«Голиаф шу йилдаёқ қулайди». Зеленский Мюнхен конференциясида чиқиш қилди
Украина президенти Володимир Зеленский хавфсизлик масалаларига бағишланган Мюнхен конференцияси очилишида чиқиш қилди ва ҳозирги уруш ҳамда Қадимги аҳд сюжетлари орасида параллел ўтказди. У Украинани имкон қадар яхшироқ қуроллантиришга чақириб, ғалаба қозонган тақдирда Кремлни тўхтатиб бўлмаслигидан огоҳлантирди.
Зеленскийнинг Мюнхен конференциясини очиб берувчи видеочиқиши «Довуд Днипрода: Украинанинг озодлик учун кураши» сарлавҳаси билан анонс қилинди. Украина президенти Инжилдаги Довуд ва Голиаф ҳақидаги тарихга мурожаат қилди.
«Довуд бўлиш - курашиш демакдир. Ва биз курашамиз. Довуд бўлиш ғалаба учун палаҳмонга эга бўлишни англатади. Бизда ҳали исроиллик Довуднинг палаҳмони йўқ. Аммо мен ишонаманки, бу фақат вақт масаласи», деган президент катта эҳтимол билан Исроилдан ёрдамга ишора қилган ҳолда. Шу кунларда Исроил ташқи ишлар вазири Эли Коэн Киевда Зеленский билан учрашган ҳамда унинг мамлакати Украинага ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини такомиллаштириш учун ёрдам кўрсатишига ваъда қилганди.
«Голиафда имкон йўқ. Аммо, афсуски, унда куч бор... У дунё билан савдолашиб, ўз тажовузи учун вақтдан ютишга ҳаракат қилмоқда... Шунинг учун шошилиш керак. Бизга тезлик керак», дея қўшимча қилди Зеленский. «У албатта қулайди. Шу йилдаёқ! Биз буни қила оламиз. Барчамиз биргаликда - худди Довуд каби», дея якунлаган Украина президенти.
Зеленский яна бир бор Россия Украинада ўз мақсадларига эришиш билан чекланмаслиги ва бутун Европа хавфсизлигига таҳдид солиши ҳақидаги фикрини такрорлаган. «Биз Украина ва Европани озод этишимиз лозим. Россия қуроли бизга қарата ўт очаётган экан, у қўшниларимизни ҳам нишонга олган бўлади. Европа муроса қилиши мумкинми? Йўқ», дея қайд этган у.
«Имиллаш доим хато бўлган»
Зеленский яна бир бор Украинанинг иттифоқчиларини қурол етказиб беришни кечиктирмасликка чақирган.
Яқинда Брюсселда ўтган ва ғарбнинг Украинага ҳарбий ёрдами масаласи муҳокама этилган халқаро конференцияда Киевнинг иттифоқчилари ҳарбий самолётлар етказиб бериш тўғрисида қарор қабул қила олмаганди - бундай ёрдам ҳақида Зеленский бир неча бор сўраганди. Шу билан бирга, улар Украина қуролли кучларини асосий жанговар танкларни, жумладан Германиянинг Leopard танклари билан таъминлаш борасида якуний режани келишиб олишганди.
«Россия дунё билан савдолашиб, ортиқча вақтга эга бўлишга уринмоқда. Афсуски, у яна кўплаб одамларни ўлдириши мумкин. Шунинг учун ҳам биз шошилишимиз даркор. Армиямизни кучайтириш учун бизга келишувларимиз ва етказиб бериш тезлиги, Россия салоҳиятини чеклаш учун қарорлар тезлиги зарур», деган Зеленский ва «сусткашлик доимо хато бўлгани ва ҳозиргача ҳам хато бўлаётгани»ни қўшимча қилган.
«Биз ўз мудофаамизни замонавий танклар билан қандай кучайтириш ҳақида музокара олиб бораётганимизда Кремль Молдовани қандай қилиб бўғиш ҳақида ўйламоқда. Биз Украинага замонавий ҳарбий авиация кераклигига ишонтираётганимизда, Россия Эрон режимини ишонтириб бўлди - ва бунинг натижаси фақат Украина осмонида пайдо бўлган дронлар эмас, балки Кремль [Эронга] қилган тўлов ҳам. Сиз бу пул эканига ишончингиз комилми?» дея савол қўйган Зеленский катта эҳтимол билан Эрон ядро дастурига ишора қилиб - бунинг учун ушбу мамлакат уранни бойитиши талаб этилади.
Конференцияда яна нималар дейилди?
Мюнхендаги конференцияда Зеленскийдан кейин чиқиш қилган Германия канцлери Олаф Шолц Украинани қанча керак бўлса, шунча вақтгача қўллаб-қувватлашни ваъда қилди. У узоқ давом этадиган урушга тайёрланиш кераклигини айтди, аммо бошловчи Кристиан Аманпурнинг бу билан қанча муддатни назарда тутаётгани ҳақидаги саволини очиқ қолдирди.
«Путин у агар урушни қанчалик узоққа чўзса, биз қўллаб-қувватловни тўхтатишимизни тахмин қилиб, адашганини тушуниши керак - бундай бўлмайди», дея ишонтирган Германия канцлери. У шунингдек Украинага ҳамкорларнинг ёрдам ва қурол бериши урушни узайтирмаслиги, балки тинчликни яқинлаштиришини таъкидлаган.
Шолц Германия ўтган йили Украинага ёрдам учун 12 млрд евро ажратгани ва миллиондан ортиқ украин қочқинларини қабул қилганини эслатиб ўтди.
Шолцнинг сўзларини Латвия ташқи ишлар вазири Эдгарс Ринкевичс ҳам қўллаб-қувватлади. «Мен Украина бунга қандай дош бериши борасида оптимистман, аммо уруш тез орада якунланишига анча пессимистик ёндашаман. Қўрқаманки, уруш 2023 йил бўйи давом этади», деган Ринкевичс.
«Айнан шунинг учун биз стратегик бардошлилик режимига ўтиш керак деб ҳисоблаймиз. Биз ўзимизга ёқмаган кўп ишларни қилишимизга тўғри келади: мудофаа саноати қувватларини ошириш ва Украинага келгусида янада замонавий қуроллар етказиб бериш», дея қайд этган Латвия ТИВ раҳбари.
Франция президенти Эммануэл Макрон ўз нутқида иттифоқчиларни Украина қуролли кучлари қарши ҳужум бошлаши учун ушбу мамлакатга ҳарбий ёрдам кўрсатишни кучайтиришга чақирган.
У фақатгина украинларнинг қарши ҳужуми «Украина, унинг ҳукумати ва халқи томонидан белгиланадиган ишончли музокаралар»га имкон беришини қўшимча қилган. Франция президенти сўзларига кўра, ҳозир Россия билан мулоқот қилиш вақти эмас.
Мавзуга оид
21:13 / 12.11.2024
Суджаликлар яна бир бор ўз яқинлари эвакуацияси учун гуманитар йўлак сўради
20:43 / 12.11.2024
НАТО бош котиби Украинадаги можаро «траекториясини» ўзгартиришга чақирди
14:56 / 12.11.2024
Макрон ва Стармер Трамп ғалабасидан кейин ҳам Украинани қўллашда «собит» бўлишга ваъда беришди
12:15 / 12.11.2024