Жаҳон | 17:52 / 17.02.2023
21766
21 дақиқада ўқилади

«Бу катта бир инқилобнинг бошланиши» – намойишлар тўлқини эронликларни ўзгартирдими?

2022 йил сентябр ойида Эрон полицияси курд миллатига мансуб 22 ёшли Маҳса Аминийни рўмолни нотўғри ўрагани учун қўлга олади. Икки кундан кейин қиз касалхонада вафот этди. Ҳукумат қиз юрак хуружидан ўлганини маълум қилган. Ҳуқуқ фаоллари ва Аминийнинг яқинлари эса полициячилар уни уриб ўлдирган деб ҳисоблайди.

Фото: Vahid Salemi / AP / Scanpix / LETA

Аминийнинг ўлими бутун мамлакат бўйлаб норозилик намойишлари бошланиб кетишига сабаб бўлганди. Эрон ҳукумати эса намойишларни бостиришнинг ўзи билган ягона йўлидан фойдаланиб, минглаб одамларни қўлга ола бошлади. Намойишчилардан 500 нафари ҳалок бўлгани, уларнинг 70 нафари вояга етмаганлар бўлгани айтилган.

Ўтган вақт ичида норозилик акцияларида қатнашган 4 киши намойишкорона қатл қилинди. Яна ўнлаб намойишчиларга ўлим ҳукми чиқарилган. «Медуза» мухбири Эронда бўлиб, маҳаллий одамлар билан намойишлар мамлакат ҳаётини қандай ўзгартиргани ҳақида гаплашди. Қуйида Дмитрий Хобботовскийнинг Теҳрондан тайёрланган репортажи айнан келтирилади.

Ҳижобдан соч чиқиб қолса...

Кечқурунлари Теҳронни айланар экансиз кўплаб аёллар юзини ўрамаган ҳолда шаҳар айланиб юргани кўзга ташланади. Айниқса ёш қизлар. Кўп ҳолларда улар эркак яқинлари ёки ота-оналари билан бирга бўлишади. Аёллар бўйни, елкаси ва сочини очиқ қолдириш орқали 2022 йил июл ойида оятуллоҳ Али Хоминаий раҳбарлигидаги ҳукумат қабул қилган ҳижоб ўраш тўғрисидаги қонунни бузган бўлади. Ушбу қонунга кўра аёллар ҳижобни юзидан бошқа ҳамма жойини ёпиб ўраши керак.

Эронда 1979 йил ислом инқилоби амалга оширилганидан буён ҳижоб ўраш тартибга солиб келинади ва бу сафарги тартиб ўшандан буён жорий қилинган энг кескин чорадир. Бу тартибни бузганлар жаримага тортилиши ва икки ойгача қамалиши ҳам мумкин. Ўзи ҳижобни нотўғри ўраш учун жазо аввалдан ҳам бўлган, лекин 2018 йилда бу тартибни гўёки «юмшатишган» – аёлларни жазолаш ўрнига улар учун махсус «таълим курслари» ташкил этилган. Бу курсларда аёллардан доим юзини ўраб юриши бўйича «ихтиёрий» тилхат ёздириб олинган.

2022 йил ёзда амалга кирган тартиб эълон қилингач, бундан норози бўлган эронлик аёллар ижтимоий тармоқларда ўз эътирозларини билдира бошлади: кимдир ҳижобини ечаётгани, кимдир рўмолсиз кўчада юрганини тасвирга олиб ўз саҳифасига жойлади. БМТ маълумотларига кўра, бундай ўзига хос онлайн норозиликларда қатнашган аёллардан баъзилари қўлга олинган.

2022 йил 13 сентябр куни Эрон ахлоқ полицияси (мамлакатдаги диний тартибларни назорат қилувчи орган) зобитлари 22 ёшли Маҳса Аминийни сочи ҳижобидан чиқиб турганини иддао қилиб қўлга олишади. Зобитлар қизнинг ҳамроҳи бўлган акасига у «тушунтириш ишлари олиб борилгач» бир соатдан кейин қўйиб юборилишини айтишади. Аммо қиз маҳкамадан тез ёрдам машинасида касалхонага олиб кетилади, акасига эса унда юрак хуружи кузатилганини айтишади. Икки кун комада бўлган Маҳса касалхонада жон беради.

