Ўзбекистон | 10:45 / 17.02.2023
16544
4 дақиқада ўқилади

Айдаркўлда сув сатҳи 2 метргача пасайиб, ҳажми 36,8 млрд метр кубга тушган 

Айдаркўлга ҳар йили қишлаш учун январ-март ойларида 400га яқин, шулардан 13 турдаги халқаро ва 24 турдаги Ўзбекистон Қизил китобига киритилган қушлар учиб келган. Кўл ва кўл атрофидаги экотизимнинг ўзгариши бу қушларнинг ҳам миграция йўлларини ўзгартириши ва йўқолиб кетишига олиб келиши мумкин. Бу ҳақда Сенатнинг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари ва экология қўмитаси йиғилишида айтиб ўтилди.

16 феврал куни Сенатнинг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари ва экология қўмитаси мажлиси ўтказилди. Унда “Айдар-Арнасой” кўллар тизимида олиб борилган ўрганиш натижалари ҳақида ахборот берилди.

Маълум қилинишича, кўллар тизимининг сув ҳажми 2006 йилда 42,1 млрд метр кубни ташкил этган. Сўнгги йилларда иқлимнинг ўзгариши ва ташқи сув манбаларидан ташланаётган чучук сув миқдори айрим йилларда камайиши ва бошқа қатор омиллар сабаб, кўллар тизимидаги сувнинг сатҳи 2 метргача пасайиб, сув ҳажми 36,8 млрд метр кубга тушган. Шунингдек, сувнинг минераллашув даражаси ошган. 

Сув сатҳининг пасайиши натижасида қирғоқ бўйлари 15-50 метрга чекиниб, 15-20 смгача, баъзи жойларда ундан ҳам кўпроқ туз қатлами ҳосил бўлган. Бунинг оқибатлари кўллар ва уларнинг атрофидаги экотизимдаги ўзгаришларда, шу жумладан сувли-ботқоқли ҳудудларнинг ўзига хос флора ва фаунаси камайиб боришида намоён бўлмоқда. 

Айдаркўлга ҳар йили қишлаш учун январ-март ойларида 400га яқин, шулардан 13 турдаги халқаро ва 24 турдаги Ўзбекистон Қизил китобига киритилган қушлар учиб келган. Кўл ва кўл атрофидаги экотизим ўзгариши бу қушларнинг ҳам миграция йўлларини ўзгартириши ва йўқолиб кетишига олиб келиши мумкин.

Айдар-Арнасой” кўлларидан унумли фойдаланиш ва уни асраб-авайлаш борасида Ҳукуматнинг тегишли қарори асосида ишлар ташкил этилмоқда. Жумладан, «Ўздаверлойиҳа» давлат илмий-лойиҳалаш институти томонидан Жиззах ва Навоий вилоятларининг кўллар тизимига туташ ҳудудлари хатловдан ўтказилган. Сувни муҳофаза қилиш минтақалари бўйича дастлабки электрон харита яратилган.

Жиззах вилояти ҳудудида туризмни ривожлантириш бўйича 11 та лойиҳа ишга туширилиб, ички туризм объектлари томонидан 15 млрд сўмдан зиёд маблағ ўзлаштирилган.

Шунингдек, ҳудудда 2022 йилнинг баҳор мавсумида 200 гектар ҳимоя ўрмонзорлари барпо этилиб, 2 км масофада чорвачилик билан шуғулланишни чеклаш бўйича “Экопатрул” тизими томонидан назорат ўрнатилган.

Кўллар тизими сув ҳажмини сақлаб туриш мақсадида Мирзачўл коллекторининг назорат пунктида “ақлли сув” қурилмаси ўрнатилиб, сув ҳисоби олиб борилиши йўлга қўйилди. Назорат ишлари натижасида 2022 йил давомида кўллар тизими 1 млрд 918 млн метр куб ички коллектор-дренаж сувлари билан тўйинтирилган”, — дейилади қўмита ахборотида.

Қўшимча қилинишича, ташқи сув манбаларидан “Айдар-Арнасой” кўллар тизимига жорий йилнинг 10 феврал ҳолатига 500 млн метр кубдан ортиқ чучук сув ташланган. Шунингдек, келгусида кўллар тизимига ташқи манбаларидан қўшимча 1 млрд метр куб чучук сув олиш масаласи юзасидан амалий ишлар давом эттирилмоқда.

Kun.uz олдинроқ Айдаркўлда Орол қисмати такрорланиши мумкинлиги, унинг сув сатҳи пасайиб, соҳил километрларга чекингани ҳамда ҳудудда яшовчи аҳоли бундан хавотирда экани ҳақида репортаж тайёрлаганди.

Бу Ўзбекистонда сув билан боғлиқ ягона муаммо эмас: толиблар томонидан Афғонистонда қурилаётган Қўштепа канали ҳам сув тақчиллиги, қурғоқчилик ва чўлланиш каби муаммолар билан курашаётган Ўзбекистон олдида яна бир жиддий муаммо пайдо қилмоқда. Мазкур канал қуриб битказилса, Амударёнинг деярли 10 куб километр, яъни учдан бир қисм суви Афғонистоннинг ичкари ҳудудларига оқиб кетади

Мавзуга оид