Россия Давлат думаси депутати, «Справедливая Россия» фракцияси раҳбари Сергей Миронов Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги Бош консуллиги фуқароларни Россия армиясида хизмат қилмасликка чақиргани сабабли Ўзбекистон билан виза режимини жорий қилиш лозимлигини айтди.

«Ўзбекистоннинг Қозондаги Бош консуллиги Ўзбекистон фуқароларини Россия армияси сафларига қўшилмасликка чақирди. Нега улар сизни оналик учун суюнчи пулини олмасликка ундамади? Бошқа имтиёзлардан фойдаланиш мумкин, лекин сизни боқаётган мамлакатни ҳимоя қилиш мумкин эмас. Виза режими билан ҳаммаси ҳал бўлади! Бундай «фуқаролар» бизга керак эмас», деб ёзган Миронов Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.

Ўзбекистон жамоатчилиги россиялик депутатнинг охирги сўзларига муносабат билдирди.

«Миллий тикланиш» демократик партияси раиси Алишер Қодиров унга жавобида «ўзбеклар ҳаққини одам ўлдириб эмас, меҳнат қилиб топиши»ни таъкидлаган. 

«Россияни эса Мироновнинг ўзи, ўғиллари, куёвлари ва неваралари ҳимоя қилиши керак. Билишимча, руслар ҳам Ватанни ҳимоя қилишни ўзбеклардагидек муқаддас бурч ҳисоблайдилар», деган Алишер Қодиров.

Олий Мажлис депутати, «Юксалиш» ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов консуллик фуқароларни Ўзбекистонда ноқонуний ҳисобланган ҳаракатлардан ҳимоя қилишини табиий ва адолатли, деб атади ва бундай тажовузкор риторика фақат икки томонлама муносабатларга салбий таъсир кўрсатишини қайд этди.

«Ватандошларимиз ўз меҳнатлари билан Россиянинг иқтисодиётига ҳисса қўшяпти. Ижтимоий нафақаларни инсон ҳаётига таҳдид қилувчи ҳаракат билан солиштириш саводсизлик ва аҳмоқликдир», дейди  Бобур Бекмуродов.

Депутат Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги «Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисида»ги шартноманинг 7-моддасида «...бир томон фуқаролари ва юридик шахсларининг қонуний ҳуқуқлари ва манфаатларини бошқа томон ҳудудида кафолатлайдиган самарали чоралар кўрадилар», деб ёзилганини эслатди.