Ўзбекистон | 18:18 / 21.02.2023
12869
4 дақиқада ўқилади

«Realnaya investitsiya» ишининг янги тафсилотлари маълум бўлди

Фуқароларнинг 3 млн доллар маблағларини фирибгарлик йўли билан ўзлаштиришда гумонланиб қамоққа олинган шахс 9 ой ўтиб озод қилингани маълум бўлганди. Kun.uz мазкур ишнинг янги тафсилотларини аниқлади.

Фото: Ш.Эшниёзовнинг адвокати тақдим этган сурат

«Realnaya investitsiya» МЧЖ директори Шохжаҳон Эшниёзовнинг адвокати Kun.uz билан боғланиб, тармоқларда шов-шув бўлган ишнинг қўшимча тафсилотларини маълум қилди. Маълум қилинишича, «Realnaya investitsiya» МЧЖ таъсисчиси ва директори Шохжаҳон Эшниёзов 2020-2022 йилларда халқаро биржада савдо қилиб беришни сўраган 560 нафар фуқаролар билан оғзаки ва нотариал тартибда қарз шартномаси расмийлаштирган ҳамда жами 19 миллион доллар пул маблағларини савдога киритган. 2022 йил 5 апрель кунига қадар сармоя киритган фуқароларга 16 миллион долларни халқаро биржада савдо қилиб, қайтарган.

Ш.Эшниёзов 2022 йил 5 апрель куни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ўтказган тезкор тадбирда қўлга олинган.

Унга нисбатан тергов ҳаракатлари 2022 йил 20 октябрь куни тамомланиб, иш жиноят ишлари бўйича Миробод тумани судига юборилган.

«Дастлабки тергов органи ҳимоям остидаги Ш.Эшниёзовга Жиноят кодексининг:

  •  168-модда 4-қисми “а” банди (жуда кўп миқдорда фирибгарлик);
  •  179-модда (Сохта тадбиркорлик),
  •  188-1-модда 3-қисми “а” банди (жуда кўп миқдордаги пул маблағларини ва (ёки) бошқа мол-мулкни жалб этишга доир ноқонуний фаолият);
  •  243-модда 1-қисми (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) билан айб эълон қилди.

Суд жараёнида Ш.Эшниёзовга сармоя киритган 42 нафар фуқаролардан 31 нафари даъво ва эътирозлари йўқлигини билдириб давосидан воз кечди. 11 нафар фуқаро халқаро биржада савдо қилиш учун қарз сифатида сармоя киритган пулларига даъво қилди.

Ш.Эшниёзовга жазо тайинлашда – тергов жараёнида хатланган жами 13 миллиард 150 миллион сўмга баҳоланган мол-мулк ва нақд пуллар қарзини тўлиқ қоплашга етарли эканлигини маълум бўлди.

Суд Шохжаҳон Эшниёзовнинг айбловидаги Жиноят кодексининг 188-1-модда 3-қисми “а” банди, 243-модда 1-қисми ҳамда айрим жабрланувчиларнинг эпизодлари бўйича 168-модда тўртинчи қисми “а” бандини ЖПКнинг 83-моддаси 2-қисмига асосан тугатиб, реабилитация қилди.  

Суд ҳукми билан Ш.Эшниёзов ЖКнинг 168-модда 4-қисми “а” банди (жуда кўп миқдорда фирибгарлик) ва 179-модда (Сохта тадбиркорлик)ларида кўрсатилган жиноятларни содир этган деб топилди ва унга узил-кесил 8 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Шу билан Жиноят кодексининг 72-моддаси қўлланилиб, Ш.Эшниёзовга 2 йил синов муддати белгиланди ва у қамоқдан озод этилди.

Офшор ҳудудлардаги ҳисоб рақамидан пул маблағларини ечиб олиш учун маълум бир вақт кераклигини инобатга олиб, суд шундай қарорга келди», - дейилади Ш.Эшниёзовнинг адвокати Дониёр Собиров Kun.uz’га тақдим қилган маълумотда.

Адвокатнинг маълум қилишича, бугунги кунга қадар Ш.Эшниёзов сармоя киритган фуқароларга берилмай қолган пуллардан 1 миллиард сўм тўлаб берган, қолган қарзларини қоплаш чораларини кўрмоқда.

Бундан ташқари, ҳозирда Миробод туман прокуратураси томонидан киритилган протест асосида иш Тошкент шаҳар судида апелляция тартибида кўриб чиқилмоқда.