19:44 / 01.02.2023
8788

Туркиянинг Havaş компанияси Россия авиакомпаниялари учоқларига хизмат кўрсатишни бас қилиши мумкин

Туркиянинг самолётларга хизмат кўрсатишга ихтисослашган Havaş компанияси Россия, Беларус ва Эрон авиакомпанияларининг АҚШ санкция рўйхатига тушган учоқларга хизмат кўрсатишни тўхтатиш хавфи борасида огоҳлантирди.

Фото: rayhaber.com

Компания раҳбари Мета Эрна йўллаган хатда Havaş АҚШда ишлаб чиқарилган барча Boeing самолётларига, шунингдек, Европанинг Airbus компанияси томонидан ишлаб чиқарилган бир нечта самолётларга хизмат кўрсатишни бас қилиши мумкинлигидан огоҳлантирган.

Рўйхатдан Россия авиакомпанияларига тегишли жами 170 та, беларусларнинг 7 та, форсларнинг 4 та самолёти ўрин олган. Самолётларнинг катта қисми “Аэрофлот”га тегишли. Рўйхатда Россиянинг ўндан ортиқ авиакомпаниялари, шунингдек, Роман Абрамовичга тегишлилиги тахмин қилинаётган самолётлар ҳам бор.

РБК нашри маълумотларига кўра, айни пайтда Havaş масаланинг юридик жиҳатларини ўрганиб чиқмоқда ва авиакомпаниялардан ишлаб чиқарилишидан 25 фоиздан ортиқ АҚШ деталлари ва технологиялари иштирок этган самолётлар рўйхатини сўрамоқда. Акс ҳолда, бу самолётлар АҚШ санкциялари таъсири остига тушади.

Havaş Туркия аэропортларининг етакчи оператори TAV Airports’га тегишли. У 29 та давлатдаги 90 дан ортиқ аэропортларда, шу жумладан, Туркиянинг Истанбул, Анқара, Анталя ва бошқа йирик аэропортларида хизмат кўрсатади.

2023 йилнинг 26 январида The Wall Street Journal ўз манбасига таяниб, АҚШ ҳукумати Россия авиакомпанияларига тегишли бўлган ва Америкада ишлаб чиқарилган учоқларнинг Туркияга парвозини тўхтатиш мақсадида Анқарага босим қилишга уринаётгани ҳақида хабар қилган эди.

Top