Қизнинг яқинлари унинг саломатлигида ҳеч қандай муаммо бўлмаганини айтишган. Маҳсининг бутунлай кафанланган танасини эса яқинларига фақат дафн маросимида кўрсатишади. Ҳуқуқ ҳимоячилари қиз бошидан олган жароҳат оқибатида ҳалок бўлганини аниқлашади. Эрон ҳукумати қиз вафот этганидан 3 ҳафта ўтиб – 7 октябр куни расмий маълумот бериб, унинг юраги тўхтаб қолганини маълум қилади.

Намойишлар бошланиши

Қизнинг ўлимидан кейин Эроннинг кўплаб шаҳарларида намойишлар бошланиб кетди. Пойтахт Теҳрондан Аминий туғилган Курдистондаги Секкезгача. Намойишчилар «Аёлларга озодлик», «Хоминаийга ўлим» дея ҳайқиришди. Қиз вафотидан 4 кун ўтиб Эрондаги 31 та вилоятдан 16 тасида намойишлар бошланди. Намойишчилар орасида оятуллоҳ Хоминаий ва ислом инқилоби етакчиси Руҳуллоҳ Ҳумайнийнинг суратларини ёқиб юборганлар бўлди.

Эрон ҳукумати эса кутилганидек ҳаракат қилди: шаҳарда полициячилар ва Инқилоб муҳофизлари корпуси зобитлари кўпайди. Намойишлар ортида эса Эрон ҳар қандай ҳолатда айблаши мумкин бўлганлар – Курдистон ишчи партияси, сионистлар ва хорижий махсус хизматлар тургани иддао қилинди. Намойишларнинг биринчи кунидан одамларни ёппасига қўлга олиш бошланди, кўпчилик ҳалок бўлди. Аммо бу ҳолат намойишчиларни қўрқитмади, улар аввалига Маҳса Аминийни ўлдиришгани бўйича ҳолат ўрганилишини талаб қилган бўлса, кейинчалик Хоминаий тузуми истеъфосини талаб қилиш бошланди.

«Ҳукумат ва уларга бўйсунувчи ОАВ биз инқилоб қила олмаслигимизни айтишмоқда, аммо бундай эмас, Эронда кўпчилик ҳукуматдан норози. Юзлаб, балки минглаб намойишга чиққанлар ўлиб кетаётган бир вақтда ҳукумат уларнинг сони кам эканини иддао қилар, ўлганларнинг исмини ҳам ошкор қилмасди», дейди намойишларни қўлловчи 23 ёшли Нафас исмли қиз.

Намойишлардан икки ой ўтиб ОАВда ахлоқ полицияси фаолияти юмшатилгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Гўёки бош прокурор Жаъфар Мунтазарий бу ҳақда айтгани хабар қилинди. Ғарб нашрлари прокурорнинг гапларига асосланиб гўёки Эрон ҳукумати ҳижоб бўйича талабдан воз кечгани ҳақида ёзди, аммо бу хато эди: прокурорнинг гаплари контекстдан юлиб олинганди. Прокурор шунчаки тартибни қайта кўриб чиқиши ҳақида гапирганди ва кейинчалик бу борада ўзгариш бўлгани ҳам йўқ.

