Ўзбекистон | 20:40 / 03.02.2023
7667
5 дақиқада ўқилади

3D моделлаштириш, рoбототехника ва нанотехнологиялар — Олмазордаги IT мактабдан репортаж

Пойтахтдаги 298-мактабда замонавий технологияларга ихтисослашган лойиҳа иш бошлади. 2019 йилда президентга тақдим қилинган лойиҳа эндиликда болаларга робототехника, инжиниринг, мехатроника, VR ва бошқа билимларни беради.

Ўзи бу қандай лойиҳа?

АҚШнинг Сан-Франциско шаҳрида кремний водийси бор ва бу жойда дунёнинг гигант IT компаниялари фаолият юритади. Стив Жобс ва Стив Вознякнинг Apple компаниясини очиш ғояси ҳам айнан шу водийдаги бир “гараж”да пайдо бўлган. Аммо бугунги мавзу бу эмас, балки келгусида шундай инновацияларни амалга ошириш учун имконият берадиган ўзбекча “кремний водийси” ҳақида.

Олмазор туманида Innogroup компанияси томонидан мана шундай лойиҳа амалга оширилмоқда. Компания 2019 йилда Шавкат Мирзиёевнинг 1 млрд сўм маблағ ажратиши билан ташкил этилган бўлиб, 3D принтерли лабораториялари орқали 20 дан ортиқ ишлаб чиқариш йўналишларига хизмат кўрсатади.

“Лойиҳамиз доирасида президент Шавкат Мирзиёевга 3D моделлаштириш технологиясини ривожлантириб, бошқа йўналишларга ҳам татбиқ этишга ваъда берган эдик. Лойиҳа татбиғини тумандаги 33 та мактабда амалга оширяпмиз. Бу жараёнда мактабларнинг ҳаммасига босқичма-босқич 3D моделлаштириш, прототиплаш лабораторияларини ўрнатяпмиз”, – дейди компания асосчиси Беҳзод Тўхтамуродов ОАВга берган интервьюсида.

Лойиҳага кўра, дастлабки босқичда тўртта мактабда робототехника ва инжиниринг марказларини, иккинчи босқичда қолган таълим муассасаларида мехатроника ва VR (виртуал реаллик) таълим марказларини очиш режалаштирилган. Мехатроника ҳамда VR марказларида ўқувчилар ўйлаган ғояларини моддиятга айлантириши учун керак бўладиган барча асосий қурилмалар жойлаштирилади.

Дарслар қандай олиб борилади?

Тумандаги мактабларда ўқувчиларга робототехникани ўргатаётган устозлардан бири Абдулҳай Мадаиповнинг айтишича, ўқув дастури асосий 3 босқичдан иборат.

“Биринчи босқичимиз – бошланғич, яъни 2-4-синф, иккинчиси – ўрта босқич, 5-9-синф ва юқори босқичимиз, 10-11-синфларни ўз ичига олган. Ўқувчилар дастурлаш, электроника, механика ва сунъий интеллектни ўрганишади. Биздаги билим олиш жараёни замонавий STEM таълими асосида амалга оширилади. Соддароқ тушунтирсам, дейлик, валли роботини ясаш учун бир нечта фанларнинг – математика, физика, инженерия, механика, электроника, дастурлаш орасида интеграция бўлиши керак бўлади. Мана шу интеграция роботни ясашга ёрдам беради, энг қизиғи, буни бола эмоционал ҳолатда ясайди. “Мен математикани ёки физикани ўрганяпман”, деб ўйламайди ва буни ўзи билмаган ҳолда ўзлаштиради. STEM таълими шундай бўлади”, – деди у.

Маълумотларга кўра, ҳозирда дарсларни бошлаш учун иккита – 298– ва 15-мактаблар тайёр, 233– ва 29-мактаблар эса иш фаолиятини бошлаш жараёнида.

Янги лойиҳа нима беради?

1. Лойиҳа болаларнинг аниқ фанларга бўлган қизиқишини оширишга хизмат қилади.

2. Мамлакат бўйлаб кўплаб ихтирочи болалар кашф қилинади. Улар start-up лойиҳалари қандай қилиниши, ясаган қурилмаларини бозорга қандай олиб чиқиш, сотиш, ишни нимадан бошлаш кераклигини ўрганишади.

3. Дарслар давомида ўқувчилар хорижий ОТМга киришга тайёргарлик кўришлари ҳам мумкин. Турли мусобақаларда ғолиб бўлиб, сертификатларни қўлга киритиши ҳамда чет эл олийгоҳларига ҳужжат топшираётганда шуларни ҳам бериши мумкин.

4. Ҳозирда мактаб битирувчиларининг 50 фоизи меҳнат бозорига ҳеч қандай касб-ҳунарсиз кириб келмоқда. Янги лойиҳада ўқувчи кўпроқ амалиётда ғояларини амалга оширади, бу эса йўналиш бўйича баъзи касбларни эгаллашга, мисол учун, техника устаси бўлиб чиқишига ёрдам беради. Таъкидланишича, болалар бу дастурда хоҳиши ва қизиқишига қараб 1 ойдан 2 йилгача қатнашишлари мумкин. 1 ойдан 6 ойгача бўлган вақт давомида турли касбларнинг ҳам эгаси бўла олади.

5. Энг муҳими, ташаббус Ўзбекистонда ҳам робототехника, муҳандислик, инжиниринг ривожланишига ҳисса қўшади.

Маълумот учун, Олмазорда жами 33 та мактаб бўлиб, ўқувчилар хавфсизлиги учун шундан 25 тасида 1 минг 443 дона овозли кузатув камералари синфхона, коридор ва ташқи ҳудудида тўлиқ ўрнатилган. Бу видеокузатув тизимини назорат қилиш учун туман халқ таълими бўлими қошида алоҳида назорат таҳлил ва мониторинг-методик хизмати бўлими ташкил қилинган.

Дилшода Шомирзаева тайёрлади.
Тасвирчи – Асрор Алмурадов.

Мавзуга оид