Жаҳон | 09:08 / 24.02.2023
11238
4 дақиқада ўқилади

Хитой «тинчлик режаси» матнини «уруш» сўзисиз эълон қилди

Хитой Ташқи ишлар вазирлиги эълон қилган «тинчлик режаси» матнида Украинадаги уруш «можаро» деб аталган ва Россиядан санкцияларни бекор қилиш сўралган.

Хитой Ташқи ишлар вазирлиги / Фото: CGTN

Хитой расмийлари ўзларининг «тинчлик ташаббуси» доирасида Россия ва Украина ўртасида ўт очишни тўхтатиш ва тинчлик музокараларини бошлашга чақирди, унинг матни 24 февраль, жума куни Хитой Ташқи ишлар вазирлиги сайтида эълон қилинди.

Хитойнинг «тинчлик режаси» 12 тамойилни ўз ичига олади, у, муаллифларнинг фикрича, Россия Федерациясининг Украинага қарши урушини тугатишга ҳисса қўшиши керак. Бироқ ҳужжатда «уруш» сўзининг ўзи тилга олинмаган – ҳужжатнинг инглизча вариантида муаллифлар «можаро» ва «Украина инқирози» сўзларини ишлатишган.

Бундан ташқари, ҳужжат матнида Украинанинг ўз ҳудудларини Россия томонидан босиб олинишига рози эмаслиги масалалари кўриб чиқилмаган ва Россия Федерациясининг ҳеч қандай хатти-ҳаракатлари танқид қилинмаган – Пекин фақатгина «барча давлатларнинг суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлиги самарали ҳимоя қилиниши керак», деб кўрсатган. Ҳужжатнинг ўзи тезислар тўплами шаклида тақдим этилган ва «Украина инқирозини сиёсий тартибга солиш бўйича Хитойнинг позицияси» деб номланган.

Хитой режасига кўра, «можаро»ни тинч йўл билан ҳал этишга олиб келадиган биринчи тамойил «барча мамлакатлар суверенитетини ҳурмат қилиш» бўлиши керак. Кейинги ўринда «совуқ уруш менталитети»ни рад этиш - ушбу бандда ХХР «мамлакат хавфсизлиги бошқалар ҳисобидан таъминланмаслиги керак» ва «минтақа хавфсизлиги ҳарбий блокларнинг кенгайишини мустаҳкамлаш билан таъминланмаслиги лозим» деб таъкидлайди. Шундан сўнг Хитой ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш ва тинчлик музокараларини қайта бошлаш зарурлигини эслатиб ўтган.

Бундан ташқари, ХХР гуманитар инқирозни бартараф этиш, тинч аҳоли ва ҳарбий асирларни ҳимоя қилиш, шунингдек, атом электр станциялари хавфсизлигини таъминлаш зарурлигини таъкидлайди. «Стратегик хавфларни камайтириш» бандида Пекин ядро қуролидан фойдаланиш таҳдидларига кескин қарши чиққан, бироқ ўз танқидида «кимёвий ва биологик қуроллар» ишлаб чиқилишини эслатиб ўтган – Москва бир неча бор Киевни бундай ҳаракатларда далилсиз айблаган.

Ҳужжат матнида Хитой Қора денгиз дон ташаббусини ва дон экспортини рағбатлантиришни қўллаб-қувватлайди. Кейинги бандда у БМТни Россияга нисбатан «бир томонлама санкциялар»ни бекор қилишга чақириб, уларни «суиистеъмол» деб атади ва «улар фақат янги муаммоларни келтириб чиқариши»га ишонтирган. Пекин маълум мамлакатлар номини айтмаган, лекин улар «қонуннинг узун қўли» иборасини анъанавий равишда АҚШ доктринаси билан боғлиқ бўлган ҳолда фойдаланади. Хитойлик дипломатларнинг фикрича, «ишлаб чиқариш ва таъминот занжири барқарорлигини сақлаш» ҳам урушнинг тугашига ҳисса қўшиши керак.

Ҳужжатнинг охирги банди билан Пекин «можаро зоналари»да «можародан кейинги» тикланишни рағбатлантириш зарурлигига эътибор қаратади, бироқ бунинг учун Россия зиммасига масъулият юкламайди – ҳужжат муаллифлари фақат ушбу йўналишдаги қўллаб-қувватлаш «жаҳон ҳамжамияти» томонидан таъминланиши кераклиги ҳақида ёзган.

Мавзуга оид