Ўзбекистон | 09:24 / 17.02.2023
5396
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон газ-энергетика бозоридаги компаниялар парламент олдида ҳисобдор бўлиши керак – Бобур Бекмуродов

Ўзбекистон парламенти хорижий компанияларни мамлакатдаги газ-энергетика бозорида ишлашга жалб қилиш бўйича қарорлар қабул қилишда иштирок этиши керак, деб ҳисоблайди Қонунчилик палатаси депутати Бобур Бекмуродов. Унинг сўзларига кўра, бу «ҳар қандай эҳтимолий таъсирларнинг олдини олади».

Бобур Бекмуродов / Фото: Kun.uz

Газ ва энергия ишлаб чиқариш бозорида ишлаётган компаниялар парламент олдида ҳисобдор бўлиши керак. Бу ҳақда «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси, Олий Мажлис депутати Бобур Бекмуродов маълум қилди.

«Парламент бу борада масъулият юкини олиши лозим. Газ ва энергия ишлаб чиқариш бозорида ишлаётган компаниялар парламент олдида ҳисобдор бўлиши керак. Конларга хорижий компанияларни жалб қилиш ишларига Парламент ҳам масъул бўлиши — ҳар қандай эҳтимолий таъсирларнинг олдини олади. Буни қонунчилик билан белгилаш зарур», дейди Бобур Бекмуродов. 

У шу кунларда муҳокамада бўлиб турган - гўёки газ конларининг бошқа давлат манфаатларига бериб юборилганлиги борасидаги муҳокамаларга муносабат билдирди.

«Биринчидан, суриштирув манипулятив ва провокацион характерга эга. Ўзбекистон сиёсати мустақил ва миллий манфаатлар асосида олиб борилмоқда. Бу рўй бераётган глобал сиёсий жараёнларга мамлакатимиз ёндашувларида ҳам яққол кўринмоқда. Дунёнинг нуфузли сиёсий лидерлари ҳам мамлакатимизнинг айнан мустақил ички ва ташқи сиёсатини эътироф этмоқда. 

Иккинчидан, газ шартномалари масаласида Президентимиз Мурожаатномада халқ позициясини қатъий билдирди. Газ ишлаб чиқаришга олдин берилган барча лицензиялар қайта кўриб чиқилади, миллий манфаатлар мезонидан ўтказилади. 

Учинчидан, Парламент бу борада масъулият юкини олиши лозим. Газ ва энергия ишлаб чиқариш бозорида ишлаётган компаниялар парламент олдида ҳисобдор бўлиши керак. Конларга хорижий компанияларни жалб қилиш ишларига Парламент ҳам масъул бўлиши — ҳар қандай эҳтимолий таъсирларнинг олдини олади. Буни қонунчилик билан белгилаш зарур. 

Ваниҳоят, жамоатчилик расмий идораларга саволларни қўйиши тўғри, аммо ахборот хуружлари вибрациясига тушмаслиги лозим», дейди «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси. 

Қайд этилишича, Ўзбекистонда бошланган демократик ислоҳотлар, иқтисодиёт модернизацияси курси изчил давом этиши, манипуляцияларга жамият иммунитети шаклланиши объектив заруратдир.

Аввалроқ «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамияти ERIELL ва Enter Engineering компанияларига берилган нефт ва газ соҳасидаги йирик буюртмалар юзасидан изоҳ берганди.

«Озодлик» радиоси эълон қилган суриштирувда бу икки компанияга 5 йил ичида 35 млрд сўм «тутқазилгани» таъкидланган эди. Расмийларга кўра, «бу сумманинг тенг ярми ҳаводаги, таги йўқ маблағ».

Шунингдек, бу лойиҳаларга «бюджетдан бир доллар ҳам кетмагани»маълум қилинди.

Мавзуга оид