Жаҳон | 22:29 / 05.02.2023
41466
15 дақиқада ўқилади

«Энг ёмони автомат ботқоққа тиқилиб қолиши». Бахмут фронтида жанг қилган украиналик ҳикояси

«Маэстро» лақабли ҳарбий янги йил, Рождество ва ўзининг 41 ёшини Бахмутдаги окопда қарши олди – қалъага айланган бу шаҳар кўп ойлардан буён фронтдаги энг қайноқ нуқта бўлиб қолмоқда.

Фото: МАЭСТРО / BBC

«Бу куннинг окопдаги одатий кундан фарқи йўқ эди, ягона фарқи – туғилган кунимга Худодан совға сўрадим. Ва у менга совға берди. Раҳмат, тирик қолдим – навбатчиликдан базага қайтганимда, йигитлар мени табриклашди», дея ҳикоя қилади Маэстро.

У ўртада танаффус билан май ойидан буён Бахмутда жанг қилади. Шундан буён унинг кунлари иккига ажралади – «окопдаги» ва «окопда бўлмаган» кунлар. Ярим йилдан ортиқ вақтдан буён давом этаётган жангларда кўп нарса ўзгарди, аммо россияликлар барибир шаҳарни эгаллай олмади.

Маэстро BBC билан суҳбатда ўзи ва биродарлари учун бу қанчалик қимматга тушаётгани, ўзининг окопдаги кунлари ва Бахмутдаги ўқлар остида кечаётган ҳаёти ҳақида барчасини гапириб берган.

Биринчи кичик ғалаба

Маэстро Хмельницкой областида туғилган ва кейин киевликка айланган бўлиб, кўплаб украиналик жангчилар қатори урушга қадар бутунлай бошқача ҳаёт тарзида яшаган. У мебел савдоси билан шуғулланган, рақс тушган ва таёқда рақс тушиш бўйича мураббий бўлган.

Кенг кўламли босқин бошланганидан кейин у ҳудудий мудофаа қисмларига ёзилишга ҳаракат қилади, аммо талабгорлар кўп эди ва ҳар сафар навбат унга етганида эртага келишини сўрашади.

У тўрт кун давомида ҳудудий мудофаа учун ёзилиш мумкин бўлган турли нуқталарда бўлади, бу жойлардан бирида аввалроқ ёзилганлардан бири энди хизматдан бош тортиб, қуролни топширганидан воқиф бўлади.

Урушга қадар Маэстрода бутунлай бошқача ҳаёт тарзи бўлган. Фото: PETER KLADYK

«Мен унинг ўрнини эгалладим ва мен учун бу худди биринчи кичик ғалабадек эди: ниҳоят истаганимга эришдим», дейди у.

У агар Россия катта уруш бошласа, қўлига қурол олишга олдиндан қарор қилганди. Уч нафар вояга етмаган фарзанди бор, жанг қилиш тажрибасига эга бўлмаган ва ҳатто армияда хизмат қилмаган бўлса ҳам, у бунга руҳан тайёр бўлган ва яқинларини ҳам бунга кўндирган. «Мен автоматни қандай кўтариш ва бармоқларимни қаерга қўйишни ҳам билмасдим», дея эслайди Маэстро.

Аммо ҳудудий мудофаа қисмларида у кабилар жуда кўп эди, шу туфайли командирлар уларни қурол ишлатишни ўргатиш учун жуда кўп ишлашига тўғри келади

Пойтахтга ҳужум Голосеевский районидан бўлиши кутилганди, шу туфайли бригада ўша ерда туради, кейинроқ Киев шаҳри ва областдаги муҳим объектларни қўриқлашга жалб этилади.

Май ойида жанговар топшириқ бўлади – ҳудудий мудофаа қисмлари жангчилари ҳам Украина қуролли кучларига бўйсунувчи бирлашган гуруҳ таркибида Бахмут атрофига юборилади.

Охири йўқ шафқатсиз кинодаги каби

24 май куни, Маэстро Донецк областига келганида, россияликлар ҳали Бахмутга яқинлашмаганди ва украин ҳарбийлари унинг атрофида, шаҳардан 10 километр радиусда жойлашганди. «Шундан буён ойлар ўтди, бир томондан кўп нарса ўзгаргандек, аммо бошқа томондан – бу вақт ичида, май ойида буён, улар [россияликлар] фақат шу 10 км масофани босиб ўта олишди».

Ҳозирга келиб украин ҳарбийлари шаҳарга кириш жойларида мудофааланмоқда, Маэстронинг айтишича, баҳорда ва ёзнинг илк ойларида жанглар ўрмонда бўлаётганди.