«Худога қарши душманлик»

Ҳукуматнинг ҳижоб бўйича талабни кўриб чиқаётгани намойишларни тўхтатиш учун жуда сезилмас қарор эди ва улар кутилганидек давом этаверди. Одамлар Европадаги каби шунчаки баннерлар кўтариб кўчаларда қарсак чалишгани йўқ, улар кучишлатар тизим зобитлари билан муштлашишди. Human Rights Activites ташкилоти Эрондаги намойишлар вақтида камида 522 киши ҳалок бўлганини аниқлади. Улардан 70 нафари вояга етмаганлар, 68 нафари эса орган ходимлари эди. 20 мингдан ортиқ намойишчи қўлга олиниб, улардан 110 нафари Эрон ва Саудияда ўлимга ҳукм қилишга асос бўлувчи «Худога қарши душманлик» жиноятида айбланди. Ҳозиргача 4 нафар намойишчи шу айблов билан осиб ўлдирилди.

«Балки бу мўъжизадир?»

Теҳрон кўчаларида эронликлар «Медуза» мухбири билан бажонидил намойишлар ҳақида гаплашди. Тўғри, улар Инқилоб муҳофизлари корпуси зобитлари ёки полициячилар йўқми деб атрофга қараб олишар, лекин ўз фикрини дангал айта оларди. Одамлар зобитлар қачон камроқ бўлишини ҳам билишади: масалан, иш вақти бўлганда улар асосан чорраҳаларда гуруҳ-гуруҳ бўлиб туришади. Одамларнинг айтишича, ҳозир улар иш йўқлигидан уйқусираб «пашша қўриб ўтиришади».

Умуман олганда, кечалари норозилик акциялари бўлишидан хабари бўлмаганлар Эрон пойтахти бир неча ой аввал намойишлар ичида қолиб кетганини сезмайди ҳам. Пойтахт кўчаларида мухолифчилар орасида машҳур бўлган қўшиқлар баландлатиб қўйилган машиналар тез-тез ўтиб кетади. Аммо форсчани билмаганлар бу ҳам ўзига яраша исён эканини тушунмайди.

Намойишчилар акциялар қаерда ва қачон ўтказилиши ҳақида ижтимоий тармоқлар орқали хабар топишади. Ҳукумат узоқ йиллардан буён мамлакатда интернетни тўлиқ назорат қилмоқчи бўлади, аммо бунинг имкони бўлмаяпти, чунки эронликлар VPN’дан фаол фойдаланишади. Бундан ташқари, одамлар сунъий йўлдошли антенналар орқали форс тилидаги мустақил телеканалларни томоша қилишади.

«Намойиш ҳақида Instragram'дан ёки Iran International телеканали орқали билиб оламиз, бу Эрондаги энг машҳур канал, ҳатто қишлоқларда одамлар бир амаллаб сигнал ушлаб уни томоша қилишади. Шунингдек, BBC ва «Америка овози»нинг форсча эфирлари бор», дейди 26 ёшли тиббиёт ходими Арма. «Ҳукумат уларни нега ёпиб қўя олмайди дейсизми? Ахир ҳамма уйга бирма-бир кириб, спутникли қурилмаларни йиғиштириб чиқа олишмайди-ку. Олишганида ҳам одамлар дарров янгисини қўйдириб олишади. Биз бу каналларсиз яшай олмаймиз», дейди у.

Маҳса Аминийнинг ўлими ҳақида эшитганида дизайнерлик билан шуғулланувчи 24 ёшли Зулфия чет элда дўстлари билан дам олаётганди. «Аввало мен ҳам хавф остида эканимни ўйладим. Ахир худди биз каби яна бир қиз ўлди. Катта эҳтимол билан ҳукумат томонидан ўлдирилди. Бир лаҳза унинг ўрнига ўзимни қўйиб кўрдим», дейди Зулфия.

Теҳрондаги намойишлар. 2022 йил 27 октябр
Middle East Images / AP / Scanpix / LETA

Унинг айтишича, аввалига Маҳса Аминийнинг ўлими бу қадар кенг қамровли намойишлар бошлаб юборишига умид ҳам қилмаган: «Бу бир нурга ўхшарди. Балки мўъжиза бўлгандир», деб эслайди намойишлар ҳақида интернетда кўрган Зулфия дастлабки кечинмаларини бўлишар экан.

