Ўзбекистон | 17:07 / 27.01.2023
19054
7 дақиқада ўқилади

Судлар мустақиллиги, судяларга юклама ва уларга ҳурматсизлик — судялар билан суҳбат

16 январдаги фармон асосида, судларнинг молиявий мустақиллиги ошириладиган бўлди. Судга ҳурматсизлик учун жавобгарлик эса кучайтирилади. Kun.uz мухбири судлар фаолияти ва бошқа масалалар юзасидан Олий суд судяси Учқун Рўзиев ҳамда Шайхонтоҳур туман суди судяси Ҳасан Очилов билан суҳбатлашди.

— Бир неча йил аввал бўлиб ўтган матбуот анжуманида Ўзбекистонда судялар сони қанча эканини сўраганимизда, 1300 га яқин судялар бор эканини айтишган. Яқинда судялар олий съездида ҳам бу масала кўтарилди. Айтилишича, Ўзбекистонда ҳар 100 минг аҳолига 4 та судя тўғри келар экан. Биламизки, Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар тури ва ходимлари сони жудаям кўп, лекин судялар сони анча кам. Бунга сабаб нима? Судялар сони камлиги уларга юкламанинг кўплиги ва иш сифати тушишига олиб келмаяптими?

Учқун Рўзиев, Олий суд судяси, жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати аъзоси:

— Тўғри, 1300 га яқин судялар бор ва деярли барча судялик лавозимлари банд. Тахминан 1 фоиз атрофида вакансия мавжуд – бу табиий ҳолат. Аҳоли сонига нисбатан судялар сони камлиги тўғрисида мутахассислар ҳам, кенг жамоатчилик ҳам гапиряпти. Иш юкламасининг кўплиги ва штат бирликларини кўпайтириш орқали юкламаларни камайтириш масаласи бор. Бу борада таклифлар ҳам бериляпти. Ўйлайманки, яқинда қабул қилинган фармон доирасида судялар штат бирлигини кўпайтириш масаласи ҳам муҳокама қилинади.

Халқаро тадбир доирасида Молдованинг Олий суд судялари билан суҳбатлашганимизда у ерда 3 млндан ортиқроқ аҳоли яшаши ва Олий судда 65 нафар судя фаолият юритишини айтишди. Бизнинг Олий судда эса 70 дан ортиқ судя фаолият юритади. Бу нарсалар олий судловнинг сифатига таъсир қилиши табиий. Чунки ҳужжатлар, далилларни солиштириб, текшириб, таҳлил қилиш учун катта вақт талаб қилинади.

Фармон доирасида қисқа стратегия белгиланган. Айнан нечта судя кераклиги, эҳтиёжга қараб кўпайтириш борасида муҳокама бўляпти. Шу йили бошланади ва амалда кўрамиз буни.

Ҳасан Очилов, жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман суди судяси:

— Ишлар аввало биринчи инстанция судида кўрилади. Катта миқдордаги ишлар туман судларида кўрилгани учун ҳозирда судларимизда иш ҳажми етарли. Шунинг учун судялар иш ҳажми кўплигидан ҳар бир иш вақтини назоратда ушлаб туриши керак бўлади. Йўқса, процессуал муддатни бузиши мумкин.

Бир нарсага эътибор бериш керак: иш ҳажми бутун республикада бир хил эмас. Ҳудудийлик нуқтайи назаридан ҳам ёндашиш лозим. Асосан иш ҳажми кўплиги мегаполисларга – Тошкент, Самарқанд шаҳри, вилоятлар марказига тўғри келади. Шу сабабдан ҳам ҳудудийлик принципидан келиб чиқиб, ҳудудларга эҳтиёжи доирасида алоҳида муносабат асосида штатларни тузиш масаласи кўриляпти.

Юқорида айтилгандек, шу йилдан бошлаб штат масаласида ўзгаришлар бўлади. Бугунги кунда олиб борилаётган ислоҳотларнинг кейинги босқичида юкламаларни (айниқса, туман ва шаҳар судларида) камайтириш бўйича ишлар амалга оширилиши аниқ белгиланган.

