Ўзбекистон | 18:21 / 25.01.2023
45396
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг газ тармоқларини “Газпром”га бериш кўзда тутилмаган

Ўзбекистон Энергетика вазирлиги ва “Газпром” ўртасида тузилган йўл харитасида Ўзбекистоннинг газ-транспорт тармоғини Россия компанияси эгалигига ёки бошқарувига ўтказиш ҳақида ҳеч қандай банд мавжуд эмас. Бу ҳақда ҳукуматдаги манбалар ёрдамида йўл харитасини бевосита кўрган Kun.uz мухбири маълум қилди.

Фото: Kun.uz

3 саҳифалик йўл харитаси 8 та банддан иборат бўлиб, унда Россиядан Ўзбекистонга Қозоғистон ҳудудидан ўтувчи “Ўрта Осиё – Марказ” газ қувури орқали бозор нархида табиий газ етказиб бериш учун зарурий техник чоралар акс этган.

Келишувга кўра, 2023 йил 1 мартдан бошлаб Россиядан Ўзбекистонга табиий газ импорти йўлга қўйилиши кўзда тутилмоқда.

Йўл харитасида Россиядан Ўзбекистонга газ узатишни ташкил этиш учун Ўзбекистон ўз газ тармоқлари ҳақида “Газпром”га расмий маълумотлар тақдим этиши ҳам назарда тутилган.

Манбанинг билдиришича, йўл харитаси Россия томонининг сўровига асосан эълон қилинмайди.

Ҳужжат билан танишган Kun.uz мухбири, шунингдек, Энергетика вазирлигининг бу масаладаги баёнотида айтилган маълумотларни тасдиқлади.

Эслатиб ўтамиз, баёнотда Ўзбекистон ўз газ-транспорт тизимига эгалик ва бошқарув ҳуқуқини тўлиқ ўзида сақлаб қолиши таъкидланган эди.

“Бунда газ-транспорт тизими кимгадир берилиши ёки суверенитетимизга қандайдир таҳдид умуман йўқ”, – дея билдирган вазирлик.

Эслатиб ўтамиз, мазкур “Йўл харитаси” кеча, 24 январ куни имзоланди. Ҳужжат имзоланганидан кейин ўтган қарийб бир сутка вақт ичида Ўзбекистон томони бу борада бирорта ҳам изоҳ бермагани жамоатчиликда жиддий хавотирларни юзага келтирди. Хусусан, ижтимоий тармоқларда мамлакатнинг газ транспорт тизими “Газпром”га ишончли бошқарувга бериб юборилиши мумкинлиги ҳақида тахминлар пайдо бўлди.

“Газпром” бундай ҳужжатни ўтган ҳафта Қозоғистон билан ҳам тузган эди.

Мазкур келишувлар Россия президенти Владимир Путиннинг Ўзбекистон, Қозоғистон ва Россия иштирокидаги учтомонлама газ иттифоқини тузиш таклифидан 2 ой ўтиб имзоланди. Расмий Тошкент ҳам, Остона ҳам бу ҳамкорлик иттифоқ шаклида бўлишига рози бўлмади.

Таъкидлаш керакки, Россиянинг Марказий Осиёга газ сотишга қизиқиб қолиши Украина уруши фонида Европа рус энергоресурсларидан юз ўгираётган бир пайтда рўй бермоқда.

Мавзуга оид