Жаҳон | 18:50 / 30.01.2023
60843
4 дақиқада ўқилади

Полша бош вазири чеченлар мустақилликка ҳақли эканини айтди. Рамзон Қодиров жавоб қайтарди

Қодиров ашаддий ичкериячи бўлгани, Ғарб давлатлари эса чеченларга мустақил давлат қуришда ёрдам бермаганини айтган. Аммо унинг бу сўзлари баҳсли.

Фото: Елена Афонина / ТАСС

Россия таркибига кирувчи Чеченистон Республикаси раҳбари Рамзон Қодиров Полша бош вазири Матеуш Моравецкийни танқид қилди. Аввалроқ, полшалик мулозим «Чеченистон мустақил давлат бўлишга лойиқлиги»ни айтганди.

«У Ичкерияни қўллаб-қувватлаш кераклигини айтади. Менда бир савол бор: биз Ичкерия учун курашганимизда, мустақиллик манфаатларини ҳимоя қилганимизда қаерда эдингиз, нега Европа давлатлари, жумладан, Украина ҳам бизни қўллаб-қувватламади ва бугун бирдан сиз мавжуд бўлмаган давлатни қўллаб-қувватлашга қарор қилдингиз?» деди Қодиров 28 январ куни ўз Телеграм-каналида эълон қилган видеомурожаатида.

«Ашаддий ичкериячи эдим, аммо айнан сиз (афтидан, Ғарб мамлакатлари) давлат қуришимизга йўл қўймадингиз», дея давом этган Чеченистон раҳбари.

Бироқ, сўнгги йилларда Россия расмийлари ва тарғиботчилари бунинг аксини, яъни Чеченистондаги сепаратизмни айнан Ғарб қўллаб-қувватлаганини гапирмоқда.

2017 йилда Россия президенти Владимир Путин Америка разведкаси ходимлари чечен жангчиларини қўллаб-қувватлагани, жумладан, «жангчиларни бир жойдан иккинчи жойга кўчиргани»ни таъкидлаган эди. Бу ҳақда у Оливер Стоуннинг «Путин билан интервю» филмида айтиб ўтганди.

«Биз ўша пайтда америкалик ҳамкорларимиз бу террорчилардан Россиядаги ички сиёсий вазиятни издан чиқариш учун фойдаланаётгани ҳақида мутлақо қатъий фикрда эдик», деган Путин ва қўшимча қилган: «Ахборот ва сиёсий ёрдамга келсак, бунга далил керак эмас, бу ҳаммага аниқ эди. Бу очиқ ва ошкора амалга оширилди».

2008 йил апрел ойида «Абубакар. «Кавказ» режаси» номли филм намойиш этилди. Унда АҚШ ва Ғарбий Европадаги бир қатор давлатларнинг Шимолий Кавказни Россиядан ажратиш режалари ҳақида гап боради.

Рамзан Қодиров ўз видеомурожаатида Чеченистон аҳолиси «Россия Федерацияси таркибида яшашга қарор қилгани»ни таъкидлади – бу «халқ танлови».

«Бугун эса алоҳида давлат бўлишини қанчалар истамайлик, биз [алоҳида давлат сифатида] мавжуд бўла олмаймиз, чунки бир ярим миллион аҳолини озиқ-овқат, кийим-кечак, пойабзал билан таъминлаш керак, таълим, мактабгача таълим, ижтимоий муаммолар, қурилиш, бошқа дастур ва лойиҳалар — биз буларни эплай олмаймиз. Шу сабабли халқимиз ҳар жиҳатдан, ҳар томонлама тўғри танлов қилди. Биз эса ҳар йили, ҳар куни бунга амин бўлмоқдамиз», деди у.

Бундан аввалроқ Полша бош вазири Матеуш Моравецкий Франциянинг LCI телеканалига берган интервюсида баъзи халқлар Россияда «қамоқхона»да эканини айтганди. «Россиянинг бу ҳудудлари, масалан, Чеченистон, озод этилиши мумкин. Улар мустақил бўлиши мумкин. Улар асрлар давомида озодлик учун курашди ва ўнлаб йиллар давомида шунга интилмоқда. Менимча, бу ҳудуд мустақилликка лойиқ», деган эди Моравецкий.

Европада мустақил Чеченистон мавзусини Украина Олий Радаси 2022 йил октябр ойида Ичкерия Чечен Республикасини «Россия Федерацияси томонидан вақтинча босиб олинган ҳудуд» деб эълон қилган резолюциядан сўнг муҳокама қила бошлашди.

Мавзуга оид