Россиянинг “Яндекс” компаниясига қарашли “Яндекс. Такси” хизмати 2018 йилда Ўзбекистонга кириб келганидан бери тез оммалашди. Аввал Тошкентда, кейин мамлакатнинг бошқа шаҳарларида ҳам хизмат кўрсатишни йўлга қўйди.

2021 йилдан у Тошкент шаҳри ҳудудида тўлов учун банк карталарини қабул қилишни бошлади. Лекин бу орада ҳайдовчилар нақдсиз тўлов асосида буюртмаларни қабул қилишни рад этиши каби ҳолатлар кузатила бошлади.

Такси буюртма қилган мижоз “Yandex Go” иловаси орқали йўлкира нақд ёки нақдсиз шаклда бўлишини танлай олади. Ҳайдовчи мижозни олишга етиб келгач, буюртмани нақдсиздан (картадан) нақдга ўзгартиришнинг имконияти йўқ. Шунинг учун ҳайдовчилар кўпинча мижозга телефон қилиб, буюртмани нақд пулга ўтказиш ёки бекор қилишни сўрайди.

Ҳайдовчилар буюртма нақдсиз шаклда эканини кўргач, ҳеч қандай огоҳлантиришсиз, мижозни манзилдан олмасдан кетиб қолган ҳолатлар кўп бўлган. Шунда мижоз буюртмани бекор қилишга мажбур бўлади, лекин “Yandex Go” хизмати такси етиб келгач, буюртмани бекор қилгани ёки такси бироз масофани босиб ўтгани учун мижоздан 3000-4000 сўм атрофида пул ечиб олади. Агар бу ҳақда қўллаб-қувватлаш хизматига маълум қилинса, пул ечиб олиш бекор қилинади.

Баъзан ҳайдовчилар нақд бўлмаган тўловларни ечиб олиш вақт талаб қилишидан шикоят қилади.

Айрим ҳайдовчилар Kun.uz билан суҳбатда нақдсиз тўловлар “Яндекс. Такси” комиссиясини қоплаб боришини, шу туфайли бу жуда қулайлигини айтади. Комиссия миқдори ҳар бир буюртма учун ҳисобланган йўл ҳақининг 5 фоизидан 13 фоизигача. Бироқ баъзан ҳайдовчилар ҳисобида керагидан ортиқ пул тўпланиб қолади, ортиқча маблағни олишга зарурат туғилади.

Эътирозлар ва саволлар

Шу кунларда бу масала ижтимоий тармоқларда баҳсларга сабаб бўлмоқда. Блогер Шаҳноза Соатова Twitter'даги саҳифасида “Яндекс. Такси” ҳайдовчиси билан картадан тўлов борасида муаммо юзага келгани ҳақида ёзди. Ҳайдовчи ундан нақдсиз тўлов асосидаги буюртмани бекор қилишни cўраган.