«Ҳозир судлар ижро ҳокимиятига молиявий қарам» — Олий суд бюджетини ўзи тасдиқламоқчи
2023 йил 16 январда эълон қилинган президент фармонида судларнинг молиявий мустақиллигини тўлиқ таъминлаш учун уларнинг фаолиятига зарур маблағларни судлар мустақил белгилаши ҳақида гап кетади. Олий суд судьяси Учқун Рўзиевнинг айтишича, келажакда қонун лойиҳаси тайёрланиб, судлар ўз бюджетини ўзи тасдиқлаши кутилмоқда.
— Яқинда эълон қилинган одил судловга доир президент фармонининг 1-иловасида «Илғор хорижий тажриба асосида судларнинг молиявий мустақиллигини тўлиқ таъминлаш чораларини кўриш орқали улар фаолиятини молиялаштириш учун зарур маблағларни судлар томонидан мустақил равишда белгилаш механизмларини жорий этиш» бўйича банд бор. Бу ерда нима назарда тутилган, Ўзбекистонда судлар бюджетини ўзи белгилаши мумкинми?
Учқун Рўзиев, Олий суд судьяси, жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати аъзоси:
— Ўзбекистон Конституциясида «суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлардан мустақил ҳолда иш юритиши» мустаҳкамлаб қўйилган. Фармонда Конституциядаги мазкур нормани амалиётга татбиқ қилиш масаласи кетяпти.
Бу ерда судьяларнинг молиявий мустақиллиги ҳақида гап кетяпти. Бизда давлат бюджетини шакллантириш ва унинг харажатлари бўйича Молия вазирлиги, яъни ижро ҳокимияти масъул. Судлар эса ҳозирги кунда молиявий тарафдан ижро ҳокимиятига қарам, очиқ-ойдин айтганда ижро ҳокимиятига молиявий жиҳатдан бўйсунади. Ҳозир Олий суд ўз ихтиёрига кўра, шакллантирган бюджетдан ташқарига чиқа олмайди.
АҚШда хизмат сафарида бўлганимизда, уларда суд бюджетини тасдиқлаш қандай амалга оширилади, деган масалани сўрагандик. Аввалига улар саволимни тушунмади. Балки уларда эскидан бордир, суд ўз бюджетини ўзи тасдиқлар экан. Менимча, сиз айтган фармондаги бандда ҳам шу нарса назарда тутилган. Келажакда қонун лойиҳаси тайёрланиб, муҳокама қилинади. Шунингдек, суд тизимида қандайдир коллегиал тузилма шакллантирилиб, судларнинг бюджети тасдиқланиб, Вазирлар Маҳкамасига киритилса керак. Менимча, фармонда шу нарса назарда тутилган.
— Агар Олий суд ўзи тасдиқлаган бюджет барибир Вазирлар Маҳкамасига киритилса, ижро ҳокимиятига молиявий қарамлик барибир сақланиб қолмайдими?
— Бунинг ечими, ҳақиқатда амалда ишлайдиган механизм бўлиши керак. Бу қонунни қанчалик пухта ишлаб чиқиш ва ўзимизга боғлиқ. Юқорида айтганимдек, бу ерда конституциявий норма амалга татбиқ қилинмоқда.
Ҳасан Очилов, жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман суди судьяси:
— Судьялар мустақиллиги бўйича жуда кўп изланишлар олиб борилади, бу борада халқаро стандартлар бор. Экспертлар буларга қуйидагиларни киритади: судьяларнинг молиявий таъминоти бюджетдан бўлиши керак ва судьялар буни тасдиқлашда бевосита иштирок этиши керак.
Ўзбекистонда бюджет лойиҳаси қандай қабул қилиниб, тасдиқланишини биламиз. Лекин у жараёнда суд органларининг иштироки йўқ. Фармонда шунинг учун бу масала кўтарилди. Суд ўз бюджетини тасдиқлашда иштирок этиши, бир йилда қанча харажат кераклигини, прогнозларини ўзи кўрсатиб бериши керак. Шунда суд ҳокимияти молиявий жиҳатдан ҳам чин маънода мустақил органга айланади.
Тўлиқ интервюни юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.
Фаррух Абсаттаров суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Муҳиддин Нидо.
Маълумот учун, 2023 йил учун тасдиқланган давлат бюджетига кўра, Олий судга 1,2 триллион сўм, Судьялар олий кенгашига эса 35 миллиард сўм ажратилган.
Мавзуга оид
17:48 / 22.11.2024
Жисмоний шахсларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тартиби белгиланди
13:32 / 22.11.2024
Дума 2025 йилги бюджетни урушга рекорд харажатлар билан қабул қилди
13:44 / 21.11.2024
2025 йилда бюджет тақчиллиги қандай қопланади?
11:25 / 21.11.2024