Европа Иттифоқи Молдовани таркибий ислоҳотларга чақирди
ЕИ-Молдова Ассоциация кенгаши йиғилишида 2022 йилда мамлакатда амалга оширилган ислоҳотлар якунлари сарҳисоб қилинди. Кишинёв адлия ва коррупцияга қарши кураш соҳасида сезиларли ютуқларга эришди, деб маълум қилди Еврокомиссия.
Молдова ва ЕИ ўртасида божхона, солиқ ва соғлиқни сақлаш соҳаларида учта шартнома имзолаш орқали бир қатор муҳим йўналишларда ҳамкорликни чуқурлаштиришга келишиб олинди. Бу ҳақда 7 февраль, сешанба куни Брюсселда бўлиб ўтган ЕИ-Молдова ассоциацияси кенгашининг еттинчи йиғилиши якунлари бўйича эълон қилинган қўшма баёнотда айтилади.
ЕИнинг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел ва Молдова бош вазири Наталя Гаврилица раислигида ўтган йиғилиш иштирокчилари Кишинёв томонидан 2022 йилда Европа Иттифоқи билан ассоциация келишуви доирасида амалга оширилган ислоҳотларни муҳокама қилдилар. «2022 йилда Молдова Россиянинг Украинага қарши тажовузкорлигининг оғир оқибатларига қарамай, бир қанча соҳаларда, хусусан, адлия ва коррупцияга қарши курашда сезиларли муваффақиятларга эришди», — дейилади учрашувдан кейин Европа комиссияси сайтида эълон қилинган хабарда.
Шу муносабат билан ЕИ 2021 йил октябр ойидан буён 1,09 миллиард евро миқдорида кредит ва грантлар бериб, инқирозларга чидамлилиги учун мамлакатга кўмакни сезиларли даражада оширди. Брюссел, шунингдек, Молдовага 150 миллион евролик макромолиявий ёрдам дастури орқали макроиқтисодий ва молиявий барқарорлаштириш саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш мажбуриятини яна бир бор тасдиқлади.
Шу билан бирга, Европа Иттифоқи Молдованинг иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётда олигархларнинг ҳаддан ташқари таъсирига қарши курашиш бўйича саъй-ҳаракатларни фаоллаштириш истагини олқишлади. Шу муносабат билан Европа Иттифоқи адлия, сиёсий партияларни молиялаштириш, сайлов қонунчилиги, оммавий ахборот воситаларига эгалик қилиш, солиққа тортиш, рақобат сиёсати, Венеция комиссияси тавсияларини тўлиқ амалга оширишда чуқур таркибий ва тартибга солувчи ислоҳотлар муҳимлигини таъкидлади. Бундан ташқари, ЕИ Молдовани пул ювиш, шунингдек, уюшган ва трансчегаравий жиноятларга, хусусан, Украинадаги уруш билан боғлиқ ҳолда одам контрабандасига қарши фаолроқ курашишга чақирди.
ЕИ Молдованинг Россиянинг Украинадаги агрессиясига қарши қатъий позицияси ва украиналик қочқинлар билан бирдамлигини олқишлади. Брюссел Кишинёвнинг Европа Иттифоқи қонунчилигига мувофиқ Украинадаги урушдан қочган одамларни вақтинчалик ҳимоя қилиш ҳақидаги қарорини маъқуллади. Бундан ташқари, Европа Иттифоқи Молдовага Украинадан ғалла ва ёнилғи транзитини, шунингдек, Молдова, Украина ва ЕИ ўртасида бошқа юкларни ташишни ташкил этишга қўшган ҳиссаси учун миннатдорчилик билдирди.
Европа Иттифоқи Кишинёвни Молдова Республикасининг суверенитети ва ҳудудий яхлитлиги асосида Днестрбўйи можаросини унинг халқаро тан олинган чегаралари доирасида, минтақа алоҳида мақомга эга бўлган ҳолда ҳал қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларида сўзсиз қўллаб-қувватлашини тасдиқлади. Европа Иттифоқи Россиянинг энергиядан Молдовани беқарорлаштириш қуроли сифатида фойдаланишда давом этаётганини қоралади ва Молдова ҳукуматининг ушбу инқирозга конструктив ёндашуви учун миннатдорчилик билдирди.
Мавзуга оид
00:09 / 13.11.2024
Молдова ҳудудидан яна бир дрон топилди
23:38 / 10.11.2024
Россия томонидан учирилган иккита дрон Молдова ҳудудига қулаб тушди
17:48 / 06.11.2024
«Ўзбекистон қитъаларимиз чорраҳасида жойлашган ва глобал алоқаларимиз марказида бўлиши лозим» — Урсула фон дер Ляйен
21:13 / 05.11.2024