26-27 январ кунлари Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев давлат ташрифи билан Қирғизистонга борди. Ташриф давомида «Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон» темирйўлини қуриш борасидаги ҳаракатларни тезлаштиришга келишиб олинди.

Kun.uz мухбири шу лойиҳа, унинг аҳамияти ва бу лойиҳада энг муҳим иштирокчилардан бири бўлган Хитойнинг Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистон билан алоқалари ҳамда алоқаларнинг келажакда қандай ривожланиши мумкинлиги ҳақида сиёсий таҳлилчилар билан интервью ўтказди.

Интервью меҳмонлари – хитойшунос олим Аҳаджон Хўжаев, сиёсатшунослар Фарҳод Толипов ва Камолиддин Раббимов бўлди.

— «Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон» темирйўли лойиҳаси ҳақида анчадан бери гапириб келинарди. Аммо фақат Шанҳай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанддаги саммитига келибгина бу борада аниқ келишувга эришилди. Айтинг-чи, лойиҳанинг биз ва ундан фойдаланувчилар учун аҳамияти қандай?

Аҳаджон Хўжаев:

— Бу қадимги Ипак йўлининг магистрал йўли ўтган йўналиш. Ғарб ва Шарқ ўртасидаги энг хавфсиз йўл. Бу йўл тарихда ўзини тўла оқлаган. Мустақилликнинг дастлабки йилларида Ўзбекистон томонидан Буюк ипак йўлининг йўналишида темирйўл ва автомобиль йўлларини ўтказиш масаласи кўтарилган эди. Бу таклифга Хитой ҳукумати ижобий жавоб берди. Шундан сўнг доим бу масала муҳокамада бўлди. Асосий харажатларни Хитой томони кўтарадиган бўлди ва бу йўл 2005 йилда битиши керак эди. Аммо Россия ва Хитой манфаатлари мос тушмагани сабабли йўл очилиши ортга сурилди.

Ниҳоят, 5 йил ўтгач, Хитой ҳукумати тўхтаб қолган лойиҳани қайта тасдиқлади ва олдингидан 500 км узунроқ бўлиши кўзда тутилди. Тоғ ҳудудидан ўтадиган жойларда 14 та туннел қазиш керак бўлди. Аввалги йўналишдан шимолроққа сурилишига ҳам тўғри келди. Аммо баъзи сабабларга кўра, яна йўл қурилиши тўхтаб қолди.

Шунинг учун ҳам мутахассислар лойиҳа ҳақида гапирганда, йўл Хитой ва Россия музокаралар қилиб, келишувга эришгандан кейингина қурилади, деган фикрни билдиришади. Агар йўл қурилмаса, Хитой жуда кўп айланма йўллардан фойдаланишига тўғри келарди ва бу қимматга тушар эди.

Россиянинг қаршилик қилишига сабаб эса ҳозирда Хитойни Ғарб билан боғловчи йўл айнан Россия ҳудудидан ўтади ва Россия транзитдан катта даромад олади. Бундан ташқари, юк олиб ўтирувчилар йўл эгаси бўлган Россияга маълум даражада боғлиқ бўлиб қолган. Ҳозир қурилиши керак бўлган йўлимизда эса катта маблағ тежалади; Марказий Осиё давлатларига даромад келтиради; халқаро юк ташишда Россияга боғлиқ томонлар камаяди. Ўзини империя деб ҳисоблайдиган Россия эса бунга рози бўлмаслиги табиий.