ЕИ: Киев аъзолик йўлида «катта саъй-ҳаракатларни» амалга оширди
Украинанинг ЕИга аъзо бўлиши учун қатъий муддатлар йўқ, бироқ Киев бир қатор шартларни бажариши керак, деди Европа Иттифоқи-Украина саммитидан сўнг Еврокомиссия раҳбари.
Украина Европа Иттифоқига аъзо бўлиш йўлида «катта саъй-ҳаракатлар» қилди. Бу ҳақда Европа кенгаши раҳбари Шарл Мишел, Еврокомиссия президенти Урсула фон дер Ляйен ва Украина президенти Володимир Зеленскийнинг Киевда 3 февраль, жума куни Европа Иттифоқи-Украина саммити якунлари бўйича чоп этилган қўшма баёнотида айтилади.
ЕИ Украинанинг сўнгги ойларда Европа Иттифоқига номзод мақоми асосидаги мақсадларга эришиш йўлида кўрсатган муҳим саъй-ҳаракатларини эътироф этди, Украинанинг мана шундай оғир дамларда ислоҳотларга қаратилган саъй-ҳаракатларини олқишлади ва мамлакатни бу йўлда давом этишга ундади, дейилади ҳужжатда.
Саммитдан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида Урсула фон дер Ляйен Украинанинг Европа Иттифоқига аъзо бўлиши учун қатъий муддатлар йўқлигини, бироқ Киев Европа Иттифоқига аъзо бўлиш учун бир қатор шартларни бажариши кераклигини таъкидлади.
Шарл Мишел, ўз навбатида, Европа Иттифоқи Киевни ЕИга қўшилиш йўлида қўллаб-қувватлашини айтди. «Украина бу - Европа Иттифоқи, Европа Иттифоқи эса бу - Украина, - деди Мишел. - Биз ҳар қадамда сиз билан бўламиз. Европа Иттифоқи бугун сиз билан, эртага сиз билан ва қанча вақт керак бўлса, шунча сиз билан бўлади».
Украина президенти Володимир Зеленский Киевдаги саммитни унинг мамлакати Европа интеграцияси йўлидаги барча тўсиқларни енгиб ўтишининг «муҳим рамзи» деб атади. «Мақсадимиз мутлақо аниқ: Украинанинг Европа Иттифоқига аъзолиги бўйича музокараларни бошлаш. Биз Украина ва ЕИни яқинлаштириш бўйича ишда бир кун вақтни ҳам бой бермаймиз», — деди у.
Шу билан бирга, Украина давлати раҳбари Европа Иттифоқини Россияга ўз ҳарбий салоҳиятини тиклашга имкон бермайдиган шундай санкциялар жорий этишга чақирди. «Ўнинчи санкциялар пакети яқинлашяпти, у 10 миллиард еврога тенг бўлади. Бу яна кенг кўламли пакет бўлади», деди Урсула фон дер Ляйен матбуот анжуманида. Бир кун олдин у Россиянинг Украинага бостириб киришининг бир йиллиги муносабати билан 24 февралда янги чекловлар тўплами жорий этилишини ваъда қилган эди.
Тайёрланиши декабрь ойида бошланган санкцияларнинг 10-пакети бошқа чора-тадбирлар қаторида, санкциялар остида қолган Россия ва Беларус фуқароларининг активларини музлатиш ва уларнинг Европа Иттифоқига киришини тақиқлашни ҳам ўз ичига олиши кутилмоқда. Аввалроқ фон дер Ляйен рўйхатга ўтган йил давомида киритилган санкцияларни четлаб ўтишга уринишларга қарши кураш чоралари киритилишини айтган эди. Еврокомиссия раҳбарининг сўзларига кўра, ЕИ ҳамкорлар билан биргаликда «Россия давлат активларидан Украина манфаати учун фойдаланиш йўлларини ҳам ўрганмоқда».
Мавзуга оид
11:37 / 15.11.2024
ЕИ биринчи марта қуролни биргаликда сотиб олишни молиялаштиради
08:08 / 14.11.2024
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
12:17 / 13.11.2024
Киев ЕПни Россиядан болаларни қайтаришда ёрдам беришга чақирди
10:13 / 11.11.2024