Тан олишича, июл ойида, уни ротация бўйича Киев областига қайтаришганида, у қаттиқ асабийлашган. «Икки кун ўтиб бизга улар қарши ҳужумга ўтгани ва биз эгаллаб турган позицияларни яксон қилишганини айтишди. Юриш зирҳли техникалар ва авиация орқали амалга оширилган, бу ҳужумни тўхтатиш жуда қийин бўлган ва йигитлар чекинишган - барча ҳам эмас, афсуски позицияни катта йўқотишлар билан топширишган».

Маэстро ҳудудий мудофаадаги ва Бахмутдаги биринчи кун тушган суратлар

Маэстро урушда барчаси шафқатсиз кинодаги каби бўлишини тушунади. «Менда шундай палла бўлгандики, ер бошимга урила бошлаганди. Снаряд деярли окоп ичига келиб тушган, граната брустверга (окоп олдидаги ясама дўнглик) - ўшанда бунақасини фақат кинода кўрганим ҳақида ўйладим».

Унинг айтишича, Бахмутдаги манзаралар унга «Аскар Райанни қутқариш» филмидаги қуролдошларни эслатиб туради. «Аммо филм икки соат давом этади, бу ерда эса кечаю кундуз», дея қўшимча қилади Маэстро.

Ротация вақтида у «Ғарбий фронтда ўзгариш йўқ» фильми премьерасини томоша қилган ва бу фильм реалликка жуда яқин деб ҳисоблайди. Унинг айтишича, фақат кино снаряд ва минлар портлаши ва бошқа овозларни етказиб бера олмайди. Ҳаётда улар анча қаттиқроқ овозга эга бўлади.

Отишмалар жадвали

Барчаси эрта тонгда бошланади. «Ҳатто кулгим келади, бу худди эрталабки қаҳва каби - соат 05:00 ва уларнинг авиацияси келади».

Тунда эса тинчроқ. Аммо агар ёзда икки томон ҳам тунда тинчиган бўлса, қишда, Маэстро Бахмутга иккинчи бор келганида, зарбалар алмашинуви доимий давом этаётганди.

Шу билан бирга, у кўплаб экспертларнинг декабр ойига келиб икки томоннинг зарбалари тенглашгани тўғрисидаги хулосаларини тасдиқлайди, майда эса украинларнинг битта снарядига россияликлар 10 та жавоб қайтарарди.

Унинг давом этишича, эрталабки зарбалардан кейин одатда миномёт зарбалари кетади ва жанг бошланади.

Мудофаа чизиғи ҳамма жойда ҳам бир хилда эмас – қаердадир ҳарбийлар окопларда ўтирса, қаердадир - уйларда бўлишади, чунки россияликлар шаҳарга жуда яқин келиб қолишган.

Шунинг учун, Маэстронинг айтишича, шаҳар атрофида бутун бино қолмаган, шаҳарнинг ўзида ҳам барча бинолар шикастланган.

Маэстро май ойидан буён Бахмутда хизмат қилади

Баъзида шундай бўладики, украинлар ва россияликлар окоплари орасидаги масофа – 50-100 метргача қисқаради. Ҳар куни 15-30 нафар россиялик украинлар позицияси томон автомат ва миномётлар билан чопиб келишади.

«Уларнинг қуролдошлари йиқилади, улар эса олдинга югуришда давом этади. Эсипаст бўлмаган одам бундай қилмайди», дея фикрлайди ҳарбий.

Украин ҳарбийлари бундай тактикани яхши билган ҳолда миномёт ҳужуми вақтида осколкалардан яширинади, лекин улар ҳамиша вазиятни назорат қилиб туриш учун бошни окопдан бироз кўтариб туриши талаб этилади.

«Менда бундай вазият бўлмаган, аммо қуролдошлар ўгирилиб қарашганида 15 метр нарида россияликлар чопиб бораётганини кўришган», дея ҳикоя қилади ушбу ҳарбий.

Бундай ҳолат узоқ вақт давом этиши мумкин.

Ҳарбийлар смена бўйича ишлайди - улар бир-икки кун окопда ўтиришади, кейин ўзига келиб олиш, кийим ва қуролларни тозалаш учун бир-икки кунга Бахмутга қайтишади.

Шаҳарда улар маҳаллий аҳоли вакилларини учратишади. Бу ерда уларнинг сони олти мингдан ошади. «Шундай ҳолатлар бўладики, биз зирҳли нимчалар, каскаларда чопиб бораётган бўламиз, атрофда снарядлар учади, рўпарадан эса маҳаллий аҳоли вакиллари велосипедда келаётган бўлади».

