Жаҳон | 12:17 / 13.11.2024
1868
4 дақиқада ўқилади

Киев ЕПни Россиядан болаларни қайтаришда ёрдам беришга чақирди

Украина Европарламентга Россияга ноқонуний олиб кетилган украиналик болаларни қайтариш масаласини ҳал қилувчи махсус орган тузишни таклиф этди.

Фото: REUTERS

Украина ўзининг ғарбий ҳамкорлари билан биргаликда Россияга мажбуран депортация қилинган украиналик болаларни қайтариш бўйича тизимли ва самарали иш олиб бориши учун доимий фаолият юритувчи махсус орган – бу масалалар билан шуғулланувчи ишчи гуруҳ ёки қуйи қўмита тузиш зарур. Олий раданинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Дмитрий Лубинец 12 ноябр, сешанба куни Брюсселда Европарламентга шундай мурожаат билан чиқди. Шу куни у Европа парламентида бўлиб ўтган «Украиналик болаларни Россия томонидан мажбуран кўчириш ва депортация қилиш: болаларни уйга қайтариш бўйича жамоавий ҳаракатларни кенгайтириш» муҳокамасида иштирок этди.

Украиналик болаларнинг қайтиши катта саъй-ҳаракатларни талаб қилади

Лубинец айтганидек, бугунги кунда Украинада болаларни Россияга ёки у босиб олган ҳудудларга ноқонуний равишда депортация қилишнинг 20 мингга яқин ҳолатлари расман қайд этилган ва аслида бу рақам анча юқори бўлиши мумкин. Россия томони ўғирланган болаларнинг қаерда эканлиги ҳақида Украина расмийларига маълумот бермаяпти, шу сабабли уларни қидириш ва қайтариш жуда қийин ва секин кечмоқда, деди Украина омбудсмани.

Унинг сўзларига кўра, Россияда Украинадан мажбуран кўчирилган болаларга нисбатан «украин ўзига хослигини йўқ қилиш бўйича тизимли сиёсат» олиб борилмоқда: улар ҳарбийлаштириляпти, рус оилалари томонидан тарбияланяпти ва Россия ҳужжатларини оляпти. Бундан ташқари, Украина томонида вақтинча босиб олинган ҳудудлардаги вояга етмаганлар қамоқхоналарда сақланиши, уларда қийноқлар ва шафқатсиз муносабатга дуч келиши ҳақида далиллар бор.

Муҳокама чоғида сўзга чиққан Европа Иттифоқининг инсон ҳуқуқлари бўйича махсус вакили Олоф Скуг Европа Иттифоқи украиналик болаларни қайтариш учун кўпроқ ҳаракат қилиши кераклигини айтди. Шу билан бирга, у бундай ҳолларда дипломатик саъй-ҳаракатларни «Европадан ташқарига ҳам кенгайтириш керак» ва Европа парламенти аъзолари ўз мамлакатлари ҳукуматлари билан масаланинг «тезкорлиги ҳақида» гаплашишлари кераклигини таъкидлади. DW'нинг Европа Иттифоқи ва Россия омбудсман идораси ўртасида украиналик болаларни ўз ватанларига қайтариш бўйича диалог борми, деган саволига жавоб берар экан, Скуг «ҳеч қандай алоқа йўқ», деди.

Евродепутатлар Москвага қарши янги санкцияларни талаб қилмоқда

Россия «энг оғир жиноят – болаларга қарши жиноят»ни содир этмоқда, чунки у ўзини жазосиз ҳис қилади ва ЕИ Москвага бунинг нархини тўлаш кераклигини эслатиши керак, деди Европа халқ партияси депутати Пекка Товери. «Биз ушбу операция (украиналик болаларни ноқонуний ўтказиш)да иштирок этган ҳар бир шахснинг исмини аниқлашимиз ва уларга қарши санкциялар қўллашимиз шарт», — деди Финландия парламентарийси Европа Комиссиясининг янги таркибига мурожаат қилиб. 

Товерининг ишонч билдиришича, украиналик болаларни депортация қилишда айбланиб, Халқаро жиноий суд томонидан ҳибсга олинишига ордер берилган Россия президенти Владимир Путин «бу ишни ўзи қилмаяпти». «Биз ушбу занжирнинг ҳар бир бўғинида ҳаммани топиш учун кўпроқ ҳаракат қилишимиз керак», деди сиёсатчи. Агар бу бажарилмаса, «Украинада ҳозир содир бўлаётган воқеалар келажакда биз билан содир бўлиши мумкин», деб огоҳлантирди у.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид