2022 йилда дарахтларни ноқонуний кесиш оқибатида 10 млрд сўмлик зарар етказилган
2022 йил давомида дарахт ва буталарнинг ноқонуний кесилиши билан боғлиқ 4599 та ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланиб, уларга нисбатан 7,3 млрд сўм маъмурий жарима белгиланган, табиатга етказилган зарар - 10 млрд сўм. Бу ҳақда Табиат ресурслари ҳамда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирликларининг ахборотида айтилган.
Ўтган йилда жами 1777 туп қимматбаҳо ва кўп йиллик дарахтлар кесилган. Вазият таҳлил этилганда, қурилиш объектлари атрофини ўраб олиш натижасида дарахтларнинг қаровсиз қолиши, шикастланиши ва нобуд бўлиш ҳолатлари содир этилаётганлиги аниқланган.
“Экологик экспертиза тўғрисида”ги қонуннинг 11-моддасида давлат экологик экспертизаси объектлари қаторига барча турдаги қурилишлар учун ер участкаларини ажратиш материаллари ҳамда шаҳарсозлик ҳужжатларининг барча турлари киритилган. Бироқ, масъуллар томонидан Тошкент шаҳридаги қурилиш объектлари хатлов қилинганида ер ажратиш билан боғлиқ 2019 йилда 235 та, 2020 йилда 89 та ва 2021 йилда 99 та объектга ўрганилмасдан ва давлат экологик экспертизасининг хулосаси олинмасдан қурилишга ер ажратиб берилганлиги ва қурилиш лойиҳалари ишлаб чиқилганлиги аниқланган.
2022 йилда Тошкент шаҳрининг 11 та туманидаги 332 та хўжалик юритувчи субъект ҳудудлари ўрганилиши натижасида умумий 21031 дона турли хилдаги дарахтлар хатловдан ўтказилган, уларнинг 17767 донаси манзарали, 2599 таси мевали дарахтлар бўлиб, уларнинг 103 таси қуриб қолганлиги ва 20 таси турли хил касалланганлиги маълум бўлган.
Республика бўйича 500 дан зиёд қурилиш объектлари атрофи ўраб олинган бўлиб, уларда 24 мингга яқин дарахтлар тақдири хавф остида қолмоқда. Бир қатор қурилиш объектларида дарахтларни кесиб ташлаш ҳолатлари содир этилган.
Мирзо Улуғбек тумани ҳудудида жойлашган қурилиш объектида хандақ (котлован) қазиш ишлари олиб борилган ҳудудда жами 55 туп дарахт йўқ қилинган. Чилонзор туманидаги кўп қаватли турар жой биноси қурилиши учун ўраб олинган ҳудудда 18 туп дарахт шикастлантирилгани аниқланган, Яшнобод туманида қурилиш объектида 83 туп кўп йиллик манзарали дарахтлар ноқонуний равишда кесилган.
Қонунчилик палатасидаги эшитувда депутатлар томонидан мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан бир қатор таклиф ва тавсиялар берилди. Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 апрелдаги “Қурилиш соҳасига оид ягона маъмурий қурилиш регламентларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига қурилиш объектларига дарахтлар кесилишининг олдини олишга қаратилган тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш лозимлиги таъкидланди. Қурилиш объектларининг атрофни ўраш тартибини қонунчилик ҳужжатларида аниқ белгилаш, республикадаги давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтларни тўлиқ рақамлаштириш йўли билан хатловдан ўтказиш юзасидан таклифлар билдирилди.
Мавзуга оид
15:30 / 13.11.2024
Қозоғистонга йўлбарслар қайтарилмоқда. Улар бундан 70 йил аввал йўқолиб кетганди
18:18 / 12.11.2024
Жаҳонда 10 йил давомидаги табиий офатлардан кўрилган зарар 2 триллион доллардан ошди
17:40 / 08.11.2024
“Дунёдаги дарахтларнинг 38 фоизи йўқолиб кетиш хавфи остида” – IUCN
20:35 / 07.11.2024