Кунлардан бир куни Маэстро окопдан қайтганида маҳаллий аҳоли вакилларидан икки аёл ҳалок бўлгани ҳақида ўқийди. Фотосуратларда у ҳарбийлар тез-тез тўпланадиган жойни танийди». «Бу жуда даҳшатли кўринарди», дея эслайди у.

Йигитлар

Бахмутда ўлим кўп ва бунга кўникиб қолиш керак эмас, дейди Маэстро.

«Аммо мен ҳарбий ҳаракатлар ҳудудига борганимда, ҳиссиётларимни бутунлай ўчириб тураман, чунки акс ҳолда ҳарбий топшириқни яхши уддалай олмаслигим ва ўзимни ҳам хавф остида қолдиришим мумкин».

Бахмутдаги украин ҳарбийлари. Фото: Getty Images

Унинг айтишича, ҳарбийлар ўз қуролдошларини фақат ўлим туфайли йўқотмайди. Айрим жангчилар енгил яраланиши мумкин, аммо улар шунчалик қўрқишадики, уларни эвакуация қилишга тўғри келади.

«Шунингдек, бора-бора ўз-ўзидан ақлдан озганлар бор». У ўзи билан бирга Бахмутга келган йигит ҳақида гапиради. Бу йигит 19 ёшда бўлса-да, кўп жиҳатдан 40 ёшдан ошганлардан устун эди, дейди Маэстро. «Аммо у бардош беролмади, натижада руҳий касалликлар шифохонасига текширувдан ўтишига тўғри келди».

Ҳарбийлар камроқ ташвиш чекин учун ҳарбий ўртоқлари билан у қадар яқинлашмасликка ҳаракат қилади. Бу ҳамиша ҳам иш беравермайди. Бахмутга иккинчи сафарда Маэстрога дўсти ҳамроҳ бўлади - у бунгача кўп вақт давомида шу бригадага қўшилишни сўраб келган. «Шундан буён у ҳар сафар сменага кетганида ухлай олмасдим, мен қайтганимда эса у мени кутиб ўтирган бўлади».

Ботқоқликдаги рождество

Бахмутда кўники бўлмайдиган яна бир нарса – бу ноқулай об-ҳаводир. «Баъзида ўйлаб қоламан, бизни нима кўпроқ қўрқитади – ботқоқлик ва аёзми ёки калтакка ўхшайдиган россияликлар?» – дея ҳазиллашади Маэстро.

«Кундузги намгарчилик ҳам бир нави, лекин кечаси жуда совуқ. Ҳаммасидан ҳам ёмони шундаки, ёмғирдан кейин ҳаммаёқ ботқоққа айланади, бир-бир ярим соат ўтиб автомат лойга тиқилиб қолиши ва ундан ота олмай қолишингдан қўрқа бошлайсан», дейди у.

Фото: Getty Images

Сафдошларидан бири Маэстрога бир сафар унинг сменаси вақтида тўрт кишининг автомати лойга ботиб қолгани, фақат битта ишга яроқли қурол қолганини айтиб берган. «Шундай қилиб, бир киши ўқ узган, қолганлар ўқдонни ўқлаб туришган», дейди Маэстро.

Шундай ҳолатлар ҳам бўладики, жангчилар бармоқларини совуқ олдириб қўйишади. Бундан сақланиш учун Бахмутга кўнгиллилар олиб келган бир марталик патаклар ёрдам беради. Маэстронинг айтишича, –15 даража совуқ кунларда уларни оёқ кийими ва қўлқопларига солиб олади. Уларнинг ҳар бирига бериладиган 2-3 жуфт патак бир кунга етади.

«Бир куни тушгача ёмғир қуйди, кейин қор ёғди, кейин эса -10 даража совуқ тушди». Ҳарбийнинг эслашича, Рождество вақти, 6-7 январ кунларида ҳам шундай ҳаво кузатилган.

Маэстронинг айтишича, командирлардан бири соат 00:00 да рация орқали барчани байрам билан табриклаган ва бунинг ортидан бошқа жангчилар ҳам бир-бирига рация орқали табрик йўллай бошлаган. Ўша куни қўшиқлар ҳам куйланган.

«Янги йилда ҳам шунга ўхшаш воқеа бўлганди, шундан кейин миномётчилар бригадаси командири шундай деганди – энди россияликларни табриклаймиз, – дея эслайди ҳарбий. – Биз ўшанда уларни яхши табриклагандик, улар фақат тонгда ўзига келиб, ҳужум қилишни бошлаганди».