«Аввал одамлар қўрқарди, аммо энди ижтимоий тармоқлар кучи билан одамларнинг дунёқараши ошяпти ва мамлакатда нималар бўлаётганини билиб туришибди. Энди ҳукуматдагилар одамларни алдай олишмайди. Бу катта бир инқилобнинг бошланиши, мен бунга ишонаман, кўпчилик бунга ишонади. Чунки кўп марта бунга ҳаракат қилиб кўрганмиз», дейди дизайнер қиз.

Намойишлар мадҳияси

Эрондаги намойишларни қўлловчи акциялар бутун дунё бўйлаб ўтказилди. Масалан, Берлин марказида 80 минг киши қўллаб-қувватлов акциясида иштирок этди. Нью-Йоркдаги Франклин Делано Рузвелт номидаги эркинлик боғида одамлар аёлнинг сочи ёйилиб турганини ифодаловчи жонли ифода яратишди. Парижда 50 нафар француз актрисалар Эрондаги намойишларни қўллаб, сочларини намойишкорона кесишди. Эронда Маҳса Аминийнинг ўлимидан кейин бошланган намойишларда аёллар шундай тарзда ўз норозиликларини билдиришганди.

Эроннинг ўзида ҳам кўплаб машҳурлар бундай акцияларда иштирок этишди. Масалан, Эрон миллий жамоаси футболчилари ЖЧ 1-тур доирасидаги Англияга қарши ўйинда очиқчасига мамлакат мадҳиясини куйламай, намойишларни қўллаб-қувватлашди. Бундай акцияларда қатнашганларни эса қўлга олишди. Масалан, мамлакатдаги энг машҳур актрисалардан бири Тарона Алидўст ва Эрон миллий жамоаси футболчиси Воруя Ғофури.

Намойишларни қўллашини яширмайдиган Эмна исмли 25 ёшли қиз Хоминаий режимини қоралаган санъат вакиллари номини фахр билан айтиб берди. Масалан, Шервин Ҳожипур ҳақида. Бу мусиқачи Twitter'даги ўқувчиларидан «Биз нима учун курашяпмиз?» деган саволга жавоб беришларини сўради. Кейин бу твитга берилган жавобларни саралаб, «Баройе» (Шу учунким) номли қўшиқ яратди. Бу қўшиқ Эрондаги намойишлар мадҳиясига айланиб кетди. Табиийки қўшиқни яратган Ҳожипурни «амалдаги тузумга қарши тарғибот» ва «одамларни зўравонликка ундаш»да айблаб қўлга олишди. Кейинроқ уни товон пули эвазига қўйиб юборишди.

«Бу бир муаллифнинг эмас, кўпчиликнинг қўшиғи. Уни куйлаган йигит ҳам машҳур юлдуз эмас, шунчаки Эрон телеканалидаги шоуларда кўриниш берган талантлардан бири. Уни бошқа мамлакатлар билан алоқада айблашди ва шу сабаб сўроқ қилишди», дейди Эмна.

Ноябр ойи бошида полиция Эронда машҳур бўлган 32 ёшли рэпер Тумажа Солиҳини ҳам қўлга олди. Қўшиқчи намойишлар бошидан буён ҳукуматнинг ҳаракатларини қоралаб келади. «У одамларни жонлантиришни истаганди. Шу орқали кўпчилик учун етакчига айланди. Унинг ҳаёти шундоғам хавф остида эди, энди эса қамоқда», дейди Эмна рэпер ҳақида.

Мактаб болалари ҳам қўлга олинган

Эронлик юлдузларнинг норозиликлари халқаро нашрларда ҳам ёритилди, аммо намойишларда қатнашгани учун вояга етмаган болалар ҳам қўлга олингани янада жиддий реакцияларга сабаб бўлди. Болалар нафақат намойишлар вақтида, балки мактаблардан ҳам ушлаб кетилган. Human Rights Activists in Iran ҳуқуқ фаоллари намойишлар вақти Эронда 60 нафар 18 ёшга тўлмаган ёшлар ҳалок бўлганини аниқлаган. 14 ёшли қизни наркотик савдосида айблаб қамашган. 16 ёшли йигит қўлга олингач бурни уриб синдирилган, «Босижа» номли Инқилоб муҳофизлари корпусига қарашли бўлинма вакиллари 13 ёшли қизга мактабда ҳужум қилган. Германиянинг Bild нашрига кўра икки ўсмир «Худога қарши душманлик» учун ўлимга ҳукм қилинган.

