Жаҳон | 10:43 / 20.02.2023
6573
2 дақиқада ўқилади

Швеция Финландия билан биргаликда НАТОга аъзо бўлишни талаб қилмоқда

Швеция ва Финландиянинг НАТОга алоҳида кириши икки давлат ўртасидаги яқин ҳарбий ҳамкорликни мураккаблаштиради, деб ҳисоблайди Швеция бош вазири Кристерссон.

Фото: AP

Швеция бош вазири Улф Кристерссоннинг таъкидлашича, унинг мамлакати ва Финландиянинг НАТОга аъзо бўлиш таклифлари «стратегик сабабларга кўра» бир вақтда ратификация қилиниши керак. Швеция ҳукумати раҳбарининг сўзлари 19 февраль, якшанба куни Financial Times газетаси томонидан келтирилди.

«Агар биз алоҳида қабул қилинсак, НАТОга аъзо бўлишдан олдин Швеция ва Финландия ўртасидаги яқин ҳарбий ҳамкорлик жуда мураккаб бўлади», - деди Кристерссон. Унинг сўзларига кўра, икки давлат «дунёнинг бир қисмида имкониятларга эга бўлиб, бундан НАТОнинг барча давлатлари, жумладан Туркия ҳам манфаат кўради».

«Биз бу жараённи биргаликда бошладик, биргаликда амалга оширдик ва биргаликда якунлашни хоҳлаймиз. Бизни бир вақтнинг ўзида ратификация қилиш учун жуда яхши сабаблар бор», деди Кристерссон.

Туркиянинг аризани ратификация қилишдан бош тортиши Швецияга, бутун минтақага, НАТОга, шунингдек, икки шимолий давлатнинг «қўшни ерлардаги урушда биргаликда хавфсизликни таъминлаш» қобилиятига салбий таъсир кўрсатади, деб хулоса қилди Швеция бош вазири. Агар Финландия Швецияни кутмасдан Шимолий Атлантика иттифоқига қўшилса, у қандай муносабатда бўлади, деган саволга Кристерссон бундай вазиятни «режалаштирмайди», лекин «ҳар бир давлат ўзи қарор қилиши керак», деб жавоб берди.

Финландия бош вазири Санна Марин ҳамкасбининг фикрига қўшилди, деб ёзади FT. «Швеция ва Финландиянинг бир вақтнинг ўзида аъзо бўлиши НАТО манфаатларига мос келади. Биз бирлашишни афзал кўрамиз ва хоҳлаймиз», деди у Мюнхен хавфсизлик конференциясида.

Мавзуга оид