Жаҳон | 11:53 / 16.02.2023
4407
2 дақиқада ўқилади

Тожикистонда ҳам Yandex.Go ишга тушгани айтилмоқда

16 февралдан Россиянинг гигант IT-компаниясига тегишли Yandex.Go сервис хизмати Душанбеда ҳам ишлай бошлади. Бу ҳақда Sputnikʼнинг Тожикистондаги мухбирлари маълум қилди.

 

Sputnik Таджикистан Telegram-каналида эълон қилинган видеога кўра, журналистларнинг шахсан ўзи бу хизматдан фойдаланиб кўрган. Унга кўра, Yandex.Go иловаси орқали буюртма берилгач, автомобил 3-4 дақиқада етиб келган.

«102-микрорайондан матбуот уйигача бўлган йўналишда 21 сомоний (22 минг 883 сўм), шаҳар марказидан аэропортгача эса 20 сомоний (21 минг 787 сўм) бўлди», дейилади хабарда.

Yandex.Go хизмати Тожикистонга кириб келаётгани ҳақидаги миш-мишлар 2022 йилнинг 3-чорагида тарқалиб, декабр ойида қисман ўз тасдиғини топганди.

Asia.plus нашрининг Yandex.Go реклама агенти Элмаз Бархоновага таяниб берган маълумотига кўра, ўша вақтда мазкур сервис хизмати Тожикистонда синовдан ўтказилаётган бўлган ва тез орада расмий маълумот берилиши айтилган.

«Улар икки ой аввал Тожикистонда иш бошлаган. Биз уларнинг таргети, маркетинги, анонслари ва бошқа маълумотларини кузатяпмиз. Ишга ходим ҳам олишмоқда. Айтишларича, исталган одам уларга мурожаат қилиб, ишга кириши мумкин. Ҳозирча компания офиси қаерда жойлашгани ва улар билан қандай боғланишни билмайман», деган Asia.plus мухбирига Душанбедаги такси компания ходимларидан бири.

Googleʼдаги маълумотларга кўра, Yandex.Go хизмати 12 та давлатда ишлайди ва улар қаторида ҳозирча Тожикистон йўқ. Бу давлатдаги такси сервис хизматлари орасида ҳам Yandex.Go номи қайд этилмаган.

Мавзуга оид