Вафот этган ёшлардан бири бўлмиш 16 ёшли Ника Шакарами намойишлар авжига чиққан 20 сентябр куни Теҳронда йўқолиб қолади. Олдинроқ у ҳижобини ёқаётганини видеога олиб ўз саҳифасига жойлаганди. Қизнинг яқинлари унинг жасадини 10 кун ўтиб Теҳрондаги ўликхоналардан бирида топишади. Ҳукумат қиз ўз жонига қасд қилганини маълум қилган.

Никанинг дафн маросимида унинг яқинларидан ташқари намойишчилар ҳам иштирок этади. Жаноза навбатдаги норозилик акциясига айланиб кетиб, одамлар «Ҳаммамиз Никамиз, бизни урсангиз, биз ҳам жавоб берамиз» деб ҳайқиришди.

New York Times'нинг ёзишича, воқеа жойида бўлган полициячилар одамларга қарата ўқ узган, одамлар эса полицияга тош отган. Баъзи манбаларга кўра полиция йиғилганларга қарши кўздан ёш чиқарувчи ўқ ишлатган.

Намойишчилар касалхонага боришга қўрқади

Намойишчилар орасида кўплаб эркаклар жиддий жароҳат олган. Ўзини Саман деб таништирган 30 ёшли йигитнинг айтишича, унга қарата яқин масофадан отишгани учун (резина ёки кўздан ёш чиқарувчи ўқ назарда тутилмоқда – тарж.) бир кўзидан айрилган. 27 ёшли Масъуд намойишларда яраланиб шифокорларга мурожаат қилганида унинг танасида 50 тадан ортиқ металл парчаси топилган. Намойишчилар яраланганидан кейин шифохоналарга боришга ҳам қўрқмоқда. Чунки давлат касалхоналарига мурожаат қилганлар полицияга топширилиши ҳам мумкин.

23 ёшли Нафас полиция намойишлар вақтида қандай куч ишлатгани ҳақида «Медуза» мухбирига шундай дейди: «Дугонам Машҳаддаги Фирдавсий университети олдида кетаётган бўлган. Ундан бир неча қадам орқароқда эса бир йигит келган. Дугонам ўқ овозини эшитиб ўгирилиб қараса, йигит ўлиб ётган бўлган. Машҳаддаги яна бир дугонам отишма сабаб кўр бўлиб қолди», дейди Нафас.

«Телевизорда ҳаммаси яхши»

Ушбу мақолани ёзган муаллиф ҳам эронлик зобитлар билан муаммога дуч келган. Мухбир 16 ноябр куни Исфахон бўйлаб дўсти ва эронлик таниши билан кетаётган бўлган. Улар чорраҳалардан биридаги Инқилоб муҳофизлари корпуси зобитларидан ўтиш мумкинми, деб сўраган. Бу вақтда Исфаҳонда намойиш бўлмаётгани сабаб улар рухсат берган, лекин журналист ўтиб кетиши билан унга ҳужум қилишган.

Аввалига журналистнинг эронлик дўстини ерга ётқизиб уришган, у зобитдан инглизчалаб бас қилишни талаб қилганида ўзи ҳам резина таёқ билан зарба еган. Шунда вазиятга зобитлар бошлиғи аралашиб уларни ажратган. Журналистнинг танасига еттита пластик ўқ киради, чунки зобитлар яқин масофадан отганди. Аммо «Медуза» мухбири шифохонага мурожаат қилмайди ва таниш докторлар унга ўқларни чиқариб олишда ёрдам беради.

