Америкалик ҳарбийлар Жанубий Каролина соҳиллари яқинида хитойликларнинг пайшанба куни Америка ҳаво кенгликларига кириб келган «жосус шари»ни уриб туширди.

Бу жараённи кузатиб турган Reuters агентлиги фотографининг хабар беришича, ҳаво шарига қирувчи самолёт ракета учирган, аммо у портламаган, шунчаки пастга қулай бошлаган. Шар Атлантика океанига қулаган, америкаликлар унинг қолдиқларини сувдан чиқариб олиб, ўрганиш учун топширишмоқчи.

АҚШ президенти Жо Байден шарни уриб туширган қирувчи самолёт учувчисини табриклади.

Бу вақтда расмий Пекин Вашингтонга Америка томони хитойликлар шарини уриб туширгани учун норозилик билдирди. ХХР ТИВ Қўшма штатларни ҳаддан ташқари жиддий реакция қилишда ва халқаро амалиётни бузишда айблаган. Шунингдек, Хитой Вашингтоннинг ҳаракатларига жавоб қайтариш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолиши қайд этилган.

Шанба куни Хитой АҚШни хотиржамлик сақлаш ва ҳодисани «совуққонлик» билан текширишга чақирди.

Америкада аввалбошдан ушбу номаълум учар объектни уриб туширишга чақириқлар янграган, аммо шар ҳарбийлар фуқаролик авиацияси фойдаланадиган ҳаво йўлакларидан анча юқорида ҳаракатланаётгани ва ҳавода ҳеч қандай таҳдид солмаётгани, шунингдек, қулаш туфайли унинг парчалари қуруқликда кимгадир зиён етказиши мумкинлиги туфайли уни уриб туширишни истамаётганди.

Шанба куни АҚШ Федерал фуқаролик авиацияси бошқармаси (FAA) хавфсизлик нуқтайи назаридан учта аэропортни, жумладан ҳаво оқимлари хитойликлар шарини олиб кирган Жанубий Каролина штатидаги Миртл-Бич халқаро аэропортини ҳам ёпишга қарор қилди.

FAA шунингдек Жанубий Каролина соҳиллари яқинидаги ҳаво кенглигини фуқаролик парвозлари учун ёпиб қўйди - бу ҳудудда АҚШ ҳарбий ҳаво кучлари ва соҳил хавфсизлиги хизмати навбатчилик қилишга киришганди.

Пайшанба куни АҚШ ҳаво кенглигида хитойликларнинг улкан «разведкачи ҳаво шари» аниқланганидан кейин АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен расмий Пекиннинг ҳаракатларини масъулиятсизлик деб баҳолаб, ушбу шаҳарга режалаштирилган расмий ташрифини бекор қилди.

Аммо бу ҳаммаси эмасди: кўп ўтмай Пентагон Лотин Америкаси осмонида хитойликларнинг яна бир «разведкачи шари» пайқалгани ҳақида хабар берди.