банкининг 300 миллиард евро захирасини блоклади, деб хабар берди 2022 йил ноябрида Еврокомиссия президенти Урсула фон дер Ляйен.

Шарл Мишел 19 январь куни Киевга ташриф буюрди. Олий радада сўзлаган нутқида у «Украинанинг Европа Иттифоқига аъзолиги масаласи ҳал этилганини» маълум қилди. «Украина - Европа Иттифоқи, Европа Иттифоқи эса - Украина. Биз бу ваъдани имкон қадар тезроқ амалга ошириш учун барча саъй-ҳаракатларни кўришимиз керак», - деди у. Мишелнинг қайд этишича, Россия Украинага фуқаролари «эркин украиналиклар сифатида ўз ҳуқуқларидан фойдалангани, демократияни танлагани ва Европани танлагани» туфайли ҳужум қилишга қарор қилган. «Шу тариқа, Украинага ракеталарни учириш орқали Россия Европа Иттифоқи ишонадиган ҳамма нарсага ракеталарни урди, бу бизнинг Иттифоқнинг пойдеворига – Иккинчи жаҳон уруши фожиасидан биз тузган иттифоққа ҳужум», деди у. Мишел Украинага қилинган ҳужумни: «бизнинг умумий Европа қадриятларимизга, Европа хавфсизлигимизга, умумий Европа орзумизга ҳужум», деб атади.

Европа кенгаши раҳбарининг таъкидлашича, «келгуси ҳафталар ва ойлар уруш натижаларида ҳал қилувчи бўлади». «Ҳозиргача Европа тинчлик жамғармаси ва Европа Иттифоқига аъзо давлатлар орқали жами 11 миллиард евролик ҳарбий ёрдамни сафарбар қилдик. Бундан ташқари, ҳарбий тайёргарлик миссиямиз доирасида 15 минг аскарни тайёрлаяпмиз», - деди у.

Мишелнинг Украина президенти Володимир Зеленский билан учрашуви чоғида томонлар Украинага қурол-яроғ етказиб бериш, шунингдек, Россия ва унинг шерикларига нисбатан санкциялар босимини янада кучайтириш масалаларини муҳокама қилган. Шарл Мишел Россия атом саноатига, Россия ракета дастурида ишловчи субъектларга қарши санкциялар, шунингдек, энергетика соҳасида янги қадамлар, жумладан, Россия энергия ташувчиларига эмбарго қўйиш вақти келганини таъкидлади.

Мавзуга оид