Зеленский: Россиянинг 2023 йилдаги мағлубиятига ишонаман
Украина президенти Володимир Зеленский Мюнхен хавфсизлик конференцияси очилишида нутқ сўзлади. У иттифоқчиларни Киевга ёрдам беришга шошилишга чақирди.
Украина президенти Володимир Зеленский Россиянинг яқин ойларда ўз мамлакатига қарши урушда мағлубиятга учрашига қатъий ишонмоқда. 17 февраль, жума куни очилган Мюнхен хавфсизлик конференцияси иштирокчиларига йўллаган видеомурожаатида Зеленский: «Россия аллақачон ютқазишни бошлаган», деди.
Зеленский Ғарб давлатларига Россия агрессиясига қарши курашда ҳарбий ёрдам кўрсатгани учун миннатдорчилик билдирди: «Бизнинг ғалабамизга муқобил йўқ ва қатъиятимизга муқобил бўлиши керак эмас». Шу билан бирга, у қурол-яроғ етказиб бериш ҳали етарлича тез бўлмаган, деб ҳисоблайди. Энди Путин ўз тажовузкорлиги учун вақт орттиришга ҳаракат қилмоқда. У ҳали ҳам кўп одамларнинг ҳаётини йўқ қилиши мумкин, «шунинг учун бизга тезлик керак», деб тушунтирди Зеленский. Бизнинг ҳаётимиз бунга боғлиқ, деди у.
Мюнхендаги сиёсатчилар ва экспертларнинг учрашуви 19 февраль, якшанбага қадар давом этади. Иштирокчилар диққат марказида - бир йил аввал бошланган Россиянинг Украинага қарши тажовузи. Германия мудофаа вазири Борис Писториус сўзларига кўра, Россиянинг Украинага бостириб кириши муҳокамаси форумда асосий мавзу ҳисобланади. Уруш «шунчаки Европа можароси эмас», унинг оқибатлари қитъадан ташқарида ҳам бор - ғалла таъминоти, энергия нархлари ва инфляцияга таъсир, деди вазир форум чоғида журналистларга.
Германия канцлери Олаф Шольц Мюнхендаги конференция очилишида сўзлаган нутқида Германиянинг мудофаа харажатларини ЯИМнинг икки фоизигача ошириш ниятини тасдиқлади, бироқ бу чегарадан ошиб кетиш эҳтимолига изоҳ бермади. Шу билан бирга, Германия ҳукумати раҳбари иттифоқчиларни Украинага танклар етказиб беришда фаолроқ иштирок этишга чақириб, Берлин бу қарорга моддий-техник таъминот, шунингдек, украиналик аскарларни ўқитиш орқали ҳисса қўшишига ваъда берди. «Мен учун бу Германиядан қандай етакчилик кутиш мумкинлигига мисол», деди Шольц.
«Украиналиклар ўз эркинликларини катта фидойилик ва мутлақо таъсирчан қатъият билан ҳимоя қилмоқдалар. Биз эса уларни фаол ва зарур бўлган вақт давомида қўллаб-қувватлаймиз», деди канцлер.
Бу йил анжуманда дунёнинг турли бурчакларидан 40 дан ортиқ давлат ва ҳукумат раҳбарлари, 90 га яқин вазирлар, шунингдек, юзлаб сиёсатчилар ва экспертлар иштирок этмоқда. Форумда Россия ҳукумати делегацияси бўлмайди, худди 2022 йилдагидек - ўшанда форум Украинага бостириб киришидан бир неча кун олдин ўтказилган. Форумга Россия расмийлари ўрнига россиялик мухолифатчи ва фаоллар, жумладан Михаил Ходорковский, Дмитрий Гудков, Гарри Каспаров ва Юлия Навалная таклиф этилган.
Россияни жорий форумга таклиф қилмаслик қарорини шарҳлар экан, Мюнхен хавфсизлик конференцияси раиси Кристоф Хойсген бу ташкилотчилар учун осон бўлмаганини таъкидлади. «Россия вакилларини можарони музокаралар йўли билан ҳал қилишга умид бўлганида таклиф қилиш мумкин эди. Бироқ, Владимир Путиннинг баёнотлари бу йўналишда ҳаракатга ҳеч қандай жой бермайди», - деди MSC раҳбари.
Мюнхен Хавфсизлик конференцияси 1962 йилда НАТОга аъзо мамлакатларнинг «мудофаа маҳкамалари вакилларининг йиғилиши» сифатида ташкил этилган. Унда 1990-йилларнинг охиридан бошлаб Марказий ва Шарқий Европа давлатларидан сиёсатчилар ва ҳарбий хизматчилар қатнашмоқда. Форумнинг ўзида ҳеч қандай қарор қабул қилинмайди, бироқ икки томонлама учрашувлар анъанавий тарзда ўтказилади.
Мавзуга оид
12:04 / 21.11.2024
Зеленский элчихоналар ёпилиши фонида хотиржамликка чақирди
13:31 / 20.11.2024
Зеленский Олий Радага Украинанинг «матонат режаси»ни тақдим этди
22:05 / 19.11.2024
Энди бизда ATACMS бор, ундан фойдаланамиз — Зеленский
10:52 / 19.11.2024