Ўзбекистон | 09:11 / 06.02.2023
6410
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон бўйича маълумот БМТ расмий ҳужжати сифатида тарқатилди

Ўзбекистонда Барқарор ривожланиш мақсадларини изчил амалга ошириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисидаги маълумот БМТ Бош ассамблеяси 77-сессиясининг расмий ҳужжати сифатида қабул қилинди ва тарқатилди, деб хабар бермоқда «Дунё».

Ҳужжат БМТнинг олтита расмий тили - араб, хитой, инглиз, француз, рус ва испан тилларига таржима қилинди ва барча аъзо давлатлар, БМТнинг ихтисослашган агентликларига тақдим қилинди, ташкилот журнали ва Расмий ҳужжатлар тизимида А/77/700 рақам остида жойлаштирилди. Унда Ўзбекистон БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларини ҳаётга татбиқ этиш бўйича амалий чора-тадбирлар кўришда давом этаётгани қайд этилган.

Давлат бошқаруви тизимида амалга оширилаётган туб ислоҳотларга ижобий баҳо берилган. Ушбу ўзгаришлар доирасида давлат хизматчиларининг сони босқичма-босқич қисқартирилиб, тежалган маблағлар ижтимоий масалаларни ҳал этишга йўналтирилиши таъкидланган.

Нашрда 2023 йил Ўзбекистонда «Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили» деб эълон қилингани, унинг асосий вазифаларидан бири мактаб таълими сифатини ошириш, ўқитувчиларнинг меҳнат шароитларини яхшилаш ҳамда уларнинг ролини ошириш этиб белгиланганига алоҳида эътибор қаратилган. Жорий йилда 70 та янги мактаб қуриш, 460 та мактабни кенгайтириш кўзда тутилгани урғуланган. Барча ҳудудларда бошланғич синфлар учун бепул овқатланиш йўлга қўйилиши, республикада Европа стандартлари бўйича янги таълим дастури жорий этилаётгани алоҳида таъкидланган.

«Умуман олганда, Ўзбекистон раҳбарияти томонидан белгиланган вазифаларнинг изчил бажарилиши 2030 йилгача бўлган даврга мўлжалланган Барқарор ривожланиш кун тартибида кўзда тутилган мақсадларни муваффақиятли амалга ошириш, аҳоли фаровонлигини юксалтириш, республикадаги долзарб ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал этишга хизмат қилади», дейилади ҳужжатда.

Мавзуга оид