22:37 / 03.03.2023
25904

«Россия кўнгиллилар корпуси» — бу Украина бўлинмасими, россиялик партизанларми ёки ФХХ агентлари?

Брянск областининг Украина билан чегарадош қишлоқларидаги «диверсия» ҳақида нималар маълум ва нималар маълум эмас?

Фото: BELGOROD REGION GOVERNOR PRESS OFFICE

Ҳужумни ким амалга оширди?

2 март тонгида Брянск области губернатори Александр Богомаз Любечане қишлоғига проникла «Украинадан диверсия-разведка гуруҳи» кириб келганини хабар қилди. Унинг сўзларига кўра, «диверсантлар» автомобилни ўққа тутишган, маҳаллий аҳоли вакилларидан бирини ўлдирган ва 10 ёшли болани яралаган. Бундан ташқари, Богомаз «Украина қуролли кучларининг яна бир ҳужуми» ҳақида гапирди — Сушани қишлоғида дрон зарбасидан кейин турар жой биноси ёниб кетган. Mash ва Baza манбаларининг тасдиқланмаган маълумотларига кўра, бу қишлоқ ҳудудига ҳам «диверсантлар» бостириб келган — Брянск областига ўтган «диверсия гуруҳлари» таркиби 40 нафардан 50 нафаргачани ташкил этган.

Шу билан бирга Россия пропаганда нашрларидан бирортаси Брянск областига бостириб кирилиши акс этган кадрларни намойиш этмади. Mash нашри тасдиқлашича, «диверсия»дан олдин Украина қуролли кучлари иккита камикадзе дрон орқали чегара пунктларидаги видеокузатув камераларини ишдан чиқарган.

Қурбонлар ҳақида нималар маълум?

Губернатор Богомазнинг сўзларига кўра, «диверсия-разведка гуруҳлари фаолияти оқибатида» тинч аҳоли вакилларидан икки киши ҳалок бўлган.

Любечанеда отишма вақтида жароҳатланган бола Брянск области шифохонасига етказилган, унинг ҳаётига жиддий хавф йўқ. Россия пропагандачилари мактаб автобуси ўққа тутилганини хабар қилишганди, аммо регион ҳукумати бу маълумотни рад этди.

Россия нашрлари шунингдек гуруҳ аъзолари икки қишлоқда ҳам «одамларни гаровга олгани», кейинроқ РФ ҳарбийлари ва «диверсантлар» ўртасида жанг бошлангани ҳақида ёзишганди. Аммо Сушани қишлоғини ўз ичига оладиган Новоропская қишлоқ маъмурияти одамлар гаровга олингани ҳақидаги маълумотни рад этди.

Baza манбаси Сушанида гўёки электр нимстанция ва газ станцияси портлатилгани ҳақида ҳам хабар берган — бу маълумот расмийлар томонидан тасдиқланмаган.

ASTRA манбаларига кўра, Брянск областидаги отишмалар вақтида икки чегарачи яраланган.

***

Кун охирига келиб Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) «душман Украина ҳудудига сиқиб чиқарилгани, уларга ёппасига артиллерия зарбалари берилгани» ҳақида баёнот берди (бунинг тасдиғи келтирилмаган).

Ўз навбатида, Украина президенти офиси маслаҳатчиси Михайло Подоляк Брянск областига «украин диверсия гуруҳи» киргани ҳақидаги хабарларни «классик провокация» деб баҳолади ва «РФда партизанлик ҳаракати кучлироқ ва тажовузкор бўлиб бораётгани»ни таъкидлади. Украина давлат чегара хизмати спикери Ондрий Демченко ҳам Россияга «украинлар диверсияси» амалга оширилгани ҳақидаги хабарни асоссиз деб атади. «Ҳозирда Россия пабликларида Россия ҳудудига украин диверсия-разведка гуруҳи киргани тўғрисида тарқатилаётган хабарлар бўйича қайд этишим мумкинки, Украина — агрессор эмас, бизнинг асосий вазифамиз мудофаа ва босқинчи мамлакатдан ҳимояланишдир», — деган у.

«Диверсия» тўғрисидаги дастлабки хабарлардан кейин интернетда «Любечанский фельдшерско-акушерский пункт» ёзувли табличка ўрнатилган бино фонида икки қуролли шахс тургани акс этган видео тарқалди. Бу видео «Русского добровольческого корпуса» (РДК) номидаги телеграм-каналга жойлаштирилган. Видеодаги эркаклардан бири «тинч аҳоли вакилларига қарши урушмасликлари»ни айтиб, «Россиянинг оддий фуқаролари»ни «исён кўтаришга ва курашиш»га чақиради. Видео муаллифлари кейинроқ батафсил видео эълон қилишни ваъда қилишган.