Журналист ва дўстлари ярим соат давомида яқин ўртадаги дўконда яшириниб туришади. Шу вақт кўчада намойиш бошланиб кетади. Улар узоқ вақт такси ҳам чақира олишмайди, чунки кўпчилик ҳайдовчилар намойиш бўлаётган ҳудудга боришни истамайди.

Ҳукумат назоратидаги нашрларда намойишчиларни калтаклашгани ҳақида ҳеч қандай маълумот берилмайди. «Эрон каналлари ҳаммаси тинч ва ажойиблигига, биз зўр давлатда яшаётганимизга, бизда ҳеч қандай уруш йўқлигига ишонтирмоқчи бўлишади», дейди дизайнер Зулфия.

«Бу тузум билан келишмовчилик шунчалик жонимизга тегдики. Шу кунларда жуда кўп одам ўлиб кетди. Тасаввур қилинг тунда намойишчилар ва полиция ўртасида чинакам жанг бўлади, эрталаб эса телевизорда ҳаммаси яхши эканини ҳикоя қилишади. Биласизми, Эрон телеканалларида Германияда Эронни қўллаб ўтказилган намойишларни немислар газ йўқлиги учун намойиш қилмоқда деб кўрсатишди», дейди у.

«Биз эркинликка ҳақлимиз»

Мамлакатда намойишлар куч билан бостирилаётган ва кўплаб одамлар ўлиб кетганига қарамай, «Медуза» мухбири билан гаплашганларнинг ҳаммаси намойишларда илҳомланганини айтади. Улар мамлакатдаги аёллар билан боғлиқ вазият тез орада яхшиланишига ишонади.

Ҳозир Эронда аёллар учун кўп нарса тақиқланган. Масалан, улар судя ёки президент бўла олмайди. Миллий қўшиқлардан бошқа мавзуда куйлолмайди, эркаклар олдида рақс тушишга ҳаққи йўқ, футбол ўйинларига киритилмайди (фақат Эрон миллий жамоаси ўйинлари бундан мустасно). Эронлик аёллар мамлакатдан чиқиши учун албатта отаси, эри ёки акасидан рухсат олиши керак. Эронлик аёллар эри билан осонгина ажраша олмайди, қизлар эса қонунга кўра 13 ёшдан эрга берилиши мумкин.

«Аёл сифатида бу давлат ўзгаришини жуда хоҳлайман. Бизда ғалати маданият шаклланган, айниқса аёллар билан боғлиқ ишларда. Биз бундай тартибга рози эмасмиз. Кўпчилик аёллар кўчага ҳижобсиз чиқаётганини бу инқилобнинг бошланиши сифатида кўряпман. Улар ўз ҳуқуқлари таъминланишига эришмоқчи. Ҳозир инқилоб учун жуда зўр имконият. Буни ўйлар эканман умидларга тўламан ва ҳаммаси яхши томонга ўзгаришига ишонаман», дейди талаба қиз Нафас.

«Менинг атрофимдаги ҳамма озодлик ва чинакам инқилоб орқали мамлакат ўзгаришини истайди. Умид қиламан, бу гал ҳаммаси ўзгача ва менинг миллатим ўзи истаётган озодликка эришади. Биз бунга муносибмиз. Давлатимизни қайтаришни, уни аҳмоқ ва ғалати одамлардан тортиб олишни истаймиз», дейди дизайнер Зулфия.

40 ёшли Бурхон эса «Медуза» мухбирининг қиз бола суҳбатдошлари каби оптимист эмас, унинг фикрича, намойишга етарлича одам чиқмаган: «Одамлар намойишлар мамлакатдаги вазиятни чинакамига ўзгартириши мумкин деб ўйлайди. Аммо муаммо шундаки, кўчага чиқаётганлар мамлакатнинг оз қисми, кўпчилик жим турибди. Тўғри, улар ҳам ҳозирги ҳолатга рози эмасдир, лекин норозилигини ҳам билдирмаяпти», дейди йигит.

