Жаҳон | 08:50 / 05.11.2024
11731
3 дақиқада ўқилади

WSJ: Эрон армия иштирокида Исроилга «кучли» ҳужум тайёрламоқда

Эрон нафақат ракеталар ва УУА, балки мунтазам армиядан ҳам фойдаланган ҳолда Исроилга янги, «анча тажовузкор» ҳужум уюштирмоқчи, деб ёзади WSJ манбаларга таяниб.

Фото: AP / IRNA/ Mostafa Qotbi

Эрон Исроилга қарши «кучли ва мураккаб» ҳужумни режалаштирмоқда, бу ҳужумда нафақат ракета ва дронлардан, балки мунтазам армия аскарларидан ҳам фойдаланилади. Бу ҳақда 3 ноябр, душанба куни Эрон ва араб давлатлари расмийларига таяниб, The Wall Street Journal нашри хабар берди.

Нашрнинг эронлик суҳбатдошига кўра, Исроилга янги ҳужум АҚШда 5 ноябрда бўлиб ўтадиган президентлик сайловларидан сўнг, бироқ 2025 йил январида янги президент инаугурацияси олдидан амалга оширилади. Расмийнинг таъкидлашича, Теҳрон Исроилга, жумладан Ироқ ҳудуди орқали ҳам ҳужум қилиши, шунингдек, Исроил ҳарбий объектларига «ўтган сафаргидан ҳам агрессивроқ» зарба бериши мумкин.

Эрон ҳужумда нафақат Ислом инқилоби муҳофизлари корпусини, балки мунтазам армия аскарларини ҳам қўллаш ниятида, бироқ гап ҳудудда қўшинларни тўлиқ жойлаштириш ҳақида эмас, балки ИИМКни қўллаб-қувватлаш ҳақида бормоқда, дея аниқлик киритмоқда WSJ суҳбатдошлари. «Бизнинг ҳарбийларимиз одамларни йўқотди, шунинг учун улар жавоб беришлари керак», деб тушунтирди Эрон манбаси. Эрон расмийларига кўра, октябр ойи охирида исроилликларнинг ҳужуми оқибатида тўрт эронлик аскар ҳалок бўлган.

Германия канцлери Эронни Исроил зарбаларидан сўнг «вазиятни кескинлаштирмасликка» чақирди

Германия канцлери Олаф Шолц Эронни Исроил зарбаларидан сўнг «қарама-қаршиликни кучайтирмасликка» чақирди. X платформасида чоп этилган баёнотда, Шолц Исроил ҳукумати яқинда амалга оширилган ракета ҳужумидан сўнг уларни Эрон ҳарбий объектларига қарши жавоб зарбалари ҳақида хабардор қилганини таъкидлади.

Шолц тинч аҳолига етказилган зарарни минималлаштириш учун чора кўрилганини, бу эса вазият янада кескинлашишининг олдини олишга ёрдам беришини таъкидлади. «Менинг Эронга хабарим аниқ: таранглик давом эта олмайди. Бу тугаши керак. Шундагина Яқин Шарқда тинч ривожланиш имконияти пайдо бўлади», — дейди у.

Шолц, шунингдек, ўт очишни тўхтатиш ва Ғазодаги асирларни озод қилиш зарурлигини таъкидлаб, барча томонларни бунга чақирди. Ливан масаласида у «БМТ 1701-резолюцияси барча томонлар учун йўл-йўриқ бўлиб қолмоқда», деб қўшимча қилди. «Биз «Ҳизбуллоҳ» Литани дарёси ортига чекиниб, тинч ривожланишга имкон беришини кутамиз», — деди у.

Мавзуга оид