«Юксалиш» Энергетика вазирлигини «Газпром» билан имзоланган «Йўл харитаси» мазмунини очиқлашга чақирди
Ўзбекистон Энергетика вазирлиги ва «Газпром» ўртасида газ соҳасида ўзаро ҳамкорлик қилиш бўйича «Йўл харитаси» имзолангани ижтимоий тармоқлар фаоллари ва жамоатчиликда саволлар уйғотди. Бу энергетика тизими мустақиллигига таҳдид деб қаралаётган «Газ иттифоқи» лойиҳаси томон қадам сифатида талқин қилинмоқда.
«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов Ўзбекистон газ масаласида Россия билан «Йўл харитаси» имзолагани ҳақидаги хабар юзасидан муносабат билдирди.
«Аввало, Энергетика вазирлиги мазкур «Йўл харитаси»нинг умумий мазмуни ҳақида жамоатчиликка хабар бериши лозим деб ҳисоблаймиз. Келгусида бундай ҳужжатлар ҳақидаги маълумотлар, аввал вазирликларимиз расмийлари томонидан эълон қилиниши керак.
Шу билан биргаликда, ҳуқуқий жиҳатдан, «Йўл харитаси» томонларга ҳеч қандай мажбурият юкламайди, ҳуқуқий оқибат туғдирмайди. Томонларнинг ҳамкорликдаги ҳаракатларини мувофиқлаштиришга хизмат қиладиган ҳужжат тури ҳисобланади», дея қайд этади у.
2022 йил декабрида энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов Ўзбекистоннинг бу борадаги қатъий позициясини айтгани эслатиб ўтилган: «...Биз газ ва электр энергиясини қандайдир альянс ёки иттифоқ орқали эмас, балки қўшни давлатлардан импорт қилиш бўйича музокаралар олиб бормоқдамиз».
Бекмуродов бу Ўзбекистон манфаатлари учун энг тўғри позиция эканини таъкидлаган.
«Миллий манфаатларимиз учун бу энг тўғри позиция эканлигини таъкидлаган ҳолда, Ҳукуматнинг энергетик инқирозни бартараф этиш ҳамда келгусида бундай хавфларни олдини олишга қаратилган қўшимча дипломатик ва амалий ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш лозимлигини билдирамиз», дея якунланади пост.
24 январ куни «Газпром» матбуот хизмати компания раҳбари Алексей Миллер ва Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ўртасида газ соҳасидаги ҳамкорлик бўйича «Йўл харитаси» имзолангани ҳақида хабар берди. Хабарда тафсилотлар очиқланмаган.
Аввалроқ Россия Ўзбекистонга газ узатиш учун мамлакатнинг газ-транспорт тизимини “Газпром”га беришни сўрагани, шундай талаб Қозоғистон олдига ҳам қўйилгани маълум бўлганди.
«Интерфакс»нинг ёзишича, Россия Қозоғистон ва Ўзбекистонда ички газ истеъмолнинг ўсиши ва Хитой олдидаги экспорт мажбуриятларини ҳисобга олган ҳолда, Қозоғистон ва Ўзбекистонга газ етказиб бериш ҳажмини оширмоқчи.
Ўзбекистонлик журналист Шуҳрат Латипов Ўзбекистон «Ўзтрансгаз» ва «Ҳудудгазтаъминот» газ транспорти тизимини россияликларга ишончли бошқарувга беришга рози бўлиши мумкинлигини тахмин қилган.
Мавзуга оид
09:01 / 16.11.2024
«Газпром» Австрияга газ етказиб беришни тўхтатди
15:34 / 20.10.2024
Россиялик депутат Ўзбекистон фуқароларига виза режимини жорий этишга чақирди. Жамоатчилик бунга жавоб қайтарди
23:44 / 19.10.2024
“Яшил” электр станциялар орқали атмосферага йилига 21 млн тонна зарарли газлар чиқиши олди олинади — Энергетика вазирлиги
23:13 / 08.10.2024