Эронда диний ҳукумат икки қисмдан иборат: ислоҳотчилар ва консерваторлар. Бурхоннинг фикрича, ҳукумат тепасига ислоҳотчилар келиши ҳам ҳеч нимани ўзгартирмайди, чунки улар демократияни фақат сўзларда қўллашади. Консерваторлар 1979 йилги ислом инқилобидан буён мамлакат ҳукуматини бошқариб келишади, ислоҳотчилар эса демократик ғояларни тарғиб этаётганини иддао қилади, лекин одамларнинг фикрича, улар барибир қотиб қолган анъаналардан узоқлаша олмаган.

Бошқа суҳбатдошлардан фарқли ўлароқ Бурҳон Iran International телеканалига ҳам ишонмаслигини айтади: «Улар намойишлар вақтида мингдан ортиқ одам ўлгани ҳақида гапирмоқда, лекин бунга далил кўрсатиш керак. Ҳуқуқ фаоллари эса фақат тасдиқланган ўлимларни қайд этиб боришмоқда. Шахсан мен Iran International телеканалига ишонмайман», дейди суҳбатдош.

Эронда намойишлар тингани йўқ, аммо улар ўтган йил кузидаги каби оммавий тус олмаяпти ҳам. Шунга қарамай, машҳур инсонларни қўлга олиш ва қамаш давом этмоқда. Масалан, 11 январ куни Эрон ислом республикаси асосчиларидан бири ва мамлакат собиқ президенти Ҳошими Рафсанжонийнинг қизи Файза Рафсанжоний 5 йил қамоққа ҳукм қилинди. У 1996 йилдан 2000 йилгача Эрон парламенти депутати бўлган ва кўп марта аёллар ҳуқуқини ҳимоя қилиб, орган ходимларининг ҳаракатларини қоралаган. Собиқ президентнинг қизи ҳукуматга қарши ҳаракатда айбланиб ўтган йил сентябр ойида намойишлар вақтида қўлга олинганди.

Бундан ташқари, ҳукумат ваъда қилинганидек ҳижоб ўраш тартибини «кўриб чиқди», аммо Ғарб нашрлари ёзгани каби бу «енгиллатувчи таҳрир» бўлиб чиқмади. 10 январ куни мамлакат бош прокурори Муҳаммад Жаъфар Мунтазарий полициячиларга ҳижоб ўраш тартибини янада жиддий назорат қилишни топширди. Унинг топшириғига кўра, эндиликда суд қарори билан ҳижоб ўраш тартибини бузганлар мамлакатдан чиқариб юборилиши, бошқаларни бу ишга тарғиб қилганлар эса 10 йилгача қамалиши мумкин.

Эрондаги бу намойишлар амалдаги бошқарувга таъсир қилиш-қилмаслиги номаълум. Малайзиядаги Ноттингҳем университети қошидаги сиёсатчилар мактаби доценти Юлия Рокнифарднинг фикрича, ҳозирги ҳолатда янги кучли етакчилар пайдо бўлишигина ниманидир ўзгартириши мумкин. «Эрондаги намойишлар нимага қарши қаратилгани бирмунча аниқ, аммо намойишлар амалдаги ҳукуматни ағдаришдан ташқари нимани талаб қилаётгани унчалик тушунарли эмас», дейди сиёсатчи.

Сиёсатчининг фикрича, намойишчиларда на аниқ режа ва на вакиллар коалицияси ёки етакчи бор. Бир неча мухолиф гуруҳлар бор, лекин улар бир-бири билан ҳам, ҳукумат билан ҳам мулоқот қилишга тайёр эмас.

«Ҳозир Нелсон Мандела даражасидаги етакчи чиқишини кутиш ҳам қанчалик тўғри эканини билмайман, чунки Эронда бундай инсон бўлиш хавфсиз эмас», дейди Рокнифард. Аммо сиёсатчи фикрича, намойишларда битта етакчи бўлмагани ҳам яхши, чунки бундай намойишларни тинчитиш жуда қийин.

Мавзуга оид