19:34 / 26.02.2023
14461

Россияга меҳнат мигрантлари кириб келиши 2022 йилда 33 фоизга ўсган — FinExpertizа

2022 йил якунларига кўра Россияга ишлаш учун келган хорижий давлат фуқаролари 3,47 млн кишини ташкил этган. Бу ўтган йилга нисбатан мигрантлар сони учдан бир қисмга ёки 871 минг кишига ошганини билдиради, деб ёзади FinExpertiza. Унинг маълумотларига кўра, мигрантларнинг 90 фоизи Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистондан кириб келган.

Фото: РИА Новости

Таҳлилчилар буларни ҳисоблашда РФ ФХХ чегара хизмати, ИИВ миграция статистикаси маълумотларидан фойдаланишган.

Тадқиқотга кўра, энг кўп меҳнат мигрантлари Ўзбекистондан кириб келган — ўсиш 35,1 фоиз ёки 377,7 минг киши. Шунингдек, Тожикистон (ўсиш 51,8 фоиз ёки 336,7 минг киши), Қирғизистон (ўсиш 17,7 фоиз ёки 84,6 минг киши), Қозоғистон (ўсиш 118,3 фоиз ёки 62 минг киши), Озарбойжон (ўсиш 21,1 фоиз ёки 16,6 минг киши), Вьетнам (ўсиш 900 фоиздан ошиқ ёки 8 минг киши), Туркия (ўсиш 12,9 фоиз ёки 2 минг киши), Туркманистон (ўсиш 100 баробар ёки 1,6 минг киши) ва Хитой (ўсиш 12,2 фоиз ёки 1,3 минг киши)дан фуқаролар кириб келган.

Россияга келаётган меҳнат мигрантлари сонида пасайиш кузатилаётган давлатлар ҳам бор. Бу борада Арманистон етакчи (камайиш 8,7 фоиз ёки 15,6 минг киши). Шунингдек, Украина (камайиш 52,3 фоиз ёки 8,3 минг киши), Сербия (камайиш 19,8 фоиз ёки 880 киши), Германия (камайиш 19,3 фоиз ёки 752 киши), Франция (камайиш 22,2 фоиз ёки 548 киши), Италия (камайиш 20,8 фоиз ёки 541 киши), АҚШ (камайиш 29,5 фоиз ёки 410 киши), Чехия (камайиш 47,8 фоиз ёки 361 киши), Австрия (камайиш 36,4 фоиз ёки 341 киши), ва Нидерландия (камайиш 37 фоиз ёки 275 киши) каби давлатлардан мигрантлар оқими пасайган.

Йил давомида мигрантларни миграция ҳисобига рўйхатга олиш ва қайта рўйхатга олиш фактлари сони 11,8 миллион мартани ташкил этган. Қайдга олишларнинг 40 фоизи Москва ва Москва областида амалга оширилган. Мигрантлар, шунингдек Санкт-Петербург шаҳри ва Ленинград области, Краснодар ўлкаси, Иркутск области, Свердловск области, Амур области, Приморье ўлкаси, Татаристон, Красноярск ўлкасида кўпроқ қайдга олинган. Мигрантлар учун энг жозибасиз ҳудуд Ненецк автоном округи бўлган: бу ерда бор-йўғи 2 минг марта қайд амалга оширилган.

2022 йилнинг ноябрида Россия ҳукумати Давлат думасига миграцион ҳисобни қайта ташкиллаштириш тўғрисидаги қонун лойиҳасини киритган эди. У ИИВга меҳнат мигрантларининг ҳужжатларини расмийлаштириш ва турар жойига кўра қайдга олиш бўйича “паспорт-виза сервиси” идоравий Федерал давлат унитар корхонаси ҳамда Москвадаги профил МФЦ “миграция” маркази хизматидан фойдаланишни кенгайтиради. Россия ҳукуматидагилар бу мигрантларнинг Россияга ишлаш учун кириб келиш жараёнини легаллаштиришда ёрдам беради, деб ҳисоблашмоқда. Лекин президент ҳузуридаги инсон ҳуқуқлари Кенгаши қонун лойиҳасига кескин танқидий тақриз берган.

Top