Ўзимнинг тажрибам асосида айтадиган бўлсам, бир кунда тўртта иш кўриш мумкин энг кўпи билан. Умуман, ишнинг ҳажмига қараб бўлади бу нарсалар.

— Фармонда ҳар бир шахс суд ва судялар сиймосида ўзининг ишончли ҳимоячисини кўришига эришиш кераклиги ҳақида мақсад қўйилган. Хўш, нима деб ўйлайсиз, бугун оддий аҳоли суд ва судялар сиймосида ўзининг ҳимоячисини кўрадими?

Учқун Рўзиев: — Муҳокамаларга сабаб бўладиган савол бу. Фуқароларимиз ижтимоий тармоқларда суд тизимига бўлган муносабатларини очиқ-ойдин билдиришяпти. Булар орасида ҳам ижобий, ҳам салбий фикрлар бор, ишонч ҳам, ишончсизлик ҳам бор. Мен ҳозирги кунда ишонч қай даражада эканига эътибор қаратмоқчиман. Тахминан 10 йил илгари вилоят судида судя бўлиб ишлаганимда “бу судларга ишим тушмасин ҳеч қачон”, деган ўй бўларди. Чунки у пайтда судларда умуман мустақиллик йўқ эди. Ва норозилар ҳам ўз фикрини билдиролмас эди.

Ҳозирги кундаги баъзи ишончсизликлар сабаб суд халқ ишончини қозона олмабди, деган фикр келиши нотўғри. Сўнгги йиллардаги суд тизимидаги ислоҳотларнинг барчаси фуқаролар розилигига эришиш учун. Бунга фақатгина адолатли суд қарорларини чиқариш йўли билан эришилади. Биз ОАВга чиқиб, қилган ишларимизни айтишимиздан фойда йўқ, халқ ишонмайди. Биз чиқарадиган қарорлар – биз учун берилган баҳо. Фақат шу қарорлар билан биз халқ ишончига эришишимиз ёки йўқотишимиз мумкин.

Ишонч учун эса ҳақиқий мустақил суд тизими керак. Яъни ҳар қандай аралашув, босимларнинг олдини олиш ва суднинг молиявий мустақиллигини таъминлаш.

Судяларнинг ойлик маоши масаласи узоқ йиллар муҳокама қилинган масала. Икки-уч йил олдин бу масала ижобий ҳал бўлди. Биргина шу моддий таъминот масаласи ижобий ҳал бўлиши судялар мустақиллигига анча таъсир ўтказди. Бунинг ортидан тизимдаги коррупцион ҳолатлар кескин камайди. Бу нарса узоқ йиллар шу соҳада самарали фаолият юритиш учун замин яратди. Мустақил бўлиб, ҳар қандай ташқи таъсирдан холи бўлган судялар адолатли қарор чиқаради.

Ҳасан Очилов: — Суд – охирги қарорни чиқарувчи. Шунинг учун ҳам фуқаролар суд ва судялар сиймосида ўзининг ҳақиқий ҳимоячисини кўриши керак бўлади. Тергов жараёнларида, дастлабки босқичларда шахсда “мени ҳимоя қиладиган суд бор-ку”деган фикр бўлиши керак.

Бу ерда бир нарса бор яна. Агар судда тарафлар бўладиган бўлса, айбсиз киши суддан хурсанд бўлади, айбдор эса норози. Икки томон ҳам икки хил талқин қилади ва ўша нуқтайи назардан баҳо берилади. Суд ҳимоячи деганда, ҳаммани оқлашни тушунмаслик керак, айбдор одам жазоланиши лозим. Суд қарорларини муҳокама қилганда эса ўша суд қарорини муҳокама қилиш керак, судяни эмас.

Тўлиқ интервюни юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Фаррух Абсаттаров суҳбатлашди.

Тасвирчи ва монтаж устаси – Муҳиддин Нидо.

Мавзуга оид