«Баянни келтиринг»

Маэстронинг айтишича, кечаю кундуз давом этадиган жанговар сменадан кейин у қилиши мумкин бўлган иш ухлаб қолишдек кўринади. Аммо, айтишича, осонгина ухлай олмайди: адреналин уни анча вақтгача сергак қолдиради.

Бундай вақтларда у қўлига командир илтимоси билан Бахмутга олиб келгани баянини (мусиқа асбоби) олади ва чала бошлайди.

Ижтимоий тармоқларда Маэстро эрта тонгда сменадан қайтиб, қандайдир уйга киргани ва каскаси, оғир зирҳли нимчаси ва юкларини ташлаб, йигитларга шундай дегани акс этган видео бор: «Баянни келтиринг!»

Шундан кейин ҳам у бекор ётишни истамайди ва бирор иш билан шуғулланади. У йигитлар билан бирга хоналарни тозалайди, сув келтириш учун боради. Фақат овқат тайёрламайди - бу иш билан окоплардан ташқаридаги бошқа жангчилар шуғулланади.

Маэстро ўз дўсти билан

«Мен дарҳол айтганман: овқат қилишни ёқтирмайман, қила олмайман ва қилмайман. Ва менга айтишган: яхши, сени тушундик. Шунинг учун мен тозалайман, йигитлар дам олишни истаганида улар учун қўшиқ куйлаб бераман».

Кейин эса, у бутунлай чарчаб, кўзи кета бошлайди, эрталаб соат олтида, у ҳали яхши ухлаб улгурмай кейинги кунги жанговар навбатчилик учун тайёргарлик бошланади.

У бошқалар каби дам олиш кунларида уруш ҳақида ўйламасликка ҳаракат қилади.

«Аммо шундай ҳам бўлади, тозалашдан кейинги иккинчи кун хизмат ҳақида, уруш ҳақида гап чиқади. Аммо шу заҳоти бир-биримизни тўхтатамиз. Йигитлар айтишади: «Тўхта, нега биз бу ҳақда гапиряпмиз? Биз ахир эртага у ерга борамиз, ҳаммаси ўша ерда ва қочиб кетмайди»

Ўрмондаги черков

Ҳозир Маэстро уйида таътилда. У окоплардаги ҳаёти ҳақида BBC мухбирига телефон орқали сўзлаб берди, бу вақтда қизчаси ёнида ўйнаб юради.

«Шундай лаҳзалар бўлган, мен қўрқаётганимни англаганман», – дейди у ва шундан кейин қизидан ўйинчоқларини олиб, бошқа хонага чиқиб туришни сўрайди.

Бахмут кўчаларининг бугунги кўриниши. Фото: CHRIS MCGRATH

«Бизни қуршаб ола бошлашди, мен қанотлардан бирида эдим ва бизни бошқа қанотдан ҳам ўраб олишлари эҳтимоли пайдо бўлди. Мен ҳаммасини тайёрладим ва ибодат қила бошладим», дейди Маэстро.

Бу дақиқаларда у командирнинг буйруғини ёдга олади – қўрқиб кетиш мумкин, аммо чекиниш эмас. Натижада ҳужумни қайтаришга муваффақ бўлинади.

«Мен тез-тез окопда ибодат қилиб тураман, – дея тан олади у. – Олий куч борлиги ва дунёдаги барча нарса шунчаки пайдо бўлмаганига ишонаман. Ҳа, ростини айтсам, баъзида шунчаки кимгадир мурожаат қилиш зарурати бор эди».

Маэстронинг ҳикоя қилишича, бир сафар у билан тўлиқ тушуниб бўлмайдиган воқеа рўй берган. Эрталабки соат 3-4 да, қарийб бир кун ухлаганида, ўрмонда тахминан 20 метр масофада унга черков кўринган.

«Мен атрофга қарай бошладим. Буни тушим деб ўйладим, аммо бир-икки бор ўзимга шапатилаб, уйғоқ эканимни англадим».

«Мен гумбазларга, эшикларга ва деразаларга қарадим. Шунчаки турардим ва ҳайратланардим. Мен бу нимани англатиши ҳақида ўйлардим»

Кейинроқ, у қадрдон қишлоғига таътилга келганида унга кўринган черков унинг уйи атрофидаги черковга ўхшаш бўлганини тушунган. Маълум бўлишича, қишлоқ руҳонийси ҳар бир ибодат вақтида қишлоқдан урушга кетган ҳарбийларни эслаб ўтган.

Маэстро тез орада яна, учинчи марта Бахмутга йўл олишга тайёрланмоқда.

Мавзуга оид