Телеграм-каналларда ўзларини «Россия кўнгиллилар корпуси» сифатида таништирган яна икки одам видеоси тарқалди — унда қуролланган кишилар қўлларида «корпус» рамзи акс этган байроқни кўтарган ҳолда почта биноси олдида туриб мурожаат қилишган, кадр ортида отишма овозлари эшитилади. Катта эҳтимол билан икки ролик ҳам Любечане қишлоғида, Коммунистическая кўчасида олинган — фельдшерлик-акушерлик пункти ва почта бўлими шу кўчада жойлашган.

«Сирена» ва «Агентство» нашрлари журналистлари видеолардаги жангчилардан бирининг шахсини тасдиқлаган — бу «РДК» командири Денис Капустин, у Денис Никитин ва White Rex лақаблари билан танилган.

Сушандан ҳам видео бор. Уни Кремл таъсиридаги «Военный осведомитель» телеграм-канали эълон қилган. «Медуза» унинг ҳақиқийлигини текширган: ролик Сушан марказий майдонида олинган. Видеода кадр ортидаги овоз сўрайди: «Руслар қаерда?» ва кейин отишма овози эшитилади. Ролик муаллифи кимлиги ва у монтаж қилинмагани аниқ эмас. Шунингдек, «Военный осведомитель» «украин диверсанти» қўлида Сушандаги Маданият уйи табличкасини тутиб тургани айтилган фотосуратни ҳам эълон қилган.

Денис Капустин ким? «Россия кўнгиллилар корпуси» қандай ташкилот?

 

Фото: T.ME/RUSSVOLCORPS

Ҳозирда 38 ёшда бўлган Денис Капустин Москвада туғилган, аммо 2001 йилда унинг оиласи Кёльнга кўчиб кетган. Der Spiegel маълумотига кўра, Капустиннинг оиласи Германияга яҳудий қочқинлар мақомида келган ва бир неча ой ўтиб у доимий яшаш учун рухсатнома олган. «Агентство»нинг қайд этишича, Германияда у қоидасиз жанглар ва футболга қизиқиб қолган — Никитиннинг ўзи айтишича (у шу фамилиядан фойдаланишни афзал кўради), у «кўча боласи, скинҳед бўлган, одамларни калтаклаган». У қайсидир паллада Россияга қайтади ва ЦСКА фанатлари ҳаракати аъзосига айланади. Россияда ММА бўйича турнирлар ташкил этади, бу турнирларда маҳаллий ультрўнг ҳаракатлар вакиллари иштирок этади. У Европада ҳам шу каби турнирлар уюштиради — уларнинг айримларида Германия Миллий-демократик партияси ва Италиядаги неофашистик CasaPound ҳаракати аъзолари қатнашади. Ультраўнг ҳаракатларни ўрганувчи Роберт Клауснинг фикрича, Никитин — «Европада ўнг экстремистлар орасида муҳим фигура» ва «қитъадаги энг хавфли неонацистлардан бири» ҳисобланади.

2008 йилда Никитин White Rex либослар брендини яратади ва бу бренд нацистча рамзлар акс этган буюмлар (масалан, «SS for Sweet n' Sexy» ёзуви, «Қора қуёш» рамзи ёки 14/88 рақамлари акс этган футболкалар) сотувини йўлга қўяди. «Заборона» нашрига кўра, бренд асосчиси «оқ ирқ устунлиги» ғояси тарафдори бўлиб, оқ танли бўлмаганларни «араблар ва турли маймунлар» деб атайди. 2016 йилда Никитин футбол бўйича Европа чемпионати вақтида Марселда россиялик ва англиялик фанатлар ўртасидаги оммавий муштлашув ташкилотчиларидан бири бўлганди.

2017 йилда Никитин Украинага кўчиб ўтади ва бу ерда ҳам ММА бўйича турнирлар ўтказиш билан шуғулланади. Ушбу россиялик «Азов» полки вакиллари билан яқин алоқа ўрнатган — масалан, полк халқаро бўлими котиби Елена Семеняка Никитин унга бошқа мамлакатлардаги ультраўнглар билан алоқаларни йўлга қўйишда ёрдам берган, айрим ҳолатларда халқаро конференцияларда «Азов» номидан қатнашган. 2019 йилда унинг Евроиттифоқ ҳудудига кириши 10 йил муддатга тақиқлаб қўйилади. Der Spiegel нашри ёзишича, украин полициячилари Никитинни гиёҳвандлик моддалар савдосида гумонлаб қўйлга олишган, аммо бу маълумот бошқа манба томонидан тасдиқланмаган — Украинадаги «Заборона» нашри хабарига кўра, бу маълумотлар махфийлаштирилган.

***

2022 йилда Денис Никитин «этник руслар»дан «Россия кўнгиллилар корпуси»ни тузади — бу бўлинма Украина томонида туриб жанг қилиши кўзда тутилганди. Унинг сафларида қанча аъзо борлиги маълум эмас — ташкилотчилар буни ошкор этишмаган. Никитин интервьюларидан бирида «бўлинмадаги руслар россияликларга қарши курашаётгани»ни айтган. «Барча [Украинада] ўз миллий батальонларини ташкил этмоқда. Беларуслар — ўзиникини, грузинлар — ўзиникини, ичкерияликлар — ўзиникини. Хорижий легионда канадаликлар, британлар, америкаликлар биргаликда курашмоқда. Бизни қабул қиладиган гуруҳ йўқ эди», — деганди у.

Никитиннинг сўзларига кўра, 2022 йил августида унинг корпуси Украина қуролли кучлари билан «ҳамкорликда ҳаракатланган», аммо Украина армияси бўлинмаси сифатида тан олинмаган. Россиялик шундай дейди: «Ўзимни кўрсатиш ва расман жанг қилиш имкониятини беришни сўраб Украина президентига мурожаат қилишимга тўғри келди. Президент рухсат берди ва бир кун ичида ҳаммаси изига тушди». 2022 йил октябрида корпус ўз манифестини эълон қилади, унда ташкилот «Украина қуролли кучлари таркибида экани» маълум қилинган. Шу билан бирга, «Россия кўнгиллилар корпуси»нинг Украина армияси ёки ҳукумат билан алоқаси тўғрисида расмий тасдиқ йўқ. Никитин шунингдек «турлича мафкуравий база»ларга эгалиги туфайли россияликларнинг Украина армиясига алоқадор бўлган бошқа бўлинмаси - «Свобода России» билан ҳамкорлик қилмаслигини таъкидлаган.

Любечанеда олинган видеолардан бирида айнан Капустин россияликларни «исён кўтариш ва жанг қилиш»га чақиради. «Важные истории» нашри «Россия кўнгиллилар корпуси» аъзоларидан бири билан гаплашган, анонимлик шарти билан гапирган бу шахс Россия ҳудудида бўлганини тасдиқлаган. «Мен у ердан ҳозиргина келдим. Биз бу вазифани бажаришда 45 киши эдик. Ичкарига кириб, суратга туширдик ва иккита БМПга пистирмага қўйдик. Мен жабрланган болаларни кўрмадим. Лекин жароҳатланганлардан бири чегарачи эди. Ҳеч ким гаровга олинмади», деган у. 

Бу Кремлнинг провокацияси эмасми? Корпус Россия махсус хизматларига алоқадор бўлиши мумкинми?

Буни аниқ айтиб бўлмайди. 2019 йилда Германия разведкасининг юқори мартабали мулозими Der Spiegel нашрига Капустин Россия ҳукуматига яқин бўлиши мумкинлигини айтганди. Аммо бошқа экспертлар нашрга у Россия махсус хизматлари билан алоқадор бўлиши даргумонлиги, у сўнгги йилларда кўп вақтни Украина ҳудудида ўтказганини айтишган.

Ҳодиса ҳақидаги дастлабки хабарлардан кейин бир неча нашрлар, жумладан «Верстка» ва «Маяк» радиоси, шунингдек Давлат думаси депутати Андрей Гурулев Владимир Путин раҳбарлигида РФ Хавфсизлик кенгашининг «фавқулодда» йиғилиши ўтказилиши ҳақида хабар тарқатди. Агар бундай йиғилиш чиндан ўтказилганида ва унинг ортидан «диверсияга тезкор жавоб қайтарилганида», буни Кремл рейд ҳақида олдиндан хабардор бўлган деб талқин этиш мумкин эди. Аммо президент матбуот котиби Дмитрий Песков Хавфсизлик кенгаши йиғилиши олдиндан режалаштирилганидек 3 март куни ўтказилишини айтди. Шу билан бирга, «Верстка»нинг Федерация кенгашидаги аноним манбаси Путин барибир «вазият бўйича бирламчи ечимларни ишлаб чиқиш» учун Хавфсизлик кенгашининг алоҳида аъзолари билан йиғилиш ўтказганини айтган.

Россия президенти Брянск областидаги ҳодисани «теракт» деб атади ва «диверсантлар» «бу фуқаролик машинаси эканини ва унда болалар ўтирганини кўришгани», аммо барибир унга қарата ўт очганини айтган.

Ўз навбатида, Украина Бош разведка бошқармаси вакили Андрей Юсов чегарадаги тўқнашувни «Россия трансформацияси давоми» деб атади:

«Бугун Россия кўнгиллилар корпусининг очиқ баёноти бор. Булар Путиннинг режими ва уни қўллаб-қувватловчиларга қарши қўлда қурол кўтарган ҳолда курашаётган одамлардир. Эҳтимол, россияликлар уйғона бошлаган, ниманидир англаётган ва қандайдир муайян чоралар кўраётгандир».

Бу Россия ҳудудига илк шундай ҳужумми?

Афтидан, бу ҳеч бўлмаганда биринчи уриниш эмас. 2022 йил декабрида ФХХ Брянск областида «диверсия-террорчилик акти» содир этишга уриниш бўлганини маълум қилганди. 26 декабр куни идора чегарада гўёки «диверсия гуруҳи» таркибида бўлган ва «терактлар» режалаштирган тўрт нафар украин ўлдирилгани ҳақида эълон қилди. ФХХ шунингдек қонга беланган жасадлар акс этган видеони намойиш этган — булар Украина қуролли кучларига расман алоқадор бўлмаган «Братство» кўнгиллилар батальони жангчилари экани айтилганди.

The Insider нашри қайд этишича, журналистлар видеодда кўплаб ғалатилик ва номувофиқликларни пайқашган — масалан, ўлдирилган «диверсантлар»дан бирининг оёқ кийими мутлақо тоза бўлган, ҳолбуки чегарани кесиб ўтиш учун йўлсиз ҳудудда кўплаб километр масофани босиб ўтиш талаб этилади. Бундан ташқари, «Братство» батальони бунгача фронт ичкарисидаги операцияларда иштирок этадиган бўлинма сифатида маълум эмасди.

Бундан кўп вақт ўтмай, 2023 йил февралида, Брянск области раҳбарияти Украина билан чегарада «мудофаа линияси таянч пунктлари» ташкил этилгани ҳақида ҳисобот берди — тасвирларга кўра, у турли фортификацион иншоотлар ҳамда танкка қарши тўсиқлардан иборат эди. Линияни губернатор Александр Богомаз «Единая Россия» партияси кенгаши котиби Андрей Турчак билан биргаликда текшириб чиқди.

«Брянск области тажрибасини, ҳеч мублоағасиз илғор деб аташ мумкин. Жуда қисқа муддатларда чегара мустаҳкамланди − сичқон ҳам сакраб ўтолмайди. Ҳар бир взводда − дала ошхонаси ва ҳаммом бор. Йигитлар мамнун, губернатордан миннатдор», — деганди ўшанда Турчак.

РФ чегарасини қўриқлаш билан боғлиқ ишлар ҳолати қай аҳволда?

У қадар яхши бўлмаслиги мумкин. 2004 йил июлида чегара хизмати давлат чегарасини чизиқли қўриқлаш принципидан регионал-объектов принципига ўтганди: чегаранинг бутун узунлиги бўйлаб қўриқлаш постлари тугатилганди. 2005 йилда Давлат думаси қарори билан чегара қўшинлари ҳам тугатилади. Бунинг ўрнига чегара органлари тузилади, ҳарбий бўлинмалар таркиби жиддий даражада қисқартирилади.

Брянск областига бостириб киришдан мақсад чегара хизмати ва РФ қуролли кучлари айни вақтда давлат чегарасини ишончли қўриқлай олмаётганини кўрсатиб қўйиш бўлган бўлиши мумкин. «Диверсия»дан кейин Россия қўмондонлиги бу мақсад учун қўшимча бўлинмалар ажратиши мумкин ва бу эса фронтнинг бошқа участкалари заифлашиши ҳисобига